Жаҳон | 10:31 / 30.01.2025
2847
3 дақиқада ўқилади

Украина Олег Дерипасканинг 48 млн еврога тенг активларини хатловга олди

Украина суди Миколайивда сақланаётган 500 минг тонна боксит ва алюминий оксидини мусодара қилди. Дерипаска томонидан бошқариладиган Швейцария компанияси Россия Федерациясидаги унга тегишли корхоналарга хомашё етказиб бериш билан шуғулланган.

Фото: Владислав Шатило / РБК

Киевнинг Шевченко суди россиялик олигарх Олег Дерипасканинг Украинадаги 2,11 миллиард гривна (тахминан 48,4 миллион евро эквиваленти) қийматидаги «янги активлари»ни хатловга олди. Суд Украина бош прокурорининг Швейцария компаниясига тегишли боксит ва металлургия алюминий оксидини мусодара қилиш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди, деб хабар қилди Бош прокуратура 29 январ, чоршанба куни.

«Тергов шуни аниқладики, Швейцария компаниясининг якуний эгаси санкциялар остидаги Россия фуқароси бўлиб, дунёдаги энг йирик алюминий ишлаб чиқарувчи корхонага эгалик қилади», — дейилади хабарда. Ушбу корхона «Россия ҳарбий-саноат комплексининг эҳтиёжларини қондиришда, ҳарбий ракета тизимлари ва бошқа қуролларни ишлаб чиқариш учун ўз маҳсулотларини етказиб беришда давом этмоқда».

The Insider: РФ олигархлари санкциялар остида ҳам ЕИда пул ишлашяпти

ЕИ санкцияларидаги бўшлиқ туфайли мамлакат президенти Владимир Путинга яқин ҳисобланган Россия Федерацияси миллиардерлари ЕИ билан савдодан пул ишлашда давом этмоқда. 22 декабр куни чоп этилган The Insider интернет-нашрининг суриштируви муаллифлари шундай хулосага келди.

«Акциядорлари Владимир Путинга шахсан яқин ҳисобланган миллиардерлар бўлган компаниялар ўз маҳсулотларини Ғарбга ҳеч нарса бўлмагандек экспорт қилишда давом этмоқда, - деб ёзади нашр. - Санкцияларга дучор бўлган тадбиркорларда акцияларнинг 50 фоиздан кам бўлиши натижасида Европа билан савдодан миллиардлаб доллар фойда олиняпти».

Олег Дерипаска қандай қилиб санкцияларни четлаб ўтди

Журналистларнинг сўзларига кўра, Дерипаска Европа Иттифоқи унга қарши санкциялар киритганидан сўнг En+ ва шунга мос равишда «Русал»даги улушини 50 фоиздан пастга туширган. Бу автоматик равишда корхоналарнинг ўзини санкциялардан олиб ташлади. «Бугун Дерипаска En+'нинг 35 фоизини назорат қилади. En+, ўз навбатида, йирик алюминий ишлаб чиқарувчи «Русал»нинг деярли 57 фоиз акцияларига эгалик қилади», деб тушунтирилади суриштирувда.

Муаллифларнинг аниқлашича, 2024 йилнинг биринчи ярмида «Русал» Европа мамлакатларида 1,3 миллиард доллар ишлаб топган. Уларнинг кўрсатишича, компания Швецияда (Kubikenborg Aluminium AB), Ирландияда (Aughinish Alumina), Германияда (Aluminium Rheinfelden) ва Италияда (Eurallumina) ишлаб чиқаришга эга.

Уруш пайтида, 2022 йилдан 2024 йилгача Дерипасканинг бойлиги бир ярим баравардан кўпроққа ошди, деб ёзади The Insider. Forbes маълумотларига кўра, унинг умумий активлари ҳозирда 2,8 миллиард долларга баҳоланган.

Мавзуга оид