Жаҳон | 16:27 / 31.01.2025
5494
2 дақиқада ўқилади

Трамп ягона валюта яратмоқчи бўлаётган BRICS мамлакатларига таҳдид қилди

АҚШ раҳбари бунга уринаётган давлатларни 100 фоизлик божлар билан огоҳлантирди.

Фото: AFP

АҚШ президенти Доналд Трамп BRICS давлатларига янги валюта яратиш ва доллардан воз кечишга уринишлари учун 100 фоизлик бож билан таҳдид қилди.

Трампнинг айтишича, Америка «душман давлатлардан» янги валюта яратмаслик ёки «қудратли АҚШ доллари» ўрнини босувчи бошқа валютани қўллаб-қувватламаслик мажбуриятини талаб қилади. «Ёки улар 100 фоизлик тарифларга дуч келади ва АҚШ буюк иқтисодиётига маҳсулот сотиш имконияти билан хайрлашади», деб ёзди Трамп Truth Social саҳифасида.

Унинг қўшимча қилишича, BRICS давлатларида «халқаро савдода ёки бошқа жойда АҚШ долларини алмаштириши учун ҳеч қандай имконият йўқ» ва бунга ҳаракат қилган ҳар қандай давлат «божларни олқишлаб, Америка билан хайрлашиши» керак.

BRICS (Brazil, Russia, India, China, South Africa давлатлари номининг бош ҳарфларидан тузилган қисқартма) 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан ташкил этилган бўлиб, кейинчалик унга Жанубий Африка қўшилган. 2024 йил 2 январ куни унга Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия қабул қилинди.

2023 йилда Йоҳаннесбургда бўлиб ўтган BRICS саммитида ягона валюта яратиш масаласи муҳокама қилинди. Муҳокама иштирокчилари ушбу валютанинг мақсадини савдо ва лойиҳаларни молиялаштиришни соддалаштириш, шунингдек, халқаро ҳисоб-китобларда доллар ва еврога қарамликни камайтириш деб атаган.

Трамп 2024 йил ноябрида ҳам BRICS ягона валютасини яратишга уринишларга бож тарифлари билан таҳдид қилган эди. «Улар бошқа аҳмоқни топиши мумкин. BRICS валютасининг халқаро савдода АҚШ доллари ўрнини эгаллашига ҳеч қандай имконият йўқ», деди Трамп.

Мавзуга оид