Жаҳон | 22:48 / 25.01.2025
10085
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳеч қачон НАТО аъзоси бўлмайди — Фицо

Словакия бош вазири таслим бўлишни истамагани ва қуролли қаршилик йўлини танлагани учун Украина раҳбари Володимир Зеленскийни танқид қилди.

Фото: TASR/Jaroslav Novák

Украина ҳеч қачон НАТО аъзоси бўлмайди ва Европа Иттифоқига қўшилишда ҳам муаммоларга дуч келади. Бу ҳақда Словакия бош вазири Роберт Фицо маҳаллий радиода айтиб ўтди.

Фицо таслим бўлишни истамагани ва қуролли қаршилик йўлини танлагани учун Володимир Зеленскийни танқид қилди.

«Уруш 2022 йил апрелида, тинчлик келишуви муҳокама қилинаётган пайтда тугаши мумкин эди. Бироқ Ғарб Украинага шартномани имзолашига тўсқинлик қилди», деди Словакия бош вазири.

Унинг сўзларига кўра, Украина ҳозир уруш туфайли ҳалокатли истиқболларга дуч келмоқда.

«Украина ҳудудининг учдан бир қисми Россия назорати остида бўлади, Украина ҳеч қачон НАТО аъзоси бўлмайди. Ва охирги пайтларда кўплаб сиёсатчиларнинг баёнотларини тинглаганимда, Украина Европа Иттифоқига қўшилишда жуда катта муаммоларга дуч келишини англаяпман», деди у.

Шу билан бирга, Фицо Европа Иттифоқини кенгайтириш ғоясини қўллаб-қувватлашини ва маълум шартларни бажарган ҳар бир давлат, жумладан, Украина ҳам Европа Иттифоқининг бир қисми бўлиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.

2022 йил баҳорида музокаралар олиб борилган «тинчлик шартномаси» ҳақиқатда Украинанинг таслим бўлишини назарда тутган эди. Хусусан, Россия кейинчалик Украина Қуролли кучларини сезиларли даражада қисқартиришни талаб қилди. Москва, шунингдек, Украина учун нейтрал мақом талаб қилиб, Ғарбнинг Украинага кўрсатаётган ёрдамига вето қўйиш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи эди. Шунингдек, Қрим ва Донбасс бутунлай Россияга берилиши керак эди.

Мавзуга оид