Бешёғоч бозорининг ўрнида 9 қаватдан баланд бино қуриш Тошкент бош режасига зид — Қурилиш вазирлиги
Бозор ўрнида йирик бизнес марказ қуриш истагидаги Туркия компанияси тақдим этган суратларда тўртта осмонўпар бино лойиҳасини кўриш мумкин. Қурилиш вазирлиги бундан буён пойтахтдаги ҳар қандай қурилишлар тасдиқланган бош режага мувофиқ бўлиши кераклиги, Бешёғоч бозори реновация ҳудудида жойлашгани, лекин бу ҳудудда 9 қаватдан юқори бино қуриш мумкин эмаслигини билдирди.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги
Қурилиш вазирлиги Чилонзор туманидаги «Бешёғоч» деҳқон бозори ўрнида йирик бизнес маркази қурилиши ҳақидаги хабарларни рад этди.
«Энди Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган барча қурилишларга тасдиқланган Бош режага мувофиқ рухсат берилади. Пойтахт Бош режасига кўра, ушбу реновация ҳудудида 9 қаватгача бино қурилиши белгиланган. Ҳозирда мазкур ҳудудда йирик бизнес марказининг қурилишига оид рухсатнома ёки архитектура режалаштириш топшириғи мавжуд эмас», дейилади раддияда.
Аввалроқ, Чилонзор тумани ҳокимлиги Туркиянинг Albayrak Holding компанияси билан ушбу масалада музокара ўтказилгани ҳақида хабар берганди. Хабарга туркияликлар томонидан тақдим этилган, тўртта осмонўпар бино экс этган лойиҳа сурати ҳам илова қилинган эди. Хабар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач, туман ҳокимлиги Albayrak'нинг таклифи ҳозирча фақат муҳокама босқичида эканини билдирди.

Тошкент шаҳрининг Бешёғоч бозори ҳудуди Фурқат ва Бешёғоч кўчалари чорраҳасида жойлашган тарихий ансамблга туташ. Бозор атрофида 1930 йилларда қурилган турар жой бинолари жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, пойтахтнинг узоқ кутилган бош режаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 декабр кунги қарори билан тасдиқланди.