Бойлар давраси: дунё миллиардерлари Трамп инаугурациясида йиғилди
АҚШнинг 47-президентига айланган Трампнинг инаугурация маросими чекланган сонли меҳмонлар иштирокида ўтди. Тадбирда сиёсатдонлар, давлат хизматчиларидан ташқари дунё миллиардерларини ҳам кўриш мумкин. Маълум бўлишича, маросимда жами бойлиги 1,2 трлн доллар бўлган бойлар қатнашган.
Доналд Трампнинг инаугурация маросимида жами бойлиги 1,2 триллион доллар бўлган миллиардерлар ҳам қатнашди. АҚШнинг 47-президенти сифатида Трамп қасамёд қиларкан, охирги 40 йил ичида илк бор бу сиёсий тадбир Капитолий ичкарисида ўтказилди. Бундан ташқари, пойтахт Вашингтон инаугурация кунида минг-минг полиция ҳамда хавфсизлик кучлари қуршовида қолди. Обаманинг икки инаугурацияси, Трампнинг 2017 йилги ва Байденнинг қасамёди ҳам бунчалик қаттиқ назорат остида ўтмаганди. Капитолий яқинидаги жамоат жойлари ёпилган, вокзал ва метро бекатлари ҳам жиддий текширув остига олинган. Маросим бўладиган залга эса фақат сиёсатчилар, давлат хизматчилари, махсус меҳмонлар қўйилди. Уларнинг сони бир неча юзлаб, холос.
Минглаб америкаликлар эса бу гал бевосита инаугурацияни томоша қилолишмади. Байденникига ҳам рекорд даражада кам одам келган, сабаби пандемия пайти эди. Меҳмонлар ичида VIP гуруҳ бор, булар дунё миллиардерлари. Трампнинг инаугурация маросимига бойлиги жами 1,2 трлн доллар бўлган бойлар келди. Қасамёддан аввал тадбирда SpaceX ва Tesla раҳбари Илон Маск, Амазон асосчиси Жефф Безос ҳамда Мета раҳбари Марк Цукерберг қатнашиши эълон қилинганди. NBC news буни ёритаркан, миллиардерларга Президент минбари яхши кўринадиган алоҳида жой ҳозирланаётгани маълум қилинганди. Лекин инаугурацияда VIP меҳмонлар рўйхати узунроқ. Кучли учликдан ташқари, Open Ai – яъни, Open сунъий интеллект компанияси раҳбари, бойлиги 1,1 млрд долларга баҳоланган Сам Альтман, Apple компанияси бошқаруви раиси ва бойлиги 2,2 млрд долларга баҳоланган – Тим Кук, Лас Вегасдаги Sands корпорацияси асосчиси марҳум Шелдон Гари Аделсоннинг миллиардер ва бойлиги 31,9 млрд долларга баҳоланадиган яҳудий хотини Мириам Аделсон, Fox News телеканалининг собиқ раҳбари , бойлиги 22,2 млрд долларга баҳоланган Руперт Мердоклар Капитолий ичкарисида кўриниш беришди.
Хориждан таклиф қилинган бойлар ҳам бор. Масалан, Франциянинг энг бой одами, бойлиги қарийб 180 млрд долларга баҳоланган Louis Vuitton раҳбари Бернард Арно ўғли билан маросимга келди. Ҳиндистоннинг энг бой одами Мукеш Амбани ҳам инаугурацияни ўтказиб юбормаган. The New York Times ёзишича, Лас Вегасдаги казино раҳбари ҳамда Трампнинг дўсти Фил Руффин Капитолийда кўриниш берган. Трамп маъмуриятида юқори лавозимлар таклиф қилинган Говард Лутник ва Вивек Рамасвамилар қасамёд маросимига келган. Уларнинг умумий бойлиги 2,5 млрд доллар.
Блумбергга кўра, АҚШдаги энг йирик криптовалюта биржаси Coinbase раҳбари Браян Армстронг ҳам тадбирга таклиф қилинганди. Аммо у кўриниш бермаган. Бундан ташқари, яна ўнлаб америкалик миллиардер ва кибор оилалар Трампнинг инаугурациясига чақирилган, улардан аксарияти келган, келмаганлари ҳам ўнлаб.
Йиғилган бойлар Трампни яхши кўради, Доналд уларнинг узоқ йиллик дўсти деб аташга ҳам шошилмаслик керак. Чунки Безос ва Цукерберглар билан ҳам Трамп яқин тарихда қирқпичоқ бўлгани ҳақиқат. Масалан, 2021 йил 6 январда Капитолий қамали вақтидаги постлари учун Цукерберг Трампнинг саҳифаларини Instagram ва Facebook’да блоклаб қўйганди. 2024 йилдаги сайлов олдидан Цукерберг ва Трамплар Мара Лагода кўришиб, бироз ярашгандек бўлди. У Трампнинг дўстини Мeta кенгашига киритди.
Жефф Безосга келсак, Трамп аввалги президентлигида уни ёқтирмаслигини айтганди. Хусусан, Безосга тегишли Тhe Washington Post газетасини Трампни танқид қилган. Безос ҳам Трампни ёқтирмаган, лекин сайлов олдидан Пенсилваниядаги суиқасддан кейин уни мақтаган, инаугурация фондига эса 1 млн доллар хайрия қилди. Илон Маск эса Трампнинг энг йирик донорларидан, у камида 250 млн доллар пулини Трампга тиккан. Лас-Вегасдаги Sands бош директорининг мен юқорида тилга олган яҳудий беваси Мириам Аделсон эса Трамп учун 100 млн доллар пул йўналтирган. Меҳмонлар сафида Pfizer, Tik Tok, Walmart, Uber раҳбарлари бор. Misrosoft, Ford, Google раҳбарлари ҳам Трамп инаугурация фондига маблағ ўтказишган. Охир-оқибат Трампнинг инаугурация жамғармаси жами 170 миллион пул йиғди, 2017 йилги инаугурация олдидан у 107 миллион доллар маблағ жамғарганди.
Хуллас, Байден халқига ўзининг сўнгги мурожаатида айтганидек, АҚШ ҳокимияти тепасига ҳамма миллиардер-у олигархлар тўпланмоқда. Биринчиси – Трампнинг ўзи. 47-президент атрофида ҳам худди ўзига ўхшаган одамлар. Албатта, президент уларнинг манфаати ва фойдасини ерда қолдирмайди. Умуман олганда, республикачилар номзодининг сайловдаги ғалабаси АҚШдаги консерватизм, бироз радикализм ва давлатни қайсидир маънода дунёдан яккалаш сиёсатига йўл очмоқда. Ичкаридаги таниш-билишчилик, непотизм ва дўст-у ёронларнинг сиёсат давраси эса авторитар бошқарувдаги давлатлар тегирмонига сув қуяди. Ваҳоланки, сайлов олдидан Трампни рақиблари сиз миллиардерлар президентисиз, дегани ҳам ҳақиқатдир. Лекин ноябрь ойидаги сайловдан 1 ой олдин аксарият миллиардерлар демократ номзод Ҳаррисни қўллаши сўровномалар орқали маълум бўлганди.
Мавзуга оид

22:00 / 10.03.2025
Украина дунёдаги энг йирик қурол импортчисига айланди

20:32 / 10.03.2025
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

19:40 / 10.03.2025
Bloomberg: Трампнинг маслаҳатчилари Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш режасини ишлаб чиқмоқда

16:37 / 10.03.2025