Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг соғлиғи ҳақида Кремлда маълумот йўқ. Бу ҳақда 18 сентябр, душанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков хабар қилди. «Бизда бу борада ҳеч қандай маълумот йўқ. Нима бўлганда ҳам, президент маъмурияти саломатлик ҳақидаги маълумотномани бера олмайди. Шунинг учун айтадиган гапимиз йўқ», - деди Песков.
Қодировнинг касаллиги ҳақида хабарлар
Ўтган ҳафтада Telegram-каналлари ва оммавий ахборот воситаларида Қодировнинг соғлиғи кескин ёмонлашгани ҳақида хабарлар яна пайдо бўла бошлади. Чеченистоннинг мухолифатдаги NIYSO Telegram-канали Чеченистон раҳбари гўёки комага тушиб қолгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда Украинанинг «Обозревател» нашри чечен диаспорасидаги манбага таяниб ёзди. Бироз вақт ўтгач, Украина Мудофаа вазирлиги («ГУР») Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов Қодировнинг касаллиги оғирлашганини, у «оғир аҳволда» эканлигини айтди.
17 сентябр куни Қодировнинг Telegram-каналида у боғда сайр қилаётгани акс этган видео пайдо бўлди. «Интернетда ҳақиқатни ёлғондан ажрата олмайдиган ҳар бир кишига тоза ҳавода сайр қилишни ва ўз фикрларини тартибга солишни қатъий тавсия қиламан. Ёмғир ажойиб тарзда тетиклантиради», - дейилади видеода. Шу билан бирга, видео ва Қодировнинг сўзларидан бу олдиндан суратга олинган тасвирми ёки ҳақиқий ёзувми, аниқлаб бўлмайди.
«Агентство» нашри таъкидлашича, 1 сентябрдан буён Қодиров долзарб воқеаларга оид видео ва суратларда кўринмаган.
Қодировнинг аҳволи оғир экани ҳақида хабарлар
Сайр видеоси эълон қилинганидан кўп ўтмай чечен ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифатчи Абубакар Янгулбоев Қодиров вафот этганини ёзди. У ҳеч қандай далил ва маълумот манбасига ҳавола келтирмаган.
«Эхо Москвы» бош муҳаррири Алексей Венедиктов Қодировда оғир буйрак етишмовчилиги кузатилаётганини айтди. «Шунинг учун тез-тез гемодиализ қилиш зарур. Бу, афтидан, Марказий клиник шифохонада амалга ошириляпти (Москвадаги президент маъмуриятининг марказий клиник шифохонаси)», - деб ёзади Венедиктов, маълумот манбасини кўрсатмасдан.
ОАВ ва ҳуқуқ ҳимоячилари Қодировнинг буйраги билан боғлиқ муаммолар ҳақида аввал ҳам бир неча бор хабар берган. Жорий йилнинг июл ойида чечен мухолифатчи блогер Тумсо Абдураҳмонов Қодиров диализ олаётгани ва «ўлим тўшагида» эканини ёзган эди.
«ВЧК-ОГПУ» аноним Telegram-канали бир кун аввал гувоҳларга таяниб, Марказий клиник касалхонага «ё чечен давлат рақамлари, ёки бошқа юридик шахсларнинг давлат рақамлари бўлган, лекин салонида Чеченистон фуқаролари ўтирган» автомобиллар «бирин-кетин» кириб келаётганини ёзган эди.