Жаҳон | 16:46 / 25.01.2025
3206
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС гаровга олинган яна тўрт нафар исроилликни озод қилди

Энди Исроил бунга жавобан 200 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилади.

Фото: Al Jazeera

ҲАМАС гуруҳи ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида озод қилишга рози бўлган гаровга олинган тўрт нафар исроиллик аёлни Қизил Хоч жамиятига топширди. Трансляцияни Al Jazeera телеканали олиб борди.

Наами Леви, Карина Ариев ва 20 ёшли Даниэл Гилбоа ва 19 ёшли Лири Албаг озодликка чиқди. Уларнинг барчаси ҳарбий хизматчилар бўлиб, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан Исроилга қилинган ҳужумда қўлга олинган.

Гаровга олинганларни топшириш Ғазо шаҳридаги Фаластин майдонида бўлиб ўтди.

Энди Исроил бунга жавобан 200 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилади. Улардан 70 нафари Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдан ташқарига депортация қилинади. Уларнинг бир қисми Мисрга, яна бир қисми Жазоир, Қатар ёки Туркияга юборилади.

19 январ куни исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга биринчи алмашиш бўлиб ўтди. ҲАМАС исроиллик уч нафар аёлни озод қилди. Гуруҳ Ғазо шаҳридаги Сарая майдонида гаровга олинганларни Қизил Хоч жамиятига топширди. Келишув доирасида Исроил 20 январга ўтар кечаси 90 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилди.

Умумий ҳисобда ҲАМАС томонидан ушлаб турилган 97 нафар исроилликдан 33 нафари 6 ҳафта ичида озод этилиши керак. Гаровга олинган ҳар бир фуқаро учун Исроил 30 нафар фаластинликни, гаровга олинган ҳар бир ҳарбий учун эса 50 нафар фаластинликни озод қилади.

Мавзуга оид