Россия Давлат Думаси Кенгаши бир овоздан депутатларга фақат Россияда ишлаб чиқарилган автомобиллардан фойдаланишга кўрсатма бериш тўғрисида қарор қабул қилди.
«Келгуси йилдан бошлаб, депутатлар ўз сайлов округларида фақат Россияда ишлаб чиқарилган автомобиллардан фойдаланиши тўғрисида қарор қабул қилинди», дейилади Дума кенгаши ҳисоботида.
Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин аввалроқ хабар берганидек, Думадаги хизмат кўрсатиш автомашиналари эскириб борган сайин маҳаллий брендларга алмаштирилади.
Володин сўзларига кўра, «бу қарор Россия автомобил саноатини ривожлантиришга ёрдам беради ва бюджет маблағларини мамлакатда қолдиради».
Август ойи бошида Путин «мамлакатдаги барча амалдорлар маҳаллий автомобиллардан фойдаланиши керак», деди ва «маҳаллий брендлар, автомобиллар ва бошқа маҳсулотларни ривожлантириш учун интилиш»га чақирди. Кейинроқ, Давлат Думаси спикери Володин депутатлар «Москвич», «Лада», «Аурус» ва «Волга» автомобилларидан фойдаланиш бўйича келишиб олганини айтди.
Калининград губернатори Алихонов, ўз навбатида, «ҳозирги мантиққа кўра, бу фақат рус брендлари бўлиши шарт эмас», деди: «Мавжуд қонунчиликка кўра, мен аллақачон маҳаллий автомобилдан фойдаланяпман — Калугада ишлаб чиқарилган Volkswagen Tiguan, унгача Россияда ишлаб чиқарилган Mitsubishi Outlander».