Ўзбекистон | 20:27 / 13.03.2020
13839
2 дақиқада ўқилади

Қурилишда ғишт ишлатиш максимал даражада камайтирилади

Ўзбекистонда Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилди.

Шуҳратхўжа Ҳошимов / Фото: Қурилиш вазирлиги

13 март куни Қурилиш вазирлигида янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодекси лойиҳаси юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда вазирлик раҳбарияти, депутатлар ва соҳа мутахассислари қатнашди.

Қурилиш вазири ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов энергосамарадор қурилиш материалларидан фойдаланиш масаласига тўхталди.

«2021 йилдан бошлаб қурилиш ишларида ғиштни қўллаш максимал даражада камайтирилади.

Деворбоп энергосамарадор, энерготежамкор материаллар бу – пенобетон, газобетон.

Эътибор бераётган бўлсангиз, янги қурилаётган уйларда ташқи тарафдан базальт толали плиталар ёрдамида иссиқликни сақлаш масаласи ҳал этиляпти.

Бу, биринчидан, заминимиздаги ресурсларга иқтисодий нуқтайи назардан ёндашиш, иккинчидан аҳолининг оила бюджетини иқтисод қилиш имконини беради», – деди Шуҳратхўжа Ҳошимов.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, вазир ўринбосари республикада қурилган бинолар, қишлоқ уйларининг сифати бўйича аҳолида эътирозлар  кўплигини айтиб ўтган.

Унинг таъкидича, айнан шу эътирозларни инобатга олган ҳолда, Шаҳарсозлик кодекси лойиҳасида қурилиш тизими назорати, сифат назорати, буюртмачи хизмати, пудрат ташкилотининг техник назорати, муаллифлик назорати бўйича алоҳида боб киритилган. Бу эса қурилишнинг ҳар бир йўналишида фаолият олиб борувчи мутахассислар масъулиятини оширади.

Мавзуга оид