Жаҳон | 17:55 / 02.02.2025
2136
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқида сунъий интеллектдан фойдаланиш қоидалари кучга кирди

ЕИнинг сунъий интеллект тўғрисидаги қонуни — СИдан фойдаланиш бўйича дунёдаги биринчи халқаро қонунчилик акти ҳисобланади. 2 февралдан бошлаб қатъий қоидалар кучга кирмоқда.

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқида сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланиш бўйича янги қоидалар кучга кирди. Унга кўра, 2 февралдан бошлаб хавфсизлик, инсон соғлиғи ёки ҳуқуқлари «таҳдид» туғдирадиган сунъий интеллект тизимлари тақиқланади.

Хусусан, Европа Иттифоқида инсоннинг ижтимоий хулқ-атворини назорат қиладиган СИ дастурлардан фойдаланиш тақиқланади. «Ижтимоий рейтинг» номли бу каби усулдан масалан, Хитой фойдаланиб келади. ЕИда шунингдек, иш жойлари ёки таълим муассасаларида фуқароларнинг ҳиссиётларини кузатишга ҳам йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, СИни яратадиган ёки ундан фойдаланадиган компаниялар ўз тизимларининг таҳдид даражасини баҳолашлари ва қонунчилик талабларига мувофиқ чора кўришлари керак бўлади.

Еврокомиссия баёнотига кўра, янги қоидаларнинг мақсади — фақат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эмас, балки СИдан фойдаланиш режимини таъминлашдан ҳам иборат.

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европа марказий банки президенти Кристин Лагард ўз блогларидан Европанинг рақобатбардошлиги хавф остида эканини тан олган. «Дунёда сунъий интеллект соҳасида инқилоб юз бераётган бир пайтда ЕИнинг четда қолиб кетиш хавфи бор», — деб ёзади улар.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш сунъий интеллект ривожланиши билан боғлиқ хатарлардан огоҳлантирган эди. Унинг айтишича, сунъий интеллект имкониятлари жуда нотекис тақсимланган. Кўплаб мамлакатлар СИ инструментларидан фойдаланишда жиддий муаммоларга дуч келмоқда.

Мавзуга оид