Озарбойжонда «Қонли январ» воқеаларига 35 йил тўлди
Озарбойжон халқига қарши амалга оширилган 20 январ фожиасидан 35 йил ўтди. Тарихда «Қонли январ» номи билан муҳрланган бу воқеа озарбойжон халқининг эркинлик орзуси ва интилишларини бостириш мақсадида амалга оширилган энг оғир жиноятлардан бири сифатида қолган.

Фото: AzerTAC
Ушбу фожиа Озарбойжон халқининг хотирасида ҳам қайғули, ҳам фахрли кун сифатида сақланиб қолган. Қонли январ қатлиоми Озарбойжоннинг мустақиллик йўлидаги қайтарилмас қарорини ифодалайди. Шаҳидлар қони билан ёзилган бу тарих халқнинг озодлик кураши рамзига айланган.
20 январ ва Озарбойжон тарихида аввал юз берган бошқа фожиали воқеалар ХХ аср давомида халққа қарши амалга оширилган режали сиёсатнинг бир қисми эди. Совет ҳокимияти қўллаб-қувватлаган Қорабоғдаги сепаратизм, озарбойжонликларнинг арман ерларидан мажбуран чиқарилиши ва халққа қарши содир этилган геноцидлар ушбу сиёсатнинг таркибий қисми ҳисобланади, деб ёзади AzerTAC.
Совет иттифоқи коммунистик партияси бош котиби Михаил Горбачёвнинг буйруғи билан 1990 йил 19 январдан 20 январга ўтар кечаси совет армияси қўшинлари Бокуга ва Озарбойжоннинг бошқа ҳудудларига киритилди. Қуролли ҳужумлар натижасида юзлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди ва яраланди. Бу воқеалар тоталитар совет режимининг жиноятчилик моҳиятини бутун дунёга намойиш этди.



Совет қўшинларининг Бокуга кириши ўта шафқатсизлик ва мислсиз ваҳшийлик билан кечди. Фавқулодда ҳолат эълон қилинишидан олдин 82 нафар тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди, 20 нафари эса оғир яраланди. Бу ҳолат режимнинг халқнинг эркинлик истагини қонга ботириш учун ҳеч қандай инсоний қадриятларга риоя қилмаганлигини исботлади.
Ўша тун совет қўмондонлиги буйруқлари билан 65 минг кишилик қуролли кучлар, жумладан, арман миллатига мансуб аскар ва офицерлар Бокуга беш йўналишдан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз кирди. Танклар ва зирҳли техникалар йўлдаги машиналар ва одамларга қарата ажратиб ўтирмасдан ўт очди. 20 январ куни ва кейинги бир неча кун давомида Бокуда, Нефтчала ва Ленкаран ҳудудларида жами 147 киши ҳалок бўлди, 744 киши яраланди, 800 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.



Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти «Шит» экспертлари ҳисоботида фожианинг миқёси ҳақида шундай дейилади:
«Инсонлар ўта шафқатсизлик билан ва яқин масофадан отиб ташланган. Масалан, Й.Мееровичга 21, Д.Хонмаммадовга 10 дан ортиқ, Р.Рустамовга 23 ўқ теккан. Касалхоналар, тез ёрдам машиналари ўққа тутилган, шифокорлар ўлдирилган. Айрим одамлар найзалар билан ўлдирилган. Улар орасида икки кўзи кўр бўлган Б.Ефимцев ҳам бор эди. Калашников автоматларининг махсус ўқларидан фойдаланилган».
Озарбойжон халқининг 20 январ воқеларига ўзи гувоҳ бўлган минглаб тирик шоҳидлари бор. Совет империясининг Озарбойжонда содир этган ҳарбий жиноятлари ва унинг оғир оқибатлари халқнинг матонати ва мустаҳкамлигини намоён этувчи энг таъсирли далиллардан биридир. Ушбу воқеаларни акс эттирувчи фотосуратлар, қон билан йўғрилган Боку кечаси, бегуноҳ инсонларнинг кўчаларда ётган жасадлари ва шаҳидлар дафн маросимидаги йиғин халқнинг бошидан ўтган оғир кунларнинг аччиқ ҳақиқатини яна бир бор ёдга солади.



20 январ нафақат Озарбойжон тарихидаги фожиа, балки халқнинг эркинлик ва мустақиллик йўлида кўрсатган қаҳрамонликлари сифатида тарихга муҳрланди. Шаҳидлар дафн маросимидаги улкан йиғин халқнинг чуқур қайғуси, бир пайтнинг ўзида миллий бирдамлик ва ягона мақсад йўлида қандай жипслашганлигини бутун дунёга кўрсатди. Бу лаҳзаларни абадийлаштирган фотосуратлар халқнинг озодлик учун олиб борган курашининг унутилмас гувоҳликларидир.
Озарбойжон халқининг умумий лидери Ҳайдар Алиев шундай деган эди: «20 январ воқеасининг тарихимиздаги аҳамиятини вақт ўтиши билан янада чуқурроқ англаймиз».
35 йил олдин бошланган бу машаққатли ва шарафли йўл 1991 йил 18 октябрда Озарбойжон давлат мустақиллигига олиб келди. 2020 йилда 44 кунлик уруш натижасида эришилган улкан Қорабоғ ғалабаси ва 2023 йилнинг сентябрида ўтказилган антитеррор операциялари билан мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети тўлиқ тикланди. Шу сабабли, халқ 20 январ фожиасининг 35 йиллигини катта фахр ва ифтихор билан нишонламоқда.
Вақт ўтиши билан Қонли январ воқеалари янада чуқурроқ маънога эга бўлиб, халқнинг машаққатли йўли ва жасорати ойдинлашмоқда. Ўша совуқ қиш кечаси, қуролсиз халқнинг тўлиқ қуролланган совет аскарлари томонидан отиб ўлдирилиши ва танклар остида эзилиши, аслида, Озарбойжоннинг озодлик ва мустақиллик йўлидаги биринчи катта қадами эди.

Фожиадан кейин Озарбойжон тўлиқ ахборот блокадасига тушиб қолди. Лекин бу сукутни Москвада яшаган Ҳайдар Алиев бузди. 1990 йил 21 январ куни у ўз оиласи билан Москвадаги Озарбойжоннинг доимий ваколатхонасига келиб, халқ билан бирдам эканини намойиш қилди ва Совет ҳокимиятининг қонли жиноятларини кескин қоралади. У бу воқеаларни қонунга, демократияга ва инсонпарварлик тамойилларига зид деб баҳолади. Алиевнинг ушбу баёноти туфайли бутун дунё Озарбойжон халқига қарши қаратилган Совет террори ҳақида хабардор бўлди.
Ўша йилнинг 20 ноябрида Нахчивон Мухтор Республикаси Олий Мажлисининг сессиясида Ҳайдар Алиев Қонли январ воқеаларини Озарбойжон халқининг суверен ҳуқуқларига қаратилган ҳарбий тажовуз сифатида баҳолади. У ўз чиқишида шундай деди:
«19-20 январда содир бўлган бу фожиа Совет Иттифоқи сиёсий раҳбариятининг, хусусан, Горбачёвнинг диктаторлик интилишлари оқибатида юзага келган, шунингдек, Озарбойжон раҳбарларининг халққа нисбатан хиёнати натижасидир. Бу, халқимизга қарши ҳарбий тажовуз ва ҳақоратдир».
Эртаси куни, 21 ноябрда, Нахчивон Олий Мажлисида 20 январ фожиасига илк бор сиёсий-ҳуқуқий баҳо берилди. Ушбу ҳужжат халқнинг умумий фикрини ифода этган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат сифатида эътироф этилди.
Бу воқеалар халқимизнинг мустақиллик учун курашидаги қатъиятини, миллий бирдамлигини ва эркинликка бўлган интилишини яна бир бор исботлаб берди. 20 январ воқеалари унутилмас тарихий сабоқ ва миллий ифтихор манбаи бўлиб қолмоқда.

Шаҳидларнинг қони Озарбойжон халқининг жасорати, озодлик ва мустақиллик орзуларининг рамзи сифатида муқаддас ҳисобланади. Умуммиллий лидер Ҳайдар Алиев бу ҳақиқатни шундай ифода этган эди:
«У қоннинг ҳар бир томчисида халқимизнинг қудрати, қаҳрамонлиги ва миллий озодлик орзуси мужассам. У кечада тўкилган қонлар муқаддасдир. Бу қонлар халқимизнинг асрлар давомида озодлик учун тўкилган қонларига қўшилди. Улар миллий байроғимизнинг устида намоён бўлган мустақиллигимизнинг рамзидир».



Озарбойжон халқининг озодлик ва зафар йўли айнан 20 январ кечасида бошланган. Озарбойжон бу давр мобайнида мислсиз ривожланиш йўлини босиб ўтиб, минтақада ва бутун дунёда нуфузли давлатга айланди. Мустақиллик эса абадий ва қайтарилмас тус олди.
20 январдан кейин Шаҳидлар хиёбони халқимизнинг энг муқаддас зиёрат масканларидан бирига айланди. Боку шаҳрининг энг баланд нуқталаридан бирида жойлашган ушбу муқаддас жой халқнинг қайғуси, матонати ва мустаҳкам ирода рамзига айланди. Ҳар йили шаҳидларнинг фидойилиги натижасида эришилган озодлик ва миллий бирдамлик эътироф этилади.
Шаҳидларнинг жасорати туфайли Озарбойжон халқининг озодлик орзулари амалга ошди. Қорабоғ ерлари айнан уларнинг жон фидо қилиши ва тўкилган қони эвазига ишғолдан озод этилди. Бугун эса Озарбойжоннинг давлат байроғи мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида катта ғурур билан ҳилпирамоқда.
Мавзуга оид

16:22 / 27.02.2025
Хўжали геноциди — инсоният тарихидаги қонли саҳифа

14:07 / 25.02.2025
Озарбойжон «Россия сегодня» ва BBC ваколатхоналарини ёпди

15:30 / 20.02.2025
Ўзбекистон ва Озарбойжон ID-карталарни ўзаро тан олиш масаласини муҳокама қилмоқда

17:22 / 16.02.2025