Лукашенко қўшни Украинадаги уруш ҳақида, ўзининг режими Россия агрессиясига ёрдам бераётгани ҳақида кўп гапирди. BBC тўрт соатдан кўпроқ давом этган нутқдан муҳим иқтибосларни келтирди.
Россия ядро қуроли: Ғарб санкциялари ва Путиннинг босими
1996 йилда Россияга олиб кетилган ядро қуроллари яна Беларусга қайтарилиши Беларус учун ҳам, Россия учун ҳам жиддий ўзгаришларни англатади. Россия Федерацияси учун бу СССР парчаланганидан кейин бошқа давлат ҳудудида бундай қуроллар биринчи марта жойлаштирилиши. Беларус эса ўтган йил февралигача конституцияда ёзилган ядросиз мақомга эга эди.
Россия ядро қуроллари мавзуси Лукашенконинг мурожаатида биринчи ва асосийси бўлди. У мамлакатнинг ядровий мақоми қайтишини Ғарб санкциялари билан боғлади ва бу Владимир Путиннинг эмас, ўзининг ғояси эканини таъкидлади.
«Ҳозирги шароитда мен Россия президенти Путин билан ядро қуролини Беларусга қайтариш бўйича музокараларни кескин фаоллаштирдим. Гап 90-йилларда кафолат остида олиб кетилган ядровий қуролларни қайтариш ҳақида эди. Кафолат деганда олиб кетганларга қарши санкциялар қўлламаслик, босим ўтказмаслик, ҳужум ва инқилобни режалаштирмаслик тушунилар эди. Аммо ҳамма нарса оёқ ости қилинди, ҳамма нарса бузилди», деди Лукашенко.
У Владимир Путин ҳам ўзига «жуда қаттиқ босим» ўтказгани ҳақида гапириб қўйди. «Унинг айтганини ҳали ҳам эслайман: тушун, улар сени эзиб ташлайди, йўқ қилади. Ва сен стратегик каллакларга хизмат қила олмайсан... Кейин жуда қаттиқ босим бўлди ва мен кафолатлар остида чекинишга мажбур бўлдим», деди у.
Беларус конституциясидан ядросиз мақом ҳақидаги бандни чиқариб ташлаш бўйича референдум 2022 йил 27 февралида бўлиб ўтди. Плебисцит иштирокчиларининг 82 фоизи Беларуснинг янги конституциясини ёқлаб овоз берди ва бу Европадаги мухолифатда ҳам шубҳа уйғотди.
Кейинроқ Беларус давлат оммавий ахборот воситалари «таклиф этилганлар» деб атаган одамларнинг (ҳукуматпараст журналистлар ва аҳолининг айрим тоифалари, режим учун муҳим бўлган махсус танланган кишилар) саволларига жавоб берар экан, Лукашенко янада кескинроқ гапирди: «Агар керак бўлса, биз Путин билан бирга бу ерга олиб кирамиз. Ҳатто стратегик қуролларни ҳам».
«Улар буни тушуниши керак, хориждаги ярамаслар, улар бугун бизни ичкаридан ҳам, ташқаридан ҳам портлатмоқчи. Биз мамлакатларимиз, давлатларимиз ва халқларимизни ҳимоя қилиш учун ҳеч нарсадан қайтмаймиз», деди Лукашенко.
Тактик ядровий қуролларни стратегик қуроллардан ажратиб турувчи аниқ таъриф йўқ, аммо стратегик ядро қуроллари қудратли кучга ва кенгроқ таъсир доирасига эга.
Уруш ва эскалация ҳақида
Лукашенко Украинадаги уруш ҳақида тинчликка чақириш билан гапира бошлади ва ҳатто ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни таклиф қилишини айтди.
«Биз ҳозир, эскалация бошланишидан олдин тўхташимиз керак. Мен таваккал қилиб, жанговар ҳаракатларни тўхтатишни таклиф этаман. Сулҳ эълон қилиш керак. Бунда қўшинлар ва қурол-яроғ кўчирилмаслиги шарт. Ҳамма турган жойида худди ўликдек қотиб қолиши керак», деди Лукашенко Украинадаги уруш ҳақида гапирар экан.
Беларус президенти ўзининг «тинчлик режаси» тафсилотлари ҳақида гапирмади. Украина ҳукумати Беларусни бетараф воситачи эмас, балки тажовузга шерик сифатида кўради.
«Мен сизга бир сирни айтаман: бугун Украинада фронтнинг иккала томонидаги одамлар, рота ва взвод командирлари аллақачон ўзлари келишувга эришмоқда», деб қўшимча қилди Лукашенко. На Россия, на Украина манбалари илгари бундай музокаралар ҳақида гапирмаган.
Бироқ, тез орада Беларус раҳбари Украина можаронинг аҳамиятсизлиги ва Россия қуроллари ҳақидаги анъанавий риторикага ўтди.
«Агар эртага сайёрамизнинг қайсидир қисмида кичик можаро бошланса, улар Украинани унутишади. Уларга ҳеч ким қурол бермай қўяди. Одамлар жанг қилишни хоҳламайди», деб ишонтирди Лукашенко.
Шу билан бирга, Европа давлатлари ҳам, АҚШ ҳам Украинага молиявий ва ҳарбий жиҳатдан, урушдан кейин ҳам керак бўлганда ёрдам беришга қайта-қайта ишонтиришган.
Сўнгра Лукашенко ўт очишни тўхтатиш худди амалга ошгандек гапира бошлади.
«Агар Ғарб жанговар ҳаракатлардаги танаффусдан ўз ҳаракатларини алдаш йўли билан кучайтириш учун яна бир бор фойдаланишга уринса, Россия можаронинг кучайишига йўл қўймаслик учун ҳарбий-саноат комплекси ва армиянинг тўлиқ қувватидан фойдаланиши шарт: фосфорли ўқ-дорилар, бойитилмаган уран ва ҳатто бойитилган урандан ҳам», деди у.
Аввалроқ, Путин Буюк Британиядан Украинага бойитилмаган уранли снарядлар етказиб берилишига ишора қилиб, буни Беларусда ядро қуролини жойлаштириш учун асос сифатида кўрсатган эди. Бойитилмаган уранли ўқ-дорилари ядро қуроли эмас ва Беларуснинг ядровий қуролланиш режалари Путиннинг баёнотидан анча олдин амалга оширилган бўлиши керак эди.
Қайд этиш жоизки, Россия узоқ вақтдан бери Украина уруши пайтида фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланганликда айблаб келинади.
«Полша таҳдиди» ҳақида

Лукашенко 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан кейин кучайтирила бошлаган, ўтган йилнинг 24 февралидаги кенг кўламли босқиндан кейин янада кучайтирилган Полша армиясига эътибор қаратди.
«Сўнгги шартномаларга мувофиқ, Полша яқинда 366 та «Абрамс» танки ва Жанубий Кореянинг мингта «Қора пантера»си, шунингдек, 900 та К9А1 ўзиюрар гаубицаси, 38 та HIMARS, 50 та Javelin танкка қарши тизимини олади. Ўзи ҳам 1500 та «Барсук» пиёдалар жанговар машинасини ишлаб чиқаради», деди Лукашенко.
«Полша 2035 йилга бориб қуролли кучлар сонини 300 мингга етказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Яъни, бугунги кундагидан деярли икки баробар кўп», деб қўшимча қилди у.
Лукашенко буни Полша Беларусга ҳужум қилмоқчи бўлганининг белгиси сифатида талқин қилди.
«Улар мамлакатимизни йўқ қилиш учун Беларус ҳудудига бостириб киришга ҳозирлик кўрмоқда. Улар жангчиларимизни қочоқ жангари, содда қилиб айтганда, худди бандитдек кўрмоқда. Улар жангчиларимизга ачинмайди. Бизда шундай маълумотлар бор. Бугун улар Украинада дастлабки тажрибага эга бўлмоқда. Тўғрироғи, улардан кўпроқ «тўп еми» сифатида фойдаланишяпти».
Шу вақтгача Полша ҳам, НАТО раҳбарияти ҳам, АҚШ ҳам Беларусга ҳужум қилиш режалари ҳақида гапирмаган.