Ўзбекистон | 19:26 / 04.03.2025
10672
2 дақиқада ўқилади

ФВВнинг янги вазирига янги ўринбосарлар тайинланди

Хуршид Сотиев ФВ профилактикаси бўйича, Нуриддин Қодиров — кадрлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул бўлади.

Хуршид Сотиев / ФВВ

Ўзбекистон президентининг қарори билан Хуршид Сотиев фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари — Фавқулодда вазиятлар профилактикаси департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Тайинловга қадар Хуршид Сотиев ФВВ Штаб бошлиғининг ўринбосари – қутқарув кучларининг хизмат ва жанговар тайёргарлигини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Шунингдек, у турли йилларда Навоий вилояти ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиғи ҳам бўлган. 2023 йилда «Мардлик» ордени билан тақдирланган.

Президент қарори билан Нуриддин Қодиров фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди.

Нуриддин Қодиров / ФВВ

Нуриддин Қодиров Мудофаа вазирлиги тизимида турли лавозимларда хизмат қилган, тайинловга қадар Марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 25 феврал куни президент фармони билан бош прокурор ўринбосари — ҳарбий прокурор Ботир Қудратхўжаев фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланган ва унга генерал майор ҳарбий унвони берилган эди.

Мавзуга оид