Қурилишдаги тугамаётган қонунсизликлар: Самарқандда фуқаро уч йилдан буён тўлов ўрнига жавоб хатлари олади
Аслида Самарқанд шаҳри Шоҳрух кўчасидаги ҳолат бир қараганда жуда ҳам оддий, ҳар қандай одам бир қарашда тушунадиган вазият: қурувчи шу кўчадаги уйлардан бирида яшайдиган Фарид Холмуродов билан келишувга эришмасдан туриб кўп қаватли уй қурилишини бошлаб юборган.

Ҳолбуки, маълум бир ҳудуддан кўп қаватли уй қуриш учун ўша ҳудудда яшовчи фуқаролар билан келишувга эришилиши керак. Ҳарҳолда, қонун устувор бўлган жамиятда хусусий мулк дахлсизлиги ҳам таъминланиши даркор.
Фуқаро Холмуродов бир неча йилдан бери қурилиш майдони ичида қолиб кетган уйда яшайди. Уйи батамом авария ҳолатига келиб қолган. Ана шу кўриниб турган ҳолатни Самарқанд шаҳридаги бирор-бир мутасадди кўрмаётгани қизиқ.
Фуқаронинг нажот сўраб турли идораларга ёзган хатларию олган жавобларини тўплаб ёқса — қишнинг совуқ кунида битта уйни иситишга етади.
Бу ҳудудда кўп қаватли уй қурилишини бошлаган ташкилот «Жаҳон кафолат стил» ХК ҳисобланади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги 2017 йилда ушбу корхонага қурилиш учун рухсат берган. Мазкур қарор қурилиш корхонасига Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 26 майдаги 97-сонли қарорида белгиланган тартибда шу ҳудудда яшовчи фуқароларни кўчириш шарти билан берилган. Аммо фуқароларнинг ҳаммаси ҳам кўчирилмай туриб қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Оқибатда Фарид Холмуродов деярли уйсиз аҳволда қолган.
Аввалига қурилиш кетаётган ҳудуддаги уйида оиласи билан яшашга мажбур бўлган. Кейин эса оиласини Пайариқ туманига кўчириб юбориб, яшаш учун хавфли бўлган мана шу уйда ёлғиз ўзи қолган. Ҳозирги вақтда бу уйга киришга қўрқиб ҳам қолган.
Аслида, фуқаронинг дардини тинглайдиган, муаммоларини ҳал қиладиган ташкилотлар бор. Ф.Холмуродов дастлаб ана шу ташкилотларнинг деярли барчасига мурожаат қилиб чиққан. Биргина Самарқанд шаҳар ҳокимлигига 6-7 марталаб мурожаат қилган. Муаммо эса уч йил олдин қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам худди шундайлигича қолмоқда.
Фуқаронинг энг сўнгги мурожаатига асосан, шу йил 11 сентябрь куни вилоят Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси вакиллари ҳолатни жойида ўрганган, далолатнома тузишган. Улар тузган далолатномада қуйидаги сўзлар ёзилган:
«Фуқаро Холмуродов Фарид бундан олдин ҳам бир неча марта мурожаат қилган бўлиб, шу вақтгача қурувчи ҳамда фуқаро ўртасида уй-жойни олди-сотди шартномаси келишилмаганлиги маълум бўлди...».
Бу масалани ўрганиб ҳал этиш учун юборилган мутахассисларнинг далолатномаси. Бундан ҳам ёмони — ўрганиш учун сўнгги марта келган мутасаддилар қурилиш биноси фуқаронинг уйидан 40 метр олисда экани тўғрисида нотўғри маълумот ҳам киритган... Чунки фуқаронинг уйига зарар етказган, унинг уйи ёнидан айнан қурилиш корхонаси томонидан қазилган чуқур ҳозирда кўмиб юборилган. Умуман, чуқур ва уй орасидаги масофа эса 20 метр атрофида. Лекин гап бунда ҳам эмас.
Умуман олганда, фуқаронинг уйи айнан қурилиш сабаб авария ҳолатига келгани, унинг уйи қурилиш майдони ҳудудига кириши ва шу сабабдан қурувчи томонидан фуқаронинг кўчирилиши лозимлиги тегишли ҳужжатларда қайд этиб қўйилган. Бу кўчиришнинг мажбурийлиги юзасидан шу вақтгача ҳатто қурувчи ҳам эътироз билдирмаган. Аммо, муаммонинг ечимини топиш учун келган мутасадди ташкилотлар орасида ана шундай далолатнома қилаётганлар ҳам бор!
Мурожаатларнинг бунданда «қизиқ» (тўғрироғи, «аянчли») тарзда ёпилган ҳолатлари ҳам бор.
Фуқаро мурожаатига асосан, ўрганишга келган Самарқанд вилоят қурилиш дирекцияси мутасаддилари томонидан тузилган яна бир далолатномада муаммо ҳал этилгани, фуқаронинг уйи ўрнига қурувчи шаҳарнинг бошқа қисмидан уч хонали уй олиб беришига келишилгани маълум қилинган. Холмуродов эса бу гап ғирт ёлғонлигини айтмоқда.
Хўш, нима сабабдан бу уйнинг «снос»и амалга ошмай қолган? Одатда бундай ҳолат юзага келишига уй эгасининг бузилаётган турар жой учун ҳаддан ташқари катта, ақлга сиғмас даражада пул сўраши ёки қурувчининг беписандлиги сабаб бўлади. Хўш, бу ерда нима бўлган?
Қурилиш корхонаси — «Жаҳон кафолат стил» ХК вакили билан суҳбатимизда корхона вакили фуқаронинг уйи учун 25 минг АҚШ доллари миқдорида пул таклиф қилгани, фуқаро эса 30 минг доллар сўраётганини маълум қилди. Яна бир суҳбатда эса қурилиш корхонаси фуқарога уйнинг яшаш қисми квадрат метри қанча бўлса шунга мос тарзда ҳисоб-китоб қилишини, фуқаро эса уйининг қурилиш ости майдонига тенг ўлчамдаги уй берилишини сўрамоқда экан. Хулосани ўзингиз чиқаринг...
Масаланинг яна бир томони бор. Қурилиш корхонаси вакилининг маълум қилишича, корхона томонидан қурилишни бошлашдан олдин тегшли ҳужжатлар тайёрланган. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан қарор чиқарилган. Аммо, кейинчалик яна шаҳар ҳокимлиги томонидан бу қарор бекор қилинган. Қурилиш корхонаси энди ўртада жуда катта йўқотишга учраш арафасида.
«2017 йил август ойида кўп қаватли уй қуриш учун қонуний қарор олганмиз. 2018 йил ҳукумат қарори билан Самарқанддаги барча қурилишлар тўхтатилди. 2019 йил май ойида бизга чиқарилган қарор Самарқанд шаҳар прокуратураси протестидан сўнг бекор бўлганди. Ўшадан бери қурилишимиз тўхтаб турибди.
Мазкур жой шаҳарнинг тарихий муҳофаза ҳудудида бўлгани учун қурилишлар тўхтатилган. Чунки қуриладиган бино кўп қаватли. Шу сабабдан уч қаватдан зиёд бино қуриш мумкин эмас, дейилди. Энди эса уч қаватга ҳам рухсат этилмаяпти. Бино баландлиги 7,5 метрдан ошмасин дейиляпти.
Биз ўша вақтда тегишли ташкилотлардан қандай ҳужжат керак бўлса барчасини олганмиз. Тасдиқлаган лойиҳада 3-4 қаватли бино қурилиши кўрсатилган. Аммо ўтган йили маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш департаментидан комиссия келиб ўрганди ва бинолар қурилиши, баландлиги бўйича хулосаларини беришди.
Энг қизиғи, айни вақтда битта ҳудудда ҳозирда кўп қаватли қилиб кўтарилган уйлар ҳам бор, менга ўхшаб уч қаватга ҳам рухсат ололмаётганларам... Ҳолбуки, мен қураётган уй ҳудуднинг пастлик қисмида жойлашган. Бу ҳудудда яшаган фуқаролар билан келишувимизга кўра мен тезда уйни кўтаришим ва улар янги қурилган уйларга келиб жойлашиши керак эди. Уч йил ичида бу ерда жуда катта йўқотишларга учрадик», дейди «Жаҳон кафолат стил» ХК иш юритувчиси.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги эса ушбу бино қурилиши учун ҳақиқатан ҳам ҳокимлик қарори берилгани, аммо қурилиш учун Маданият вазирлиги рухсати олинмагани сабаб бу қарор бекор бўлганини айтмоқда.
Масаланинг учинчи томони ҳам бор. Шаҳар ҳокими қарорини бекор қилиш бўйича Самарқанд шаҳар прокуратураси протестида айнан ер эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилгани кўрсатилган ва шу каби ҳолатлар асос қилинган.
Шундай қилиб, маҳаллий ҳокимликнинг айби ўлароқ қурувчи ҳам, уйи «»снос» га тушган фуқаролар ҳам зарар кўрмоқда.
Хўш, қурилиш корхонаси шаҳар ҳокимлиги қарори билан қурилишни бошлаган ва бу қарорни прокуратура ноқонуний деб топган бўлса, қурувчининг ўртада кўрган миллиардлаб зарарини энди ким қоплайди? Ёки ноқонуний қарор чиқарилишида қурувчининг ҳам айби борми?
Мавриди келганда, эслаб ўтмоқчимиз: айнан ҳокимлик қарори билан қурилишни бошлаб, кейин бу қарор ноқонуний деб топилган ҳолатлар ягона эмас. Мана шундай ҳолатда қурилиш корхоналари кўрган зарар қопланиши бўйича амалда бирор тизим бор ёки йўқлигини айни вақтда қурувчиларнинг ўзи ҳам билмай ҳайрон. Буниси энди алоҳида мавзу...
Энди ҳикоямиз қаҳрамони мавзусига қайтсак. Унинг тақдири нима бўлади? Ушбу мурожаатни ўрганаётган вақтимизда шу ҳудуддаги собиқ уй эгалари келиб дардини айтишди. Улар 2017 йил қурувчи томонидан ижара уйларга чиқарилган ва тез орада қурилажак янги уйлардан берилиши маълум қилинган. Аммо орадан уч йил ўтгач, улар ҳам қурувчидан уйини талаб қила бошлашган. Хуллас, муаммо ортидан муаммо.
Дарвоқе, «снос» қилинмасдан бошланган қурилиш сабаб авария уйида қолиб кетган Ф.Холмуродовнинг муаммоси 2019 йил июнь ойида сайтимизда эълон қилинган эди. Афсуски, мақола тақдири фуқаронинг мутасаддиларга ёзган мурожаатлари тақдири билан бир хил: ҳеч қандай натижа йўқ.
Шунча гапдан кейин, бизнингча битта саволни беришга асосимиз бор: Самарқанд шаҳрида қурилиш билан боғлиқ қонунсизликлар қачон тугайди?
Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид

13:01 / 15.01.2025
Бешёғоч бозорининг ўрнида 9 қаватдан баланд бино қуриш Тошкент бош режасига зид — Қурилиш вазирлиги

13:24 / 28.11.2024
“Самарқандни одамлар шаҳрига айлантиришимиз керак, ҳозир машина-шаҳарга айланган” — Турдимов

21:39 / 27.11.2024
Самарқандда трамвайнинг 3-йўналиши очилиши мумкин

11:25 / 29.09.2024