Қамалган «АCTIVIST» ва «Карвон»га айланаётган «Маданият ва маърифат» — ҳафтанинг шов-шувли икки воқеаси атрофида интервью 

Жамият 18:06 / 12.04.2023 32084

Аммо бу сафар шу одатимизга ўзгартириш киритган ҳолда ўтган ҳафта муҳокамаси бошланган ва ҳозирга қадар тўхтамаётган икки мавзу атрофида гаплашамиз.

15 суткага қамалган “АCTIVIST” ва “Карвон”га айланаётган Маданият ва маърифат телеканали.

Интервью меҳмонлари Адвокат Руслан Содиқов, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва санъатшунос Иқбол Қўшшаева бўлди.

— Руслан ака, “АCTIVIST” лойиҳаси муаллифи, блогер Ҳожиакбар Носировнинг қамалиши иши тафсилотларидан хабардормисиз ё кузатаётганингиз йўқми бу воқеани?

Руслан Содиқов:

— Кузатяпман. Табиийки, саволлар мавжуд.

— Демак, умуман олганда бу ишни кузатиб боряпсиз, тўғрими?

Руслан Содиқов:

— Ҳа.

— Юқорида айтганимдек, бугун блогернинг қамалиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хўш, ҳуқуқшунос, адвокат сифатида блогернинг қамалиши ҳолати бўйича сизда ҳам қандайдир тушунмовчилар борми ё ҳаммаси қонуний якун топдими?

— Лекин судда жавобгарликка тортилган моддаларни кўргач, таажжубга тушдим. Диний адоват қўзғатгани учун, деб келтирилган. Бу айбловни асоссиз деб биламан. Ҳуқуқий томондан зарар етказилган объект аниқ бўлиши керак. Диний адоват қўзғатиш деганда, дейлик, икки дин вакиллари ўртасида келишмовчилик чиқаришга сабаб бўлиши лозим. Ҳаром дейишлик ейишга яроқсиз, зарарли деган маънода ишлатилади. Диний адоват қўзғатиш деган нарса йўқ бу ерда. Умуман, динга боғлаб айблов қўйиш ва қамаб қўйиш — асоссиз. Бундан ташқари, 194-моддани ҳам қўшишган. Олдин ҳам бир неча марта айтганимдек, бу модда «навбатчи» модда бўлиб қолган. Олдин бунинг тартибини белгилаб чиқиш керак, ҳар қандай ҳолатга бу моддани тақайвериш нотўғри. Аввало ҳуқуқ органи ходимининг талаби қонуний бўлиши керак.

— Дейлик, бу иш доирасида ўша йогурт ишлаб чиқарадиган бренд эгаси - тадбиркор зарар кўрган ҳам дейлик. Блогерга иш очилиши, суд бўлиши учун ўша тадбиркорнинг ўзи кўрган зарари сабаб блогер билан фуқаролик тартибида судлашиши ва суддан зарарни қоплашни талаб қилиши керак эмасмиди. Лекин судга бермаган-да блогерни ўша тадбиркор. Яъни ишда зарар кўрган киши йўқ-ку бу ерда?

Руслан Содиқов:

Руслан Содиқов

— Юқорида айтганимдек, зарар кўрган объект йўқ бу ишда. Бу ишда қўйилган айбловнинг тадбиркорга ёки корхонага боғлиқ жойи йўқ. Айни ҳолатда тадбиркор судга бериши ва етказилган зарар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунлар асосида ундирилиши керак эди. Балки, 15 сутка ўтиргани бир томондан ўзи учун фойдалидир, чунки етказилган зарар суммаси млрд сўмдан кам бўлмайди. Лекин барибир айбсиз деб ҳисоблайман, айблов нотўғри қўйилган.

— Камолиддин ака, сиз дин, жамият ва давлат муносабатлари ҳақида кўплаб интервьюларда фикр билдиргансиз ёки мақолалар ёзгансиз. Айтинг-чи, Диний масалаларда хулоса бериш ваколати фақат давлатда ва унинг Диний қўмитаси ваколатида бўлиши қанчалик тўғри?

Масалан, бошқа ҳар қандай соҳаларда монополия қораланади, бир органнинг якка ҳокимлиги ривожланишга тўсиқ дея кўрилади. Диний соҳада Қўмитанинг “монстрлиги” қанчалик тўғри?

Камолиддин Раббимов:

— Ўзбекистон Конституциясига кўра, ҳуқуқий-демократик давлат. Бу масалада 3 та конституцион қадрият асосий майдонга чиқяпти. 1. Инсонларнинг сўз эркинлиги мавжудлиги. Бунда истеъмолчи бирор нарса ҳақида шубҳаланиши ва буни гапириш ҳуқуқига эга, агар бошқаларга зарар келтирмаса. 2. Истеъмолчи сифатида ўзи олаётган маҳсулотларни текшириш ҳуқуқи бор. 3. Ҳали динда ҳам кармин моддаси бўйича қатъий тўхтам йўқ эканлиги. Ва шундай ҳолатда истеъмолчи сифатида ўз фикрини айтгани учун диний адоват қўзғатиш деган айблов қўйиляпти. Умуман номутаносиб жазо. Ҳожиакбар Носировнинг видеоларида баъзи қўполроқ ҳаракат қилган ҳолатларини кўрганман, лекин улар ҳам айблаш учун асос бўлмайдиган даражада.

Камолиддин Раббимов

Конституцияга кўра, Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат бўлгани учун дин ишлари қўмитаси динни назорат қилувчи қўмита эмас аслида, балки жамиятнинг диний, виждоний эҳтиёжларини ўрганиш ва уни қондириш юзасидан фаолият юритувчи қўмита. Жамиятда доим зиддиятлар, конфликтлар бўлади, шунинг учун қўмитанинг муҳим вазифаларидан биттаси экспертлик хулосалари. Қайсидир кўпчилик бўлган дин вакиллари бошқа бировларга тажовуз қилмаслиги керак. Мана шу ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун дин ишлари қўмитасида экспертлар бўлади. Бундай қўмиталарда юристлар ҳам ишлаши керак. Лекин Ўзбекистонда деярли йўқ. Ривожланган давлатларда шундай. Бир томондан инсонларнинг виждон эркинлиги, бир томондан ҳамманинг тенг экани — шу иккиси ўртасида мувозанатни сақлаш керак бўлади. Дунёвий давлат суд ҳокимияти орқали икки томоннинг ҳуқуқларини тахминлаган ҳолда ўртани очади.

Ҳуқуқий давлат пойдеворида ғоялар туради. Ўзбекистон Конституцияда ҳуқуқий давлатчилик тизимини қабул қилиб бўлган. Биринчи маъмурият даврида дунёвий давлат деганда, динга қарши курашилди бизда. Яъни инсонларга эркинлик бериш, ҳуқуқий давлат шакллантириш вазифаси қўйилгани йўқ эди. Бугунги кунда диний ишлар қўмитаси ўша шаклланган тафаккурдан чиқиб кетолмаяпти. Мустақилликка 30 йилдан ошди, лекин бирорта китоб ҳам чиқмади, бирорта конференция ҳам бўлмади дунёвий давлатчилик масаласи бўйича. Жамиятнинг диндорлик даражаси билан олдин кескин усулларда курашилган бўлса, ҳозир юмшоқроқ кўринишда давом этяпти.

— Иқбол опа, мен бугунги интервьюда икки мавзу, икки вазиятни муҳокама қилишимиз ҳақида айтган эдим. Ана шу шов-шув бўлаётган иккинчи мавзу президент қарори лойиҳаси билан МТРК таркибидаги «Маданият ва маърифат» канали тугатилиб, унинг ўрнида “Карвон” номли канал очилаётгани хабари бўлмоқда. Бу хабарга зиёлилар қатлами энг кўп эътирозлар билдирмоқда. Сиз фикр билдираётганлардан бири сифатида зиёлиларнинг эътирозини умумлаштириб, қисқача тушунтириб бера оласизми?

Иқбол Қўшшаева:

— Биринчи эътироз унинг номига нисбатан, иккинчиси эса концепцияга. «Маданият ва маърифат» телеканалининг асосий ўзаги бўлган адабиёт, илм-фан, таълим чиқариб ташланган. Учинчи эътироз эса моддий-техник база МТРК ичида, маъмурият эса Маданият ва туризм вазирлигига қарашли бўлишига бўляпти — энг катта эътироз ҳам шу.

Иқбол Қўшшаева

«Карвон» деган номда карвонсарой, ҳаммага иш, жой бор деган маънолар англашилади. Халқ ичида ҳам бу тушунчалар ҳам яхши маъноларда ишлатилмайди. «Карвон» деганда тижорат ҳам назарда тутилади. Бу ҳолатда Маданият ва туризм вазирлиги ўз номига зид иш қиляпти. Қисқа қилиб «Маданият» деб номласак-чи, деган фикрлар ҳам бор. Лекин бизда «Маданият» сўзи, тушунчаси ассоциациясида артистлар, актёрлар тушунилади. Ҳозирги кунда артистларнинг қиёфаси ўзгарди ижтимоий тармоқлар орқали. Улар кундалик ҳаёти кўриляпти, қанақадир дастурхончи бўлиб қолишди. Ва уларга алоҳида телеканал минбари шарт эмас, интернет орқали бемалол буни амалга оширишяпти. Хусусий телеканаллар ҳам мунтазам кўрсатувлар, шоулар қилиб турибди улар билан. Имконияти кенг уларнинг.

Майли, канал очилаверсин, қарши эмасмиз, лекин энг яхши интеллектуал фикр берувчи, савияси баланд «Маданият ва маърифат» ўрнида эмас! Ҳозирги «Маданият ва маърифат» номи масаласида ўн йил олдин миллат ойдинлари Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Назар Эшонқул, Нодир Жонузоқ ва Воҳид Луқмон каби мутахассислар янги телеканалнинг номи устида обдон ўйлаб, ахийри шу тўхтамга келишган.

Лойиҳада телеканалнинг асосий ўзаги бўлган адабиёт ва илм-фан чиқариб ташланган. Бу тарафдан президентимиз китоб тарғиботи, китобхонлик ҳақида гапириб турган ҳолда адабиёт минбари йўқотиляпти. Адабиёт, илм-фан тарғиботи масаласи айнан «Маданият ва маърифат» телеканалининг зиммасига юкланган эди. Янги лойиҳада таниқли санъаткорлар билан шоулар ўтказиш ҳақида алоҳида банд бор. Ҳозир ҳамма жойда шундай шоулар бўлиб ётибди.

— Одамлар ўзбек каналларини кўрмай қўйгани ҳақида кўп гапирилади. Бунинг ҳам телевидениедаги қаттиқ цензура, унинг одамларни қийнаётган реал муаммоларни кўтармаслиги, дастурларнинг ўта енгиллиги каби кўплаб сабаблари бор.

Дейлик, Маданият ва туризм вазирлигидан зиёлиларга қарата келинг, одамлар ўртасида холис сўровнома ўтказайлик, қани «Маданият ва маърифат» телеканалини кўришяптими, деган савол-таклиф билан чиқилса, унга жавоб беришга тайёрмисизлар? Шахсан сиз бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз?

Иқбол Қўшшаева:

— Зиёли қатлам доим кам бўлган. Ва улар кўрадиган кўрсатув, дастурлар ҳам паст рейтингда бўлган. Масалан, «Chotki.TV» деган канал билан сиз олиб борадиган интервьюларни солиштирсак, улар ўртасидаги фарқ дарров маълум бўлади. Лекин биринчисида томошабин кўп. Яъни ҳаммаси сон жиҳатдан ҳисобланмайди. Зиёли қатлам кам бўлса ҳам, улар ҳам шу давлат фуқароси, солиқ тўлайди. Сони кўп эмасдир, лекин уларнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш керак. Агар зиёли қатламнинг канали йўқотилса, улар тўлиқ интернетга ўтади. Савияли, лекин бошқа бир давлат мафкураси билан тўлдирилган контентларни кўришга, ўқишга мажбур бўлади ва ўшалар тарафга оғиш бошланади. Агар шу нарса керак бўлса, марҳамат, ёпишсин.

— «Маданият ва маърифат» телеканалининг номи ўзгартирилиб, унинг ўрнида бошқа бир канал очилиши сабабини одамлар «Қақнус» телеклубида шоир Нажмиддин Эрматов ўқиган ва «Кўк бўри кезган сарҳад итларга талош энди» мисралари билан бошланадиган шеър билан боғлашяпти. Шахсан мен аввалроқ бу шеъри учун шоирга ҳар хил босимлар бўлгани ҳақида эшитган эдим. Хўш, канал ёпилишига шу чиқиш сабаб бўлиши мумкинми?

Иқбол Қўшшаева:

— Бу гап бизга ёқади аслида. Қайсидир маънода пиаримиз учун хизмат қилади. Лекин бу жараён декабрь ойидан бошланган эди. Шеърнинг алоқаси йўқ. Агар ростдан канал ёпиладиган бўлса, халқда давлатга нисбатан кучли ишончсизлик пайдо бўлади. Чунки «Маданият ва маърифат» телеканалида кучли кўрсатувлар кўпая бошлаган эди, жонли эфирлар бўлаётганди. «Биргаликда кўрамиз» кўрсатувида фильмлар мисолида Украина-Россия масаласида фикрлар айтиларди. Интернет нашрлари каби очиқ бўлмаса-да, давлат телеканаллари орасида жаҳондаги воқеалар, урушларга бадиий тил орқали муносабат билдирган ягона канал — «Маданият ва маърифат». Битта шеърга боғлаб қўйиш тўғри эмас.

— Камолиддин ака, холис бир сўраш: сиз «Маданият ва маърифат» канали дастурларини кузатиб борасизми?

Камолиддин Раббимов:

— Ўзбекистон телеканалларининг асосий муаммоси — цензура. Агар цензура муаммоси бўлмаганда, «Маданият ва маърифат» каналининг ёпилиши масаласи бўлмасди. Ҳали бирорта бошқа канал Украина-Россия уруши ҳақида гапиргани йўқ. Постсовет ҳудудида учинчи, туркий давлатлар ичида иккинчи йирик давлатмиз. Лекин уруш хақида телеканалларимиз гапиролмаса. Аслида, даҳшатли нарса бу.

Каналнинг кузатувчилари кам бўлса, бу канал муаммоси эмас, цензуранинг, давлатнинг муаммоси. Телеканалларнинг ўзи вазият қурбони. Қозоғистон телеканаллари Украина-Россия урушини ёритяпти, фикр беряпти. Россия Қозоғистон ҳукуматига бу борада савол берганда, улар бизда сўз эркинлиги бор, истаганча гапиришади, ҳукуматнинг позициясини билмоқчи бўлсанг, саволни бизга бер, деган жавобни беришди. Телеканалларда айтилдими, ҳокимият рухсат берган, деган важ бўлади деб, ҳамманинг овозини ўчириб туришибди бизда.

— Руслан ака, сиз-чи?

Руслан Содиқов:

— Тўғриси, телевизор кам кўраман. Лекин бу канални кўриб тураман, доимий бўлмаса-да. Савияли кўрсатувлар, кинолар қўйилади, бу томондан тўғри позицияда деб биламан канални. Ахборот асрида одамларнинг онгидаги бўшлиқни нимадир билан тўлдириш керак. Ва ўша бўшлиқни савияли нарсалар билан тўлдириш керак бўлади. Шу нуқтаи назардан канални сақлаб қолиш муҳим деб биламан.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Кўпроқ янгиликлар