Жаҳон | 14:07 / 25.02.2025
2454
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон «Россия сегодня» ва BBC ваколатхоналарини ёпди

Расмий Боку Россия ва Британия медиа компаниялари Озарбойжонда фақат битта мухбир учун аккредитация олишлари мумкинлигини билдирди.

Фото: picture-alliance/dpa/prisma

«Россия сегодня» медиа гуруҳи таркибига кирувчи Россиянинг Sputnik агентлигининг Озарбойжондаги ваколатхонаси ёпилди. Бу ҳақда 24 феврал, душанба куни республика Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожизода маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, расмий Боку Россия медиа гуруҳининг Озарбойжондаги фақат битта мухбирига аккредитация беришга тайёр.

Ҳожизода Британиянинг BBC медиа компаниясининг Озарбойжондаги ваколатхонаси ёпилиши ҳақида ҳам гапирди. «Россия сегодня» мисолида бўлгани каби, мамлакат расмийлари бунда ҳам фақат битта мухбирни аккредитация қилишга тайёр. Озарбойжонда BBC фаолияти тўхтатилгани 20 феврал куни маълум бўлди.

Бундан ташқари, Озарбойжон ТИВ вакили «Америка овози» радиоси мухбирининг аккредитацияси бекор қилингани ҳақида хабар берди. У бу қарор сабабларини ошкор қилмади.

Бокудаги Россия уйининг ёпилиши

6 феврал куни Россия маданиятини хорижда тарғиб қилувчи Россотрудничество федерал агентлиги Озарбойжон ҳукуматидан мамлакат пойтахтидаги рус маданият маркази бўлган Россия уйи фаолияти тўхтатилгани ҳақида расмий хабарнома олди. «Озарбойжоннинг ўзи донорга айланди ва ташқи ёрдамга муҳтож эмас, айниқса, агар у ношаффоф схемалар асосида ва тузилмаси аниқ разведка характерига эга бўлган ташкилотлар орқали кўрсатилса», — деб тушунтирди Report.az нашри манбалари. Кремл Бокудаги Россия уйи ёпилганини тасдиқлади.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)га нисбатан ҳам худди шундай қарор қабул қилинган.

Мавзуга оид