Жамият | 19:20 / 18.05.2020
23178
10 дақиқада ўқилади

«Гўзал тарбиядан яхшироқ мерос йўқ» — Исломда фарзанд тарбияси ҳақида

Фарзанд – инсонга берилган бебаҳо неъматлардан бири. Бола соф фитратда дунёга келади, унинг қандай вояга етиши ва қандай инсон бўлиши кўп жиҳатдан ота-она тарбиясига боғлиқ. Kun.uz Рамазон ойи муносабати билан ташкил этаётган туркум суҳбатларининг бу галги мавзуси – фарзанд тарбияси ҳақидаги Ислом таълимотларини Мирзо Юсуф жоме масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов сўзлаб берди.

Исломда фарзанд тарбияси қандай бўлиши керак?

Қуръони Каримдаги оятлардан бири мадиналик саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, уйлари узоқлик қилаётгани боис, уйларини сотиб, яқинроқ жойга кўчиб келишлари ҳақида шикоят қилганларида нозил бўлган. Яъни уйларни сотишга ҳожат йўқ, узоқдан келаётган бўлсалар, ҳар бир босилган қадамларига савоб берилади, мазмунида.

«Биз улар келтирган қадамларни, босган қадамларни ҳам ёзамиз ва уларнинг асарини ҳам ёзамиз», – дея марҳамат қилинган. Тафсирларнинг бирида бу оятдаги «уларнинг изи» дегани – бу асаримиз, авлодларимиздир, деган фикр билдирилган.

Аллоҳнинг бу оятидан тушунамизки, Аллоҳ нафақат амалимизни, балки авлодларимиз амалини ҳам ўзимизга ёзади. Шунинг учун тарбия вожиб бўлади.

Орқамиздан яхши тарбияли фарзанд қолдирайликки, ортимиздан фақат савоб борсин, ёмонлик бормасин.

Исломда тарбия вожибдир

Тарбия динимизда вожиб амал, деб эълон қилинган. Биз энг кўп ишлатадиган тарбия, мураббий сўзлари Аллоҳнинг «Роб» исми билан битта ўзакдан олингани тарбиячилар масъулиятини оширса керак, деб ўйлайман.

Демак, бу енгил иш эмас. Тарбия – фақат таъсир, тартиб ёки назорат, тафтиш эмас, у илоҳий нарса. Тарбия фарзандни доим назоратга олиш, кузатиб бориш дегани, чунки Аллоҳ таоло сураи Фотиҳанинг биринчи оятида оламларнинг роббиси Аллоҳга мақтовлар бўлсин, деган.

Бу оятда Аллоҳ Роб исмини келтирган. «Роббил аъламийн» – бутун оламларнинг мураббийси дегани. Агар Аллоҳ мураббийлиги, яъни назорати, кузатувини лаҳза тўхтатса, оламлар издан чиқиб кетади.

Тошкент шаҳар Мирза Юсуф жоме масжиди имом хатиби
Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов

Фарзанд оқ қоғоз кабидир

Агар мураббий ёки ота-она фарзандига бир лаҳза эътиборсиз бўлса, фарзандлар тарбияси бузилиб кетади. Расули акрам соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларки, ҳар бир туғиладиган бола фитратда туғилади, яъни ҳар бир чақалоқ покиза бўлади, у оқ қоғоз кабидир.

Бу ҳадисни муҳаддисларимиз ота-она бобида келтирмасдан тақдир бобида келтирганлари тарбиянинг тақдирга боғлиқлигини билдиради. Тарбияга кеч қолинмаса бўлди.

Насл-насаб 7 авлодгача таъсир қилади

Тарбия боланинг отаси, онасини танлашдан бошланади, чунки Расули акрам алайҳиссалом айтганлар: «Муносиб келин ёки куёв танлангларки, ирқ ўтувчидир». Яъни ота-онанинг феъли болага ўтади, шунинг учун бола яхши тарбияли бўлиши учун отаси тарбияли бўлиши керак. Онаси насл-насабли, покиза, дин-диёнатли бўлса, отаси ҳам шундай бўлса, албатта, бола насл-насабига тортади, ундан қочиб кетолмайди.

Насл-насабнинг то 7 авлодгача таъсири бўлади.

Қариндошлар халифага шикоят қилишди

Ҳазрати Умар хутба қилганларида: «Эй мўминлар, насл-насабларингизни суриштиринглар», дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини келтирдилар, улар насл-насабни ўрганишга буюрганлар.

Ҳазрати Умарнинг бу хутбаларига сабаб бўлган воқеа шундай эдики, икки киши уришиб қолади ва Умар ибн Хаттобга шикоят қилиб келишади. Шунда Ҳазрати Умар уларни суриштирса, икковлари аслида қариндош чиқиб қолишади. Шунда айтганлар: «Насл-насабларингни суриштиринглар, меҳр-муҳаббати зиёда бўлади».

Агар улар ҳақиқатан ҳам қариндош эканликларини билганларида эди, уришишмасди, шикоят қилишга боришмасди. Шунинг учун динимиз никоҳга буюрди, зинони ҳаром қилди. Бу наслни аниқлаш, аралашиб кетмаслиги учундир.

Ҳизр ва Мусо алайҳимуссаломлар қиссаси

Қуръони каримда ҳазрати Ҳизр алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссалом бир қишлоққа борганларида қишлоқ аҳли уларга жой, овқат бермайди, аммо икковлари шу ердаги нураётган деворни тиклаб қўйишади.

Шунда ҳазрат Мусо: «Қишлоқ аҳли бизга ёрдам бермади, сиз нега эски деворни тиклаб қўйдингиз?» деб сўраганларида, Ҳизр алайҳиссалом тушунтириб берганлар: «Ўша девор қишлоқдаги икки етим боланинг девори эди. Деворнинг тагида хазина бор эди, агар у йиқилса, хазина очилиб қоларди, одамлар уни талаб кетишади ва уларга ҳеч нарса қолмайди».

Аллоҳнинг истаги эса, етимлар катта бўлгунча девор йиқилмаслиги, хазина очилмаслиги керак. Шу етим болаларнинг отаси яхши одам бўлгани боис икки азиз бандаси – авлиё ва Пайғамбарини Аллоҳ ҳатто Қуръонда исми ҳам келтирилмаган, номаълум бўлган икки етим болага текин мардикор қилиб қўйди. Нима учун деса, уларнинг отаси солиҳ инсон бўлган.

Қаранг, отанинг яхшилиги туфайли Аллоҳ Пайғамбарни икки болага мардикор қилиб қўйди. Имом Ибни Касирнинг тафсирларида ўша ота қайси ота деганда еттинчи отасини келтиради ва у солиҳ инсон бўлганди.

Наслнинг эътибори етти наслда давом этишини психогенетика фани ҳам тасдиқлайди.

Оила қуришда насл-насаб суриштирилади

Насл-насаб нима учун доим суриштирилади? Чунки фарзанд тарбиясида насл-насаб асосий ўрин тутади. Муносиб келин ва куёв танланганидан кейин, улар фарзандли бўлиб, ота болага ҳалол луқма едирса, у ҳеч қачон ноқобил бўлмайди. Бу аниқ шарт.

Шунга биноан, оз бўлса-да, қаноат қилиб, ҳомиладор бўлган онага ҳалолдан едирсинлар. Ҳомиладор она истаган нарсасини ота олиб келишга ҳаракат қилади. Фарзанд туғилганда шариат тайин қилган масофаларда ҳақлар бор.

Фарзанд туғилганда ота-она зиммасидаги вожиб амаллар

Фарзанд туғилиши билан ота-она зиммасига вожиб ҳақлар пайдо бўлади. Болага яхши исм бериб, қулоғига азон айтиши керак, сочини олиб, садақа қилиб, 7-14-куни ақиқа қилинсин, дейилади.

Ақли кирганда таълим бериш, вояга етганда уйли-жойли қилиш – булар маълум масофадаги ҳақлардир. Нима учун маълум масофалардаги ҳақлар? Уларнинг ҳаммаси ота-она фарзандини кузатиб туриш учун.

Ота-она кексайганида ҳам фарзандини тарбия ёки назорат қила оладими?

Уламолар жавоб беришларича, ота-она фарзанди учун намозларнинг ортида қиладиган дуолари билан назорат қилади. Ота-онанинг яхши дуоси билан боланинг ёмон тақдири яхши бўлади. Ота-онанинг ёмон дуоси билан яхши тақдир ёмон ҳам бўлади.

Шунинг учун фарзанд ота-онасининг энг яхши дуосини олишга чақирилади.

Ота-она учун фарзанд учун катта тижорат эканлигини айтиб ўтган эдик, яъни касодга учрамайдиган тижорат. Бу нарсани ота-онаси ҳаёт бўлган одамлар яхши тушунишади.

Фарзандининг тарбиясини мактабга топширган ота-оналар

Шарияти Ислом фарзандга биринчи ўринда ота-онани жавобгар қилиб қўйган. Ота-она зиммасига тарбияни вожиб қилиб юклаган. Ўқитувчилар бола ҳаётининг маълум қисмида унинг тарбиясига гўёки ота-оналар томонидан ёлланган мураббийлар ҳисобланадилар. Уларни айбдор қилиш ҳеч мантиққа тўғри келмайди.

Абу Ҳанифанинг бир ўғли бор эди. Устозлари Ҳаммод бин Шараф номларига атаб ўғлига Ҳаммод деб исм қўйгандилар. Имом ҳазратлари катта савдогар бўлганлар. У жуда банд эди ва фарзандига аввалги Қуръоний таълимни бериш учун устоз ёлладилар. Илтимос қилдиларки, ўғлимизга Қуръон ўқишни ўргатиб беринг. Устоз Ҳаммодга сураи Фотиҳани ёдлатди. Устозни ҳузурида отасига Ҳаммод фотиҳа сурасини чиройли қилиб тиловат қилиб берди.

Шунда Имом Ҳанифа чўнтакларидаги 500 динорни устознинг олдига қўйдилар. 1 динор танга 5 грамм олтиндан бўлади. 500 динор катта пул бўлган. 1 динорга ўша маҳалда катта қўй берилган. Бу дегани Фотиҳа сурасини ўргатгани учун устозга 500 та қўй берилди.

Шунда устоз бироз хижолат бўлди. Ҳазратга жуда кўп пул берганлиги, битта динор ҳам кўплик қилишини айтганида, Имом Ҳанифа бир гап айтди:

«Устоз, хизматингизни енгил санаманг. Бу ҳали ёнимда бўлганидир. Агар ёнимда бутун молим бўлганида пойингизга қўйган бўлардим. Ўғлимга Фотиҳани, Қуръоннинг онаси бўлган сурани ўргатганингиз учун».

Ноқобил фарзанд учун охиратда ота-она жавобгардир

Ота-она устозларнинг хизматини юксак санаши керак. Устозларни айблаш ўз масъулиятини бошқага юклаш деганидир.

Шариатнинг вожиб деган ҳукмини тушунишимиз керак. Бу дегани мазкур иш қилинмаса ёки бузиб қилинса, ота-она гуноҳкор бўлади. Фарзандини ноқобил ўстирган ота-она албатта гуноҳкор бўлади. Охиратда Аллоҳ ноқобил фарзандлар учун жавобгар қилади.

Гўзал тарбиядан яхши мерос йўқ

Тўғри, ҳар бир ота-она фарзандига фақат яхшиликни илинади. Фарзанди учун ортиқча орзу-ҳавас қилади ва иккаласи бирга ишлайди. Ота-она фарзандини тарбия қилиш керак бўлган пайтда орзу-ҳавас учун тирикчилик қилишга мажбур бўлади, бола тарбия оладиган ёшда тўлиқ тарбия ололмай қолади.

Аммо, афсуски, эртага орзу-ҳаваслар ўтмай қолиши бор. Аслида, орзу-ҳавас чиройли тарбия билан бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ота фарзандига чиройли тарбиядан кўра, яхши одоб беришдан кўра яхшироқ нарса мерос қолдирмаган», деган ҳадислари бор.

Мавзуга оид

Эълонлар

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан