Европа Иттифоқида Россиянинг Украинага қарши уруши муносабати билан РФ Марказий банкининг жами 200 миллиард евролик активлари музлатиб қўйилди. Бундай маълумотларни 27 май, шанба куни Welt am Sonntag газетаси келтирмоқда. Аввалроқ Европа Иттифоқи мамлакатлари ва «Еттилик гуруҳи» (G7) Россия Марказий банкининг 300 миллиард евро миқдоридаги активларини музлатиб қўйгани ҳақида тахминлар бор эди, деб ёзади газета. Бироқ, бу маблағларнинг қанча қисми Европа Иттифоқи давлатларига тўғри келиши узоқ вақт давомида номаълумлигича қолди. Май ойи ўрталарида Еврокомиссия Европа Иттифоқи давлатларини ушбу ҳолатга ойдинлик киритишга мажбур қилди.
Еврокомиссия маълумотларига кўра, Welt am Sonntag «Россия президенти Владимир Путин билан боғлиқ олигархлар» деб атайдиган россияликларнинг ЕИ ҳудудида музлатилган шахсий активлари миқдори май ойи охирида 24,1 миллиард еврони ташкил қилган. 2022 йил декабрида у 18,9 миллиард еврога тенг бўлди. Жами 1473 нафар россиялик тадбиркор ва 205 та компания санкциялар остида қолган.
Ярим йил ичида музлатилган активларнинг ўсиши нисбатан кичик бўлганлиги Германия билан ҳам боғлиқ, деб ёзади журналистлар. 2023 йилнинг 24 февралида Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли бостириб кириши бошланишининг бир йиллиги муносабати билан Германияда блокланган россияликлар шахсий активларининг умумий миқдори 5,22 миллиард еврони ташкил қилди. Газетага Германия Молия вазирлигида айтилишича, май ойининг охирига келиб бу рақам ўзгармаган.
Музлатилган Россия активларидан Украинани реконструкция қилиш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда, бироқ бунинг учун Европа Иттифоқи қонунчилик тўсиқларини енгиб ўтиши керак. «Бу ерда биз эришмоқчи бўлган натижаларни кўрмаяпмиз», деб шикоят қилади Украина президенти девонининг маслаҳатчиси Владислав Васюк.