Журналистлар тинчлик музокаралари бошланиш вақти ҳақида хабар беришди
«Страна.ua» урушни 100 кун ичида якунлаш режасини эълон қилди — унда Пасха кунларида ўт очишни тўхтатиш, Украина қуролли кучларини Курск областидан олиб чиқиш ҳамда 9 майгача тинчлик декларацияси тузилиши кўрсатилган. Украина президенти офиси эса материални «россияликлар тарқатадиган сафсата» деб атади.

Piotr Sobik / Anadolu / Getty Images
Украинанинг «Страна.ua» нашри АҚШ президенти Доналд Трамп жамоаси томонидан урушни 100 кун ичида якунлаш бўйича тузилган режани эълон қилди, нашрнинг ёзишича, у сўнгги кунларда «Украинадаги сиёсий ва дипломатик доираларда фаол муҳокама қилинмоқда».
Сулҳ тузиш графиги
«Страна.ua» америкаликлар бу режани европалик дипломатларга бергани, улардан эса ҳужжат Украинага келгани ҳақида хабар қилган, аммо у таҳририят ихтиёрига қандай келиб қолганига аниқлик киритилмаган. Бу режа ҳақиқийлиги тасдиқланмаган. Нашр фақат ундаги бандларнинг бир қисми Трампнинг ва унинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлогнинг баёнотларига мос келишини таъкидлайди.
«Страна.ua» маълумотига кўра, режа Трамп январ-феврал ойларида Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиши, кейин эса Киев билан келгуси ҳаракатларни муҳокама қилишини назарда тутади. Кейинги босқичда Володимир Зеленский Путин билан музокаралар ўтказишни тақиқловчи фармонини бекор қилиши керак бўлади. Кейин эса февралда ёки март ойининг биринчи ярмида Трампнинг Зеленский ва Путин билан учрашуви бўлиб ўтади — нашрнинг қайд этишича, бу иккитомонлама ёки учтомонлама бўлиши алоҳида ҳал қилинади. Бу учрашувда тинчлик режасининг асосий параметрлари тасдиқланиши керак.
Музокаралар ва ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган вақт мобайнида Трамп Украинага ҳарбий ёрдам юборишни блокламайди.
Кейинги босқичда Пасха байрамида фронт чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилиш таклиф этилган, бу йили байрам 20 апрел куни нишонланади. Украина эса қўшинларини Курск областидан олиб чиқиши керак бўлади. Апрел ойи охирида Халқаро тинчлик конференцияси ўтказилиб, унда АҚШ, Хитой, Европа ҳамда глобал Жануб мамлакатлари воситачилигида Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик келишуви расмийлаштирилиши мумкин. Кейин эса Украина ва Россия «барчани барчага» форматида асирлар алмашуви амалга оширади.
Урушни якунлаш тўғрисидаги тинчлик конференцияси декларацияси 9 майга қадар тайёр бўлиши керак, шундан кейин Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик муддатини узайтирмаслик таклиф этилади. Режанинг сўнгги босқичини нашр август ойида президентлик сайловлари, октябр ойи охирида парламент сайловлари ўтказиш деб атаган.
Келишув шартлари
«Страна.ua» Украина ва Россияга келишув доирасида таклиф этиладиган шартларни келтирган.
Украина НАТО аъзолигидан воз кечиши керак (ва бу қарор алянс саммитида тасдиқланиши керак бўлади), аммо 2030 йилга қадар Евроиттифоқ аъзоси бўлади. Европа иттифоқи мамлакатни тиклаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шу билан бирга, Украина армияси сони қисқартирилмайди, АҚШ эса Украина қуролли кучларини такомиллаштиришда қўллаб-қувватловни давом эттиради. Бундан ташқари, Украина ишғол этилган ҳудудларини қайтариш учун ҳарбий ёки дипломатик уринишларидан воз кечади, аммо бу ҳудудлар устидан Россия суверенитетини тан олмайди.
Ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин Европа тинчликпарвар кучлари контингентини жойлаштириш ҳақидаги банд алоҳида кўриб чиқилади, шундай кафолатни Киев талаб қилмоқда, аммо Москва бунга қатъиян қарши.
Келишувнинг яна бир банди сайловлар бўйича — унга «рус тилини ҳимоя қилиш ва Россия билан тинч-тотув яшашни тарғиб этувчи» партиялар ҳам қўйилиши керак. Шунингдек, Украин православ черкови ва рус тилига қарши барча ҳаракатлар тўхтатилиши лозим.
Шу билан бирга, тинчлик келишувидан кейин Россиядан санкциялар ечилади, деб ёзади «Страна.ua». Чекловларнинг бир қисми дарҳол, қолгани — уч йил мобайнида келишув параметрларига амал қилинишига қараб бекор қилинади. Жумладан, Россия энергияташувчиларининг Евроиттифоққа импортига қўйилган барча чекловлар ҳам, аммо унга махсус бож жорий этилади, бундан тушган маблағлар Украинани тиклашга йўналтирилади.
Украина президенти офисидагилар нима демоқда?
Украина президенти офиси Андрей Ермак «медиада ҳеч қанақа 100 кунлик „тинчлик режаси“ мавжуд эмаслиги»ни айтди. «Одатда руслар тарқатадиган сафсаталар шундай кўринишда бўлади», — дея ёзган Ермак. Володимир Зеленский тинчлик режаси ҳақидаги материалга муносабат билдирмаган.
22 январ куни The Wall Street Journal газетаси Трамп Украина бўйича махсус элчиси Кит Келлогга Россия-Украина урушини 100 кун ичида якунлаш бўйича топшириқ берганини хабар қилганди. «Деярли ҳеч ким у буни қила олади деб ўйламаяпти», — дея ёзган газета. WSJ манбаси сўзларига кўра, Келлогга берилган буйруқ Трамп ўзи назорат қилмоқчи бўлаётган тинчлик музокаралари учун биринчи қадам бўлиши керак. Аммо Путин билан келишиш Трампнинг сайловолди кампанияларида ваъда қилинганидан кўра «анча мураккаброқ» бўлади.
Газета урушни тугатиши мумкин бўлган режа контурларини келтирмаганди. Бошқа манбаларда ҳам қандайдир аниқ режа мавжудлиги ҳақида айтилмаган. Трампнинг ўзи ҳам ҳеч қандай тафсилотларни маълум қилмаган. 20 январ кунги инаугурация маросимидаги чиқишида у урушни бир кунда якунлаш ҳақидаги ваъдаси юзасидан берилган саволга ҳазиломуз жавоб қайтарганди: «Ҳали ярим кун ўтди. Менда яна ярим кун бор. Кўрамиз. Биз улгурмоқчимиз».
22 январ куни Трамп TruthSocial ижтимоий тармоғида қолдирган постида агар яқин фурсат ичида Украина билан тинчлик келишувига эришилмаса, Россия АҚШ ва бошқа мамлакатларга сотадиган барча нарсага юқори солиқ ва божлар ўрнатиши ҳамда санкциялар қўллаши билан таҳдид қилди. Яна икки кун ўтиб эса у Зеленский ҳам «фаришта эмаслиги» ва «бу урушга йўл қўймаслиги керак бўлгани»ни айтиб чиқди.
The Independent газетаси 26 январ куни Трампнинг инаугурация маросимида Олий Рададаги «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия ҳам қатнашгани ҳақида хабар берди, у 2022 йил баҳорида Истанбулда ўтказилган музокараларда украинлар делегациясига раҳбарлик қилганди. Нашр манбаси Арахамия таклиф этилганини «Трамп Украина яхши келишувга эга бўлишини кафолатламоқчи эканини кўрсатувчи муҳим қадам» деб баҳолаган. Нашр қайд этишича, Трампнинг баёнотлари Украинани қўллаш масаласида унинг маъмурияти ичидаги келишмовчиликларни акс эттиради, аммо шунга қарамай, у «урушгача урушни якунлашни ўзи учун мақсад қилиб олган».
Мавзуга оид

22:00
Украина дунёдаги энг йирик қурол импортчисига айланди

20:32
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

16:59
Фронтдаги вазият: Москва Курск областидаги жиддий ютуқлари ҳақида эълон қилмоқда

13:19