Ўзбекистон | 18:32 / 18.01.2025
7246
1 дақиқада ўқилади

ФВВ республика қутқарув марказига янги бошлиқ тайинланди

Полковник Абдураззоқ Абдухолиқов ФВВ Махсус вазифалар бўйича республика қутқарув маркази бошлиғи лавозимига тайинланди. Марказнинг собиқ бошлиғи Исмоил Шарипов эса «НКМК» ва «Навоийуран» ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш марказига ўтказилди.

ФВВ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, тайинловга қадар Абдураззоқ Абдухолиқов Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари лавозимида фаолият юритган. У 2018 йилда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ёнғин хавфсизлиги бошқармасини ҳам бошқарган.

Айни вақтга қадар Республика қутқарув маркази бошлиғи лавозимида фаолият юритган Исмоил Шарипов эса «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ва «Навоийуран» ДК объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш марказига бошлиқ этиб тайинланган.

Шунингдек, фавқулодда вазиятлар вазирининг тегишли буйруғи билан полковник Шукрулло Аюбов Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар у ФВВ Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Мавзуга оид