Жаҳон | 17:59 / 22.01.2025
2899
2 дақиқада ўқилади

Politico: ЕИ ва Британия АҚШ билан савдо урушига тайёрланмоқда

Европалик амалдорлар ҳокимият тепасига келган Доналд Трамп божларни ошириб, «экспортга зарба бермаслигига» умид қилмоқда. Шунга қарамай, ЕИ ва Буюк Британия АҚШга қарши «жавоб чораларини тайёрлаб қўйган».

Фото: Tasos Katopodis/Getty Images

ЕИ ва Буюк Британия АҚШ президенти Доналд Трамп Европа товарлари импортига божларни оширишига жавоб чораларини тайёрлаб қўйди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларига таяниб Politico маълум қилди.

Қайд этилишича, Европа Иттифоқи ва Британия амалдорлари АҚШда ҳокимият тепасига келган Доналд Трамп «Европа экспортига зарба бермаслигига» умид қилмоқда, аммо «улар жавоб чоралари, жумладан, қарши тарифлар тайёрлаб қўйилган». Politico маълумотларига кўра, Брюссел ва Лондон бир неча ой давомида савдо урушининг эҳтимолий сценарийсини ишлаб чиққан.

Аввалроқ Трамп Европа товарларига божлар жорий этилиши мумкинлигини айтганди. Инаугурациядан кейин у ЕИ агарда янги божхона сиёсатидан қочишни хоҳласа-да, АҚШдан кўпроқ нефт ва газ сотиб олиши кераклигини маълум қилганди. «Биз бунга божлар ёрдамида эришамиз ёки улар бизнинг нефт ва газларимизни харид қилиши керак», — деган АҚШ президенти.

ЕИ Доналд Трамп протекционистик сиёсатга қайтишидан ва у ўзининг биринчи президентлик даврида бўлгани каби Европа Иттифоқи маҳсулотларига божларни яна оширишидан хавотирда. Ўшанда АҚШ президенти Европа пўлати ва алюминийсига мос равишда 25 ва 10 фоизли тарифларни жорий этганди.

The Telegraph’нинг ёзишича, Британия бош вазири Кир Стармер АҚШнинг янги администрацияси билан мамлакатни божлардан озод қиладиган алоҳида битим имзолашга уринмоқда. Аммо қироллик протекционистик ёндашувни истисно этмаяпти. 16 январ куни Буюк Британия бизнес ва савдо ишлари вазири Жонатан Рейнолдс Sky News билан суҳбатда АҚШ билан савдо уруши юзага келиши мумкинлигидан хавотирини билдирган.

Мавзуга оид