Хўжали геноциди — инсоният тарихидаги қонли саҳифа
Арманистоннинг Озарбойжон ҳудудига бўлган ҳудудий даъволари ва Озарбойжон халқига қарши олиб борилган этник тазйиқлар сиёсатининг энг даҳшатли чўққиси Хўжали геноциди бўлди.
Хўжалининг маҳаллий аҳолиси ўта шафқатсизлик ва ғайриинсоний усулларда қириб ташланган. Бу фожиа Хатин, Лидица, Сонгми ва Руандадаги қирғинлар қаторида туради. Бир кечада етти минг аҳолига эга шаҳар ер юзидан йўқ қилинди, одамлар аёвсиз қирғин қилинди. Арман ҳарбийлари болаларни, аёлларни ва қарияларни ҳам аяб ўтирмади, деб ёзмоқда AzerTAC.

Орадан 33 йил ўтса-да, Озарбойжон халқи Хўжали алами билан яшамоқда ва шаҳидларларнинг муқаддас хотирасини асраб-авайлаб келмоқда. Озарбойжон ерлари ишғолдан озод қилинганидан сўнг, шаҳидлар руҳи шод бўлди, бегуноҳ қони тўкилган инсонларнинг ҳақи адо этилди. Хўжали шаҳри, қолаверса, ишғолда бўлган бошқа шаҳар ва қишлоқлар эркинликка эришди. Мамлакат ҳудудий яхлитлиги Ватан урушидаги улкан ғалаба ва Президент, Бош қўмондон Илҳом Алиев бошчилигида амалга оширилган муваффақиятли антитеррор тадбирлари натижасида тўлиқ тикланди. Хўжали шаҳри айирмачилардан тозаланиб, 2023 йил 15 октябрь куни Президент Илҳом Алиев Озарбойжон Республикасининг Давлат байроғини Хўжали шаҳрида кўтарди.
2024 йил январ ойида миллий телеканалларга берган интервюсида Президент Илҳом Алиев Хўжали шаҳидлари интиқоми олининганини яна бир бор таъкидлади.
«…Хўжалининг осмонида байроғимизни кўтарар эканман, Хўжали қурбонларнинг қони учун интиқом олинганини тўлиқ ишонч билан айта олишимиз ҳақида ўйладим. Хўжалида байроғимизни кўтариш унданда таъсирли воқеа бўлди, буни очиқ айтишим мумкин. Хонкандида байроғимизнинг кўтарилиши эса адолатнинг тўлиқ тикланиши ва ғалабамизнинг якуний нуқтаси бўлди», — деган эди Илҳом Алиев.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг топшириғига мувофиқ, 2024 йил май ойида Буюк қайтиш дастури доирасида Хўжалига биринчи кўчиб келиш жараёни амалга оширилди. Шаҳар аҳолиси учун барча қулай ва хавфсиз шарт-шароитлар яратиш мақсадида замонавий стандартларга мос равишда уйлар барпо этилди, инфратузилма янгиланди, мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлар ишга туширилди. Шу билан бирга, ҳудудга қайтиб келаётган аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида турли иқтисодий ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мустаҳкам сиёсий ирода, кучли иқтисодий салоҳият, қудратли армия, халқ ва етакчи бирлиги, ватанпарварлик ва сабр-тоқат тарихий ғалабани амалга ошириш имконини берди. Хўжали қирғини хотира куни Озарбойжон халқи бирлиги ва мустаҳкам ватанпарварлик руҳининг ҳақиқий рамзига айланди.
Қирғинга элтган ноинсоний ғоялар
Арман шовинистлари охирги икки аср давомида Озарбойжон халқига қарши тизимли равишда террор, оммавий қатлиомлар, депортациялар ва этник тазйиқ сиёсатини олиб бордилар. Улар ўзларининг «Буюк Арманистон» ғояларини амалга ошириш учун Озарбойжоннинг тарихий ерлари ҳисобидан ҳудудий даъволарни рўёбга чиқаришни мақсад қилган эдилар.
1990-йиллар бошларида арманлар Қорабоғда озарбойжонликларга қарши оммавий қатлиомлар содир этдилар. Хўжали фожиасидан тўрт ой аввал, яъни 1991 йил октябр ойининг охирларидан бошлаб, Хўжалига олиб борувчи барча йўллар тўсиб қўйилди ва шаҳар тўлиқ қамалда қолди. 2 январдан бошлаб, Хўжали электр таъминотисиз қолди, бошқа ҳудудлар билан алоқаси узилди. Шаҳарга ягона транспорт воситаси сифатида фақат вертолётлар қолган эди.

Лекин 1992 йил 28 январда, Ағдамдан Шушага қараб учиб кетаётган МИ-8 вертолёти Хонкандидан туриб учирилган ракета билан Халфали қишлоғи устида уриб туширилди. Натижада, 3 экипаж аъзоси ва 41 йўловчи ҳалок бўлди. Шунинг ортидан арман армияси Қорабоғдаги охирги озарбойжон қишлоқларини босиб олишга киришди.
1991 йил охирига келиб, Қорабоғ тоғлик ҳудудида 30 дан ортиқ озарбойжон қишлоғи, жумладан Туғ, Иморат-Гарванд, Сирхаванд, Мешали, Жамилли, Умудлу, Керкижаҳон ва бошқа стратегик аҳамиятга эга аҳоли пунктлари арманлар томонидан вайрон қилиниб, ёқиб юборилди ва талон-торож қилинди.
1992 йил 12 февралда Шуша яқинидаги Малийбейли ва Гушчулар қишлоқларида арман қуролли гуруҳлари оммавий қатлиом содир этдилар. Фақат Малийбейли қишлоғининг ўзида 50 киши ўлдирилди, ўнлаб одамлар яраланди ва асир олинди.
17 феврал куни эса Хўжаванд тумани Қоратоғли қишлоғида арман қуролли кучлари ва Хонкандида жойлашган 366-мотоўқчи полки иштирокида қонли қатлиом содир этилди. Қишлоқнинг ҳар ўнинчи кишини нобуд қилинди: 104 киши ва 15 ўзини ҳимоя қилиш отряди аъзоси асир олинди, 80 киши қатл этилди. Улар орасида 10 аёл ва 8 бола бор эди. 1988-1992 йиллар оралиғида Қоратоғли 305 марта душман ҳужумларига учраган.
Қортоғли қатлиоми – Хўжали геноцидига олиб келган машъум йўлнинг бошланиши эди. Унинг шафқатсизлик даражаси шунчалар юксак эдики, кўп ҳолларда бу қирғин Хўжали фожиаси билан тенглаштирилади.
Қирғиннинг бошланиши
1992 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси, Арманистон қуролли кучлари ва Хонкендида жойлашган 366-мотоўқчи полкининг 10 та танк, 16 та БТР, 180 та БМП (пиёдалар зирҳли машинаси) билан қўллаб-қувватланган бўлинмалари Хўжали шаҳрини қамал қилди. Арман қўшинлари шаҳарга оғир артиллериядан шиддатли ўқ узиб, Хўжалини ер билан яксон қилди. Шаҳар бутунлай вайрон қилиниб, ёқиб юборилди, аҳоли эса бесиёқ шафқатсизлик билан қатл этилди. Жуда кўп инсонларнинг боши танасидан жудо қилинди, кўзлари ўйиб ташланди, тириклайин ёқиб юборилди, бош териси юлиб олинди.
Хўжалининг ўзини ҳимоя қилиш отрядлари сўнгги дақиқаларгача жанг қилди, душманга жиддий қаршилик кўрсатди, бироқ кучлар мутлақо тенг эмас эди. Хўжалиликлар беқиёс жасорат ва қаҳрамонлик билан шаҳарни ҳимоя қилди. Қатлиом вақтида 3000 га яқин қуролсиз тинч аҳоли шаҳарни тарк этиб, қўшни ҳудудларга қочишга мажбур бўлди. Лекин уларга ёрдам келмади. Кўплар ўрмонларга яширинишга муваффақ бўлган, аммо тиш-тирноғи билан қуролланган душман томонидан улар алал-оқибатда топилиб, шафқатсиз равишда ўлдирилган.
Хўжали қирғини натижасида шаҳарнинг 5379 нафар аҳолиси мажбурий сиқиб чиқарилган. 1275 киши асирга олинган ва қийноқларга солинган (шундан 150 киши, жумладан 68 аёл ва 26 нафар боланинг тақдири ҳанузгача номаълум), 487 киши турли оғирликдаги тан жароҳатлари олган. 8 ойида тўлиқ қириб ташланган. 130 бола ота-онасининг биридан айрилган, 25 бола тўлиқ етим бўлиб қолган. Ваҳшиёна қийноқлар остида 613 киши ўлдирилган. Уларнинг 63 нафари ёш болалар, 106 нафари аёллар ва 70 нафари қариялардир. Хўжали қирғинининг даҳшатли статистикаси мана шулардан иборат.
Хўжали қирғинига халқаро ҳамжамият реакцияси
2024 йил 21 февралда Хўжали шаҳрида кенг кўламли қурилиш ва тиклаш ишлари давомида оммавий қабр топилди. Бу қабр шаҳарнинг марказий қисмида, собиқ гилам фабрикаси яқинида аниқланган. Ушбу топилма ва бошқа кўплаб далиллар озарбойжон халқига нисбатан амалга оширилган ваҳший геноцидни яна бир бор тасдиқлайди.
Хўжали фожиаси халқаро ҳуманитар ҳуқуқ меъёрларининг қўпол бузилиши бўлиб, 1949 йилги Женева конвенциялари ва БМТнинг геноцид жиноятининг олдини олиш ва уни жазолаш тўғрисидаги конвенцияси талабларига мутлақо зиддир.
Озарбойжон кўп йиллар давомида Хўжали геноциди ҳақиқатларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш устида тизимли иш олиб бормоқда. Бу даҳшатли жиноят бутун дунё кўз ўнгида содир бўлган бўлса-да, унинг асл моҳияти 1993 йилда умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев ҳокимиятга қайтганидан кейин бутунлай очила бошлади. 1994 йил февралда эса Озарбойжон Республикаси Миллий Мажлиси Хўжали геноцидига сиёсий-ҳуқуқий баҳо берди.

Президент Илҳом Алиев Хўжали геноцидини уюштирганларни фош этиш ва халқаро ҳамжамиятни ушбу қирғин ҳақида тўлиқ хабардор қилишни Озарбойжон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб таъкидлаган. Мамлакат жаҳон ҳамжамиятига Хўжали воқеалари ҳақида ҳақиқатни етказиш ва ушбу геноцидга ҳаққоний баҳони бериш учун фаол қадамлар ташламоқда.
Озарбойжон Республикасининг Биринчи вице-президенти, Ҳайдар Алиев фонди президенти Меҳрибон Алиева ташаббуси билан Ҳайдар Алиев фонди Хўжали геноциди ҳақиқатларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш йўлида тизимли ва изчил иш олиб бормоқда.
2008 йилда Ҳайдар Алиев фонди вице-президенти Лайло Алиева ташаббуси билан бошланган «Хўжалига адолат» халқаро кампанияси ушбу йўналишдаги фаолиятни янада жонлантирди. Ушбу маърифий-тарғибот кампанияси доирасида Хўжали геноцидининг даҳшатли воқеалари бутун дунё жамоатчилигига етказилди. Миллионлаб инсонлар башариятга қарши қаратилган бу жиноят ҳақиқатларини билиб олишди ва арман шовинистларининг асл юзини англадилар.
18 давлат парламенти ва АҚШнинг 24 штати Хўжалида тинч аҳолига нисбатан амалга оширилган қирғинни инсониятга қарши жиноят сифатида баҳолаган ва қораловчи резолюциялар қабул қилган.
Шу билан бирга, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ҳам Хўжали геноцидини кескин қораловчи резолюциялар ва баёнотлар қабул қилган.
2020 йил 27 сентябрда бошланган ва 44 кун давом этган Ватан уруши арман фашизмининг асл моҳиятини яққол намоён қилди. Жанг майдонида Озарбойжон аскари олдида ожиз қолган душман фронт ортидаги тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга ракета ҳужумлари уюштирди. Натижада, болалар ва аёллар ҳамда тинч фуқаролар ҳалок бўлди.
Ганжа, Барда, Тартар, Нафталан ва бошқа шаҳарларга қилинган ракета ҳужумлари арман фашизмининг қанчалик разил ва хавфли эканини яна бир бор кўрсатди.
Ҳарбий ҳаракатлар тугаган ва Озарбойжон ҳамда Арманистон ўртасида тинчлик шартномаси имзолаш масаласи кун тартибида турганига қарамай, халқ хотирасидан Хўжалида 33 йил аввал арманлар томонидан содир этилган қирғин ва шафқатсиз геноцид ҳеч қачон ўчмайди.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев бу ҳақда шундай деган эди: «Ҳа, биз тинчлик кераклигини доим такрорлаб келаяпмиз. Лекин арманларнинг ваҳшийликларини, арман фашизмини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Хўжали қурбонларини унутмаслигимиз керак. Ганжа ва бошқа шаҳарларимиз қурбонларини ҳам унутмаслигимиз керак ва унутмаймиз ҳам».
Қайд этиб ўтиз жоизки, халқаро миқёсда Озарбойжон халқига қарши амалга оширилган геноцид ҳақидаги маълумотларни кенг тарқатиш ҳамда Хўжали фожиаси қурбонларининг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида, Президент Илҳом Алиев 2025 йил 25 феврал куни «Хўжали шаҳрида Хўжали геноциди мемориал мажмуасини барпо этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Мавзуга оид

14:07 / 25.02.2025
Озарбойжон «Россия сегодня» ва BBC ваколатхоналарини ёпди

15:30 / 20.02.2025
Ўзбекистон ва Озарбойжон ID-карталарни ўзаро тан олиш масаласини муҳокама қилмоқда

17:22 / 16.02.2025
Россия ва Озарбойжоннинг пропаганда кураши: Бу нимага олиб келиши мумкин?

07:07 / 14.02.2025