Спорт | 21:24 / 22.01.2025
9898
4 дақиқада ўқилади

Катанец кетди. У Ўзбекистонни ЖЧга яқинлаштирганди

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ишдан кетди. Мураббий анча вақтдан буён бетоблиги сабаб миллий жамоанинг баъзи йиғин ва ўйинларини ўтказиб юбораётганди. Истеъфо сабаби ҳам айнан мураббийнинг саломатлиги бўлган, томонлар ўзаро келишувга кўра шартномани бекор қилган.

Бир неча кун аввал мураббий Қатарда йиғин бошлаган Ўзбекистон миллий жамоаси қароргоҳига бормаслиги, йиғинни унинг ёрдамчилари ўтказиши эълон қилинганди. Ваҳоланки, аксар легионерларсиз, асосан маҳаллий клублардаги футболчилар иштирокидаги йиғин айнан Катанец янги футболчиларни саралаб олиши учун ўтказилаётганди. 27 январ куни Доҳада Ўзбекистоннинг Иордания билан ўртоқлик ўйини бор. Ҳали бу ўйинга ким футболчиларимизга мураббийлик қилиши аниқ эмас.

Асосий номзод – Кападзе

Миллий жамоа бош мураббийи лавозими узоқ вақт бўш турмаслиги табиий, чунки аввалига Иордания билан ўйин, кейинроқ ЖЧ саралашининг ҳар қилувчи ўйинлари бошланади. Биз аниқлаган маълумотларга кўра, ЎФА тез орада Темур Кападзени миллий жамоа бош мураббийи сифатида эълон қилади. Бошқа мураббий варианти ҳам кўриб чиқилмаяпти. Кападзе Ўзбекистонни футболимиз тарихида илк марта олимпиадага олиб чиққани инобатга олинса, унинг бош жамоа мураббийи бўлиши мантиқан тўғри қарор бўлади. Кападзе аввалроқ «Пахтакор» ва «Навбаҳор»нинг таклифларини рад этган. Балки миллий жамоага таклиф қилишларини кутгандир.

Катанец нималар билан ёдда қолди?

Футбол бўйича миллий жамоа бош мураббийи бўлиш Ўзбекистондаги энг масъулияти катта ишлардан бири, мен сизга айтсам. Ўзбекистондаги ҳеч бир сиёсатчи бундай танқид қилинмайди. Футбол журналистикасида азалдан демократия жуда кучли ва бу лавозимни эгаллайдиган одам гап кўтарадиган бўлиши керак. Катанец ҳам футбол жамоатчилигининг танқидларидан четда қолмади. Мухлислар уни зерикарли ўйин кўрсатишда, журналистлар қатъиятсизликда айблади. Лекин фақат Катанец даврида Эрон каби гигантлар Ўзбекистондан ҳайиқиб майдонга тушди. Бошқа мураббийлар форсларнинг оёғини қалтиратишни уддалай олмаганди.

Катанец прагматик футбол кўрсатиб, натижани биринчи планга қўйди. Словениялик мураббий таваккал қилишни ёқтирмасди ва катта эҳтимол шу учун Ўзбекистон Осиё чемпионатида Қатарни енга олмаганди.

Катанец Ўзбекистон миллий жамоасини 2021 йил 12 августдан, 2025 йил 22 январгача бошқарди. Бу лавозимда энг кўп ишлаган мураббийлардан бири бўлди. Катанец қўл остида Ўзбекистон 42 та ўйинда майдонга тушиб 26 марта ғалаба қозонди. Тарихда илк марта БАА Тошкентда мағлуб этилди. Унинг даврида Аббос Файзуллаев ва Абдуқодир Ҳусанов каби эндиликда Европа футболи юлдузлари порлаб чиқишди. Шубҳасиз, уларнинг фаолиятида Катанецнинг ҳиссаси жуда катта бўлди.

Шахсан менинг фикримча, Сречко Катанец Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши мураббийлардан бири бўлди. Айнан унинг мураббийлиги вақтида Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионати йўлланмасига жуда яқин келди. Мен миллий жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқишига шубҳа қилмайман ва бу тарихий воқеа содир бўлса, энг катта меҳнатни айнан совуққон Сречко Катанец қилган деб ҳисоблайман. Меҳнатингизга рози бўлинг, жаноб Катанец. Thank you, MISTER.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид