Дарахтни тепса қиз ёғилмайди. Ўзбекистонда қиз фарзанд туғилиши камайиб боряпти
Ўзбекистонда 2000 йилдан бери ҳар йили қизларга нисбатан ўғил бола кўп туғилади. Ўтган 24 йил давомида бу тафовут йиғилиб, 624 мингдан ошган. Бунинг натижасида йигитларнинг оила қуриш ёши катталашиб, қизларнинг турмуш қуриш ёши кичиклашиб боряпти. Ўзбек халқининг “қўчқордек ўғил кўрсин” қабилидаги менталитети кейинчалик жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Муттасил равишда қиз болаларнинг кутилгандан камроқ туғилиши фанда “Йўқолаётган аёллар” ҳодисаси номини олган. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2000 йилдан бери ҳар йили қизларга нисбатан ўғил бола кўп туғилиб келяпти. Ўтган 24 йил давомида бу тафовут йиғилиб, 624 минг 525 нафарни ташкил қилган. Гарчи, бу бошқа мамалакатлар билан таққосланганда, жуда ҳам ёмон кўрсаткич бўлмаса-да, Хитой ва Ҳиндистон қилган хатоларни такрорламаслик керак.

Биринчи навбатда бу дисбаланс оила қуриш ёшида бўлганлар учун ортиқча босим яратади. Оддий қилиб айтганда, ҳамма уйланиш ёшидаги йигитларга қиз етмай қолишни бошлайди. Бу эса эркаклар орасида уйланиш ёшининг кечикишига, қизлар орасида эрта турмушга чиқишнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Аниқ рақамларга юзланадиган бўлсак, 2012 йилда биринчи марта никоҳланган аёлларнинг ўртача ёши 22,4 бўлган бўлса, 2023 йилда 21,9 ёшга тушган. Эркакларда эса 25,7 ёшдан 26,3 ёшга кўтарилган. Ваҳоланки, айнан 2023 йилда аёллар учун никоҳ ёши 17 ёшдан 18 ёшга оширилган эди. Ўзи одатда аҳолининг таълим ва турмуш даражаси яхшиланиши турмуш қуриш ёшининг умумий ошишига олиб келади. Бироқ бизда турмуш даражаси ўтган ўн йилликда яхшиланганига қарамай икки жинс вакиллари орасидаги турмуш қуриш ёши қарама-қарши тарафга силжиган. Эътиборлиси, 22 ёш олий таълимни битириш ёшига тўғри келади.
Тузилган никоҳлар сони ҳам сезиларли даражада камайиб боряпти. Масалан, 2012 йилда 299 мингта оила қурилган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилда 271 мингтагача қисқарган. Бу эса ўз навбатида ҳаммага маълум бўлган талаб ва таклиф қонунига кўра, ўзбекистонлик қизларга кенгроқ танлов имкониятини тақдим этади. Агар бу жараёнга бозор сифатида қарайдиган бўлсак, бозорда вужудга келган дефицитни ташқаридан қоплаш бошланиши мумкин. Чунончи, ўзбеклар учун асосий меҳнат миграцияси йўналиши бўлган Россияда ҳар 100 нафар аёлга 86,7 нафар, Қозоғистонда 92,6 нафар эркак тўғри келади. Аксар Европа мамлакатлари, Жанубий Корея ва Японияда ҳам гендер нисбатида аёллар озчиликни ташкил қилади. Бизга маданият жиҳатдан яқин бўлган Туркманистон ва Қирғизистонда ҳам гендер баланси эркаклар фойдасига эканини кўриш мумкин. Юқорида санаб ўтилган мамлакат ва минтақалар потенциал "келин экспортчилари" сифатида қаралиши мумкин. 2022 йилда очиқланган маълумотларга кўра Ўзбекистонга энг кўп Россия, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари келин бўлишган.

Хулқ-атвор иқтисодиёти (behavioral economics)га кўра, оила қурмаган эркакларнинг жорий харажатларига кўпроқ пул сарфлашлари иқтисодиётни жонлантиради. Шунга қарамай, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тарихан ёлғиз эркаклар кўп бўлган мамлакатларда ижтимоий норозилик кайфиятининг ортиши, жиноятларнинг кўпайиши ва юқори стресс ҳолатлари кузатилган. Бундан ташқари, агар туғилишдаги фарқ ошиб борадиган бўлса, бу жинсий зўравонлик кучайиши каби салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин.
Айнан Хитойда "Бир оилага бир фарзанд" сиёсати кўпчилик оилаларнинг ўғил фарзанд танлашига олиб келди. Ҳомила вақтидаёқ қизлар аборт қилинди. Бу ва бошқа сабаблар "Йўқолаётган аёллар" ҳодисасини юзага келтирди. Мутахассисларнинг тахминича, 2025 йилга келиб Хитойда 30 ёшдан ошган эркакларнинг 25 фоизи бўйдоқлигича қолади. Шунингдек, бу тенденция Хитойда жинсий мақсадлардаги одам савдоси, проституция, юқумли ва одам ҳаёти учун хавфли касалликларнинг ортишига, туғилишлар сонининг камайишига олиб келган.
Ҳиндистон ҳам бу муаммо билан тизимли курашиб келмоқда. Мамлакат ҳукумати 2015 йилда қиз фарзандларни ижтимоий қўллаб-қувватловчи "Beti Bachao, Beti Padhao"(Қизларни асранг, қизларга таълим беринг) лойиҳасини йўлга қўйган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўзбек халқининг “қўчқордек ўғил кўрсин” қабилидаги менталитети кейинчалик жиддий муммоларга йўл очиши мумкин. Шу жиҳатдан ҳукумат даражасида қизларга ёрдам кўрсатадиган дастурларни кенгайтириш керак.
Камронбек Солибоев
Мавзуга оид

14:10 / 09.03.2025
“Касбингизни севсангиз, қийинчиликлари билинмайди” – кранчи, терговчи, поезд ва автобус ҳайдовчи аёллар ҳикояси

17:43 / 03.03.2025
«Аёлга эҳтиром» ҳафталиги ўтказилади

17:01 / 03.03.2025
“Ўлиб қутулаётган” аёллар: жазодан қўрқмаётган зўравонлар ва хориж тажрибаси асосида уларни эрта аниқлаш ечими

22:30 / 01.03.2025