Жаҳон | 14:27 / 09.03.2025
11245
2 дақиқада ўқилади

Фото: Фаластин байроғини кўтарган активист Биг-Бенга чиқиб олди

У минорадан 16 соат ўтиб туширилган.

Лондон полицияси Вестминстер саройининг соатли минорасидан Фаластин тарафдори бўлган активистни тушириб олди. 

Фаластин байроғини кўтарган шахс Британия парламенти жойлашган ҳудудга 8 март тонгида кириб келган. У тезда панжарага чиқиб, Биг-Бен девори бўйлаб бир неча метрга тирмашиб чиққан, шундан кейингина полициячилар эътиборини тортган.

Қайсидир паллада у миноранинг юқори қисмига кўтарилиш учун пойабзалини ечади. Лекин оёқларини жароҳатлаб, тош деворда қон доғларини қолдирди.

Активист Инстаграмда эфирга чиқиб, «полиция қатағонлари ва давлат зўравонлиги»га қарши норозилик билдирган.

Кун давомида у полиция билан музокаралар олиб борди ва фақат «ўз шартлари билан» пастга тушишини айтди. Агар кимдир унга яқинлашгудек бўлса, ҳаётини хавф остида қолдириб, янада юқори кўтарилиш билан таҳдид қилди.

Loredana Sangiuliano / SOPA Images / LightRocket / Getty Images

Ҳодиса туфайли Вестминстер кўприги ёпилди, шунингдек, парламент ҳудудидаги барча экскурсиялар бекор қилинди. Биг-Бен қаршисидаги ўраб олинган майдонда бир гуруҳ одамлар тўпланиб, «Фаластинга озодлик» ва «Сен қаҳрамонсан» деган шиорларни айтиб ҳайқиришган, деб хабар беради BBC.

Полициячилар активистни ярим тундан кейин ўт ўчириш крани орқали пастга тушишга кўндиришга муваффақ бўлган. The Independent маълумотига кўра, ушбу эркак минорада 16 соат ўтказган. Ҳозир у ҳибсга олинган.

PA Media

Мавзуга оид