Сурхондарёдаги дронлар, Каттақўрғондаги авиаҳалокат ва оширилаётган маошлар — ҳафта дайжести

Ўзбекистон 14:42 / 19.11.2023 28470

Якунланган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари — Kun.uz дайжестида.

Ҳафта президент Шавкат Мирзиёевнинг энг жанубий вилоят — Сурхондарёга жорий йил давомидаги учинчи ташрифи билан ёдда қолди. Президент Сурхондарёда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, вилоят аҳолисининг турмуш тарзини юксалтиришга қаратилган режалар билан танишди.

Мирзиёев Бойсун туманида «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ-кимё мажмуаси қурилиши билан танишди.

Surkhan Gas Chemical Operating Company хорижий корхонаси томонидан амалга оширилаётган, 7 минг киши меҳнат қилаётган мазкур лойиҳанинг қиймати қарийб 3 млрд доллар. Мажмуа йилига 5 млрд метр куб газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Ҳозиргача конни ўзлаштиришга 1 млрд 450 млн долларлик инвестиция киритилиб, 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланган. 11 та газ қудуғи синовдан муваффақиятли ўтган.

«Асосий мақсад газни хомашё ҳолатида сотиш эмас, уни қайта ишлаб, қўшимча қийматли маҳсулотлар олиш бўлиши лозим. Инвестиция тез вақтларда ўзини оқлаб, завод рақобатбардош бўлиши учун охирги маҳсулот сифатли ва юқори даромадли бўлишига эришиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мамлакатнинг иккинчи йирик ГЭСига айланган Тўпаланг гидро электр станциясига борди. Бу ерда сўнгги уч йилда сув омборининг сиғими 380 млн метр кубдан 500 млн метр кубга кўтарилди. Жами қуввати 145 мегаваттли иккита агрегат ўрнатилди. Тўпаланг ГЭСнинг умумий қуввати 175 мегаваттга етиб, Чорвоқ ГЭСдан кейин мамлакатдаги иккинчи йирик станцияга айланди.

Сариосиёда қуввати 16 MW ва йилига 70 миллион kWh экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарадиган «Зарчоб–3» кичик ГЭСи қурилишига ҳам старт берилди. 2020 йил декабрда 37 MWли «Зарчоб–1» ҳамда 2021 йил сентябрда 38 MWли «Зарчоб–2» ГЭСлари ишга туширилганди.

Тўпаланг дарёси негизида гидро энергетика қувватларини ошириш бўйича тақдимот ҳам ўтказилди. Унга кўра, келгуси йилларда дарёнинг юқори қисмида қуриш учун 20 та истиқболли лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг умумий қуввати 264 MW бўлиши мўлжалланган.

Ичимлик суви лойиҳасининг биринчи босқичи ҳам ишга туширилди. Лойиҳа тугаллангач, «Тўпаланг» сув омборидаги сув вилоятнинг турли нуқталарига қувурлар орқали етиб боради ҳамда минералларга бой обиҳаётдан қарийб 2 млн аҳоли баҳраманд бўлади.

Вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70 фоизга етди. Сув юқоридан ўз оқими билан оқиб тушиши туфайли 8,6 млн kWh электр энергияси ҳам иқтисод қилинади.

Шунингдек, Сурхондарёда президентга пилотсиз бошқариладиган ҳарбий учар қурилмалар намойиш этилди. Эътиборлиси, Ўзбекистон қуролли кучларида Туркиянинг Bayraktar TB2 разведка-зарба дронлари ва ташқи кўриниши Американинг MQ-9 Reaper қурилмасига жуда ўхшаш бўлган Хитойнинг Wing Loong дронлари, шунингдек бошқа давлатлар томонидан ишлаб чиқарилган турли учувчисиз учиш мосламалари мавжудлиги маълум бўлди.

Қайд этиш керакки, бугунги кунда дунёда рўй бераётган можаролар фонида ҳар бир давлат мудофаасида шу соҳани ривожлантириш асосий ўринга чиқмоқда.

Эртаси куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Сурхондарёни ривожлантиришда мавжуд конларни ишга солишни буюрди. Сариосиёда қўрғошин, рух, олтин ва оқ мармар, Бойсун ва Сариосиёда кўмир, Шерободда калий ўғити захираларини ўзлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Келгуси йили вилоятда 1,5 млрд доллар инвестиция олиб келиб, саноатда 12 трлн сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 500 млн долларга етказиб, 100 млн доллар импортни қисқартириш вазифалари кўрсатиб ўтилди. 400 минг аҳолини банд қилиш вилоят ва туман ҳокимларининг асосий вазифаси бўлиши кераклиги айтилди.

Вилоятнинг туризм салоҳияти ҳам юқори. Бу ерда 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм манзиллари борлиги, очиқ осмон музейларини кўпайтириш, Сангардак каби яна 10 та маҳалла туризм қишлоғига айлантирилиши айтилди.

1992 йилдан буён фаолият кўрсатмаётган Сариосиё аэропорти фаолиятини йил якунига қадар тиклаш, келгуси йилдан Сариосиёдан Самарқанд ва Тошкентга мунтазам авиарейсларни йўлга қўйиш, Термиздан эса Истанбул, Фарғона, Бухоро ва Хоразмга рейсларни кўпайтириш вазифаси белгиланди.

Сурхондарё ёшларини спортга жалб қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Бу мақсадларга 30 млрд сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. «Учқизил» сув омборида байдарка ва каноэда эшкак эшиш базаси ташкил қилинади.

Каттақўрғондаги фожиа

17 ноябр куни соат 20:15 да Самарқанд вилоятидаги «Каттақўрғон» полигонида Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига тегишли Ми-8 вертолёти қулаб тушди. Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ҳодиса ўқув парвоз чоғида рўй бергани, унинг оқибатида вертолёт экипажи ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган.

Вертолёт бортида неча киши бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Бу мустақил Ўзбекистон ҳарбий авиацияси тарихидаги навбатдаги фожиа бўлди.

ОАВга маълум авиаҳалокатларнинг биринчиси 2006 йил 19 октябр куни соат 7:30 да Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида рўй берган. Ўшанда аэродромга қўниш вақтида бортида мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари бўлган Ан-2 самолёти ҳалокатга учраган. Ҳодиса оқибатида 15 киши — экипажнинг икки аъзоси ва 13 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Ҳодисага об-ҳаво шароити кескин ёмонлашуви сабаб бўлгани айтилган.

2016 йил 18 октябр куни Фарғона вилоятида мудофаа вазирлигининг Ми-171Е вертолёти ҳалокатга учраганди. Вазирлик ҳодиса оқибатида жами 9 киши — экипажнинг уч аъзоси ва олти нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган.

Шунингдек, 2021 йил август ойи ўрталарида Сурхондарё вилояти ҳудудида афғонистонликлар ҳарбий самолёти Ўзбекистон қирувчи самолёти билан тўқнашиб кетганди. Ўшанда толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келиши жараёнида собиқ ҳукумат армиясининг ўнлаб ҳарбий самолётлари вертолётлари Ўзбекистон ҳаво ҳудудига қочиб ўтганди. 16 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Афғонистон ҳарбий ҳаво кучлари самолёт бўлаклари тасвирлари пайдо бўлади.

Ўзбекистон бош прокуратураси 15 август куни Термиз аэропортига қўнишга рухсат олган учта Embraer 314 ҳарбий самолёти Ўзбекистоннинг МиГ-29 русумли қирувчи самолётлари кузатувига олингани, аммо кузатув давомида Embraer 314 ва МиГ-29 самолётлари тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулагани ҳақида маълум қилди. Ушбу самолётлар учувчилари муваффақиятли катапулта қилинган. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмаган.

Ғазодаги босқинга муносабат

Ғазода юз бераётган Исроил босқинига ҳафта ичида Ўзбекистон расмийларининг муносабатлари ҳам диққат марказида бўлиб турди. Саудия Арабистонида ўтган Араб-ислом давлатлари саммитида Ғазо секторидаги вазият муҳокама қилинди. Унда қатнашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов томонларни муросага келишга чақирди.

Бош вазир Ар-Риёд саммитидаги чиқишида Ўзбекистон Фаластин билан бирга эканини яна бир бор таъкидлаб, мусулмон давлатларни Ал-Ақсо дахлсизлигини сақлаб қолишга чақирди.

«Вайронагарчилик ва ҳалокат кўлами бўйича бу низо Яқин Шарқ можаросининг охирги 50 йиллик тарихида илк бор кузатилмоқда. Энг ачинарлиси, бу инқирознинг охири кўринмаяпти. Биз Фаластин диёридаги можарога жим қараб туролмаймиз», деди Абдулла Арипов.

Арипов Ўзбекистон Фаластиннинг халқаро меъёрларга мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини такрорлади.

«Ғазо секторида юз бераётган қонли тўқнашувлар натижасида йўқотишлар ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Биз гўдаклар ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз. Қурбон бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия изҳор қиламиз. Биз Фаластин халқи билан эканимизни яна бир бор билдирамиз», — деди Арипов.

Ўзбекистоннинг биринчи хоними, Zamin халқаро жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ҳам Туркиянинг Истанбул шаҳрида Фаластин бўйича ўтказилган саммитда иштирок этди.

Ўзбекистон халқи Фаластиннинг тинч аҳолиси бошига тушган кулфат ва қайғу-аламларни юракдан ўтказмоқда, деди Зироат Мирзиёева Истанбулдаги саммитда.

У ҳар икки томонни ҳам зудлик билан ўт очиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга, танг аҳволда қолган аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун имконият яратишга, низони фақатгина тинч, дипломатия йўли билан “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишга чақириб, Ўзбекистоннинг бу борадаги қатъий позициясини яна бир бор билдирди.

Саммит якунида давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларининг Ғазо сектори бўйича йиғилиши Яхши ният декларацияси қабул қилинди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар 7 фоизга оширилади. Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 340 минг сўм этиб белгиланиши эълон қилинди. Бу борада Ўзбекистон президентининг 2023 йил 17 ноябрдаги 196-сонли фармони эълон қилинди.

Яъни:

- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 372 минг сўм (ҳозир – 347 минг сўм);

- ёшга доир энг кам пенсия миқдори – 725 минг сўм (677 минг сўм);

- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 1 млн 50 минг сўм (920 минг сўм) этиб белгиланмоқда.

Президентнинг фармони натижасида 4,5 млн кишининг пенсияси ва нафақалари миқдори кўпаяди ва барча бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик маошлари декабрдан бошлаб 7 фоизга ошган ҳолда ҳисобланади.

Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори 1 декабрдан 3 фоиз миқдорда ўзгариб, 340 минг сўм (ҳозир 330 минг сўм) этиб белгиланмоқда.

* * *

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида автомобил устига дарахт қулаб тушди. Машина орқа ўриндиғида ўтирган 26 ёшли қиз олган жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этган.

«Қулаган дарахтни кўздан кечириш чоғида у қуриб қолгани бўйича белгилари аниқланмади, дарахт мутлақо соғлом бўлган», – дейди Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ходими. Ободонлаштириш бошқармаси вакили ҳам фожиа содир бўлган ҳудуддаги дарахтлар доимий назоратда бўлиб келгани, қуриб қолиш ёки чириш аломатлари бўлмаганини маълум қилди. Аммо Kun.uz ихтиёрида ушбу дарахт танаси чирий бошлагани ва ташқи таъсирларга кучсиз бўлиб қолганини исботловчи видео бор.

Chevrolet Onix’нинг энг арзон комплектацияси нархи 149 млн сўмдан 177 млн сўмгача қимматлашди. Аммо нархи оширилган 5 хил турдаги Onix моделларининг бирортаси эркин сотувда йўқ. Боз устига, нарх ошгани ҳақидаги маълумотлар бу сафар ҳам расман эмас, «енг ичида» эълон қилинди

Аввалроқ, Onix 3LT MT моделининг нархи ҳам 159 млн сўмдан 184,7 млн сўмга оширилиб, кейин сотувга чиқарганди.

Автомобиллар мавзусида яна бир эътибортортар хабар: Тошкент шаҳрида белгиланган тезликни ошириб, 44 бор радарга тушган ҳайдовчининг машинаси хатланди. Ҳайдовчининг 25 млн сўмлик жарималари йиғилиб қолган.

МИБнинг Яшнобод тумани бўлими қарздорга тегишли Nexia-3 русумли транспорт воситасини хатлаб, жарима майдончасига жойлаштирган. Энди ушбу автотранспорт воситасини реализация қилиш ишлари юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар