Politico: ЕИ Венгриянинг эътирози сабаб Украинага 20 млрд евролик ҳарбий ёрдам пакети ажратишни тўхтатиб қўйди
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен «Европани қайта қуроллантириш» режасини тақдим этди — унинг доирасида мудофаага 800 млрд евро ажратилади. Аммо режадан Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратиш банди олиб ташланди.

Фото: AP
Европа Иттифоқи Венгриянинг эътирози сабаб Украинага 20 миллиард евролик янги ҳарбий ёрдам пакети ажратиш устидаги ишни тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда ЕИ кенгаши ҳужжати лойиҳасига таяниб Politico хабар берди. Ушбу пакет тайёрланаётгани ҳақида 21 феврал куни Politico ва Bloombergʼнинг дипломатик манбалари хабар берганди. Унинг ичидан артиллерия снарядлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракеталар ўрин олиши керак эди.
4 март куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен «Европани қайта қуроллантириш» режасини тақдим этди — унинг доирасида Европа давлатлари мудофааси учун яқин йилларда қўшимча 800 миллиард ажратилади. Мазкур маблағларнинг 650 миллиард евроси тўрт йил давомида мудофаа харажатларини ЯИМнинг 1,5 фоизига ошириш ҳисобига қопланади. 150 миллиард эса Европа давлатларига заёмлар кўринишида тақдим этилади.
Нашрнинг аниқлашича, фон дер Ляйеннинг режасида Украинага 20 миллиард евролик қуролларни етказиб бериш бўйича банд ҳам бўлиши керак эди, аммо Будапешт бунга кескин қаршилик билдирган. Венгрия ЕИ давлатлари элчилари учрашувида ушбу бандга вето қўйган. Бу Оқ уйда Володимир Зеленский, Доналд Трамп ва Жей Ди Вэнс иштирокида юз берган тортишувдан кейин содир бўлган.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан ЕИ давлатлари етакчилари орасида нисбатан «россияпараст» ҳисобланади. Уруш вақтида у Москвага бориб, РФ президенти Владимир Путин билан мулоқот қилган. 1 март куни у Евроиттифоқни Россия билан тўғридан тўғри музокараларни бошлашга чақирганди.
Феврал охирларида Венгрия ЕИдан саккиз нафар россияликни «қора рўйхат»дан чиқаришни талаб қилди — акс ҳолда мамлакат санкцияларнинг узайтирилишига қарши чиқишини билдирган. «Система» лойиҳаси маълумотларига кўра, Будапешт бизнесменлар Алишер Усмонов, Михаил Фридман ва Пётр Авенни санкциялардан чиқаришни талаб қилган.
Мавзуга оид

20:07 / 05.03.2025
Европарламентда Венгрияни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва ЕИ армиясини тузиш таклиф қилинди

12:21 / 27.02.2025
Доналд Трамп ЕИ товарларига 25 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилди

02:30 / 26.02.2025
Европага АҚШ ёрдамисиз ўзини ҳимоя қилиши учун йилига 250 млрд евро ва 300 минг аскар керак бўлади

23:20 / 25.02.2025