Ўзбекистон | 12:18 / 11.02.2025
3745
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ФВВ йўлда қолиб кетган ўзбекистонликларни эвакуация қилди

Қўстанай вилоятининг Адаевка қишлоғи ҳудудида микроавтобус бузилиб қолган. Унда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган. Қутқарилганларнинг 4 нафари болалар.

Фото: Видеодан кадр

Қозоғистонда йўлда қолиб кетган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари қутқарилди. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 11 феврал куни тонгда Қўстанай вилоятининг 112-диспетчерлик хизматига йўловчилари бўлган микроавтобус Адаевка қишлоғидан 30 километр узоқликда тўхтаб қолгани ҳақида хабар келиб тушган. Транспорт воситаси носозлик туфайли ҳаракатини давом эттира олмаган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув хизмати ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб боришган. Жараёнда 24 киши, жумладан 4 нафар бола энг яқин исиниш жойига эвакуация қилинган. Қутқарилганлар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган.

Шунингдек, тўхтаб қолган микроавтобус ҳам аҳоли пунктига тортиб борилган. Қайд этилишича, йўловчилар тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаган.  

Мавзуга оид