Жаҳон | 09:54 / 19.01.2025
28747
4 дақиқада ўқилади

Россия армияси баллистик ракеталар билан Киевга зарба берди — фотолар

РФ мудофаа вазирлиги зарба нишони «Нептун» ракеталари лойиҳалаштириладиган «Луч» конструкторлик бюроси бўлганини маълум қилган.

Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Россия ҳарбийлари 18 январ тонгида Киев бўйлаб зарба берди. Украина пойтахти мэри Виталий Кличко шаҳарда Россия дронлари ва баллистик ракеталари ҳужумини қайтариш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушганини хабар қилган.

Мэрнинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида Шевченково районида нотурар жой биноси ёниб кетган, турар жой биноси, сув таъминот қувури ҳамда «Лукяновская» метро бекатига кириш жойи шикастланган. Бекат бир неча соатга йўловчилар фойдаланиши учун ёпиб қўйилган. Гувоҳлар воқеа жойида олган видеога кўра, қувур ёрилиши орқали атрофдаги кўчаларни сув босган.

Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати ҳам РФнинг Киев бўйлаб зарбаси жойида маъмурий бино, бизнес марказ ҳамда дўкон қисман вайрон бўлгани, ўнлаб автомобиллар шикастланганини маълум қилган.

Уч киши ҳалок бўлган — 43 ва 25 ёшлардаги эркаклар ҳамда 41 ёшли аёл, яна уч киши яраланган.

Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотига кўра, Россия армияси тунда Украина бўйлаб Shaheed типидаги 39 та зарбдор дрон ва имитатор (сохта) дронлар, шунингдек, «Искандер-М»/KN-23 баллистик ракетасини учирган. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари икки ракета ва 24 та дронни уриб туширган, яна 14 та имитатор дрон ўзи қулаб тушган. «Афсуски, душманнинг Киев бўйлаб зарбаси оқибатида одамлар ҳалок бўлди — уриб туширилган баллистик ракеталар шаҳарнинг Шевченково райони ҳудудига қулади», — дейилган Украина қуролли кучлари баёнотида.

Украина президенти Володимир Зеленский Россия армиясининг Киев бўйлаб зарбасини шарҳларкан, фақат фуқаролик инфратузилмалари шикастланини қайд этиб ўтган: турар жой биноси, метро бекати, ​​дўконлар, кафе.

Бу вақтда РФ мудофаа вазирлиги зарба нишони «Луч» конструкторлик бюроси бўлганини маълум қилди — бу Украина ҳарбий-саноат комплексининг катта масофага ҳаракатланувчи «Нептун» бошқарилувчи ракеталари ҳамда «Олха» баравар ўт очиш тизимлари учун реактив снарядлар лойиҳалаштириладиган ҳамда ишлаб чиқариладиган корхонасидир.

Россиялик ҳарбийлар Киев бўйлаб зарбани Белгород областидаги фуқаролик инфратузилмалари америкаликларнинг ATACMS ракеталари билан ўққа тутилишига жавоб деб атаган. «Зарбадан мақсадга эришилди, барча объектлар аниқ нишонга олинди», — дейилган РФ мудофаа вазирлиги хабарида.

Очиқ маълумотларга кўра, «Луч» конструкторлик бюроси Киевнинг Шевченково районидаги Иленко кўчаси, 2-уйда, «Лукяновская» метро бекати яқинида жойлашган.

«Лукяновская» метро бекатига кириш жойи ҳам Россия зарбаси оқибатида шикастланган, 2025 йил 18 январ
Sergey Dolzhenko / EPA. / Scanpix / LETA
РФ ҳпрбийларининг Киев бўйлаб ракета зарбаси оқибатлари, 2025 йил 18 январ
Sergey Dolzhenko / EPA. / Scanpix / LETA
РФ армиясининг Киевнинг Шевченково районига йўлланган ракета зарбаси жойида турган маҳаллий аҳоли вакили, 2025 йил 18 январ
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
РФ ҳарбийларининг Шевченково райони бўйлаб ракета зарбаси қурбонлари, 2025 йил 18 январ
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Киев бўйлаб зарба оқибатида магистрал сув қувури шикастланган, натижада кўчаларни сув босган.
Yevhenii Zavhorodnii / Global Images Ukraine / Getty Images
Киев. Қутқарувчи Россия зарбасидан шикастланган «Лукяновская» метро бекатини кўздан кечирмоқда. Бу ерда Украинадаги энг эски, 1997 йилдан буён ишлаб келган McDonaldʼs ресторани ҳам жойлашган. Компания ресторан ходимлари ва қўриқчилари ҳужумдан яширинишга улгургани, ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилган.
Tetiana Dzhafarova / AFP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид