Беларусга ядровий қурол жойлаштирмоқчи бўлаётган Путиннинг муддаоси нима?

Жаҳон 10:10 / 31.03.2023 23350
Владимир Путин ва Александр Лукашенко учрашуви. Фото: Kremlin.ru

Россия президентининг Беларус Республикасида ядровий қурол жойлаштириш нияти ҳақидаги баёноти Кремлнинг одатга айланиб қолган ядровий шантажидан ҳам жиддийроқ масала, аслида, деб ёзади журналист, тарихчи, сиёсатшунослик фанлари номзоди Александр Желенин.

Энди ҳаммаси ҳақида бир бошидан ҳикоя қиламиз.

Эсласангиз, Россия етакчиси бу ҳақида Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Аннабел Голди Украинага кучсиз уранли снарядлар етказиб беришни ваъда қилганидан кейин гапира бошлади. Мухолифларнинг кучсиз уранли снарядлар, биринчидан, ядровий қуроллар сирасига кирмаслиги, иккинчидан, Россия армияси қурол-яроғлари орасида борлиги ҳақидаги важ-корсонлар Москва томонидан заррача эътиборга олинмаяпти. Кремлга шунчаки баҳона керак эди — мана, баҳона топилди.

Британия вазири ўринбосарининг гаплари Кремл томонидан фақат бир баҳона сифатида ишлатилганини 2022 йилнинг 28 февралида, яъни бир йил аввал Россиянинг Украинага кенг миқёсда бостириб кирганидан тўрт кун ўтиб, Беларус диктатори навбатдаги эрмак учун ўтказилган «референдум»да ўз мамлакати конституциясидан ядросиз статус ҳақидаги сўзларни олиб ташлагани ҳам тасдиқлаб турибди.

Лукашенко режимининг Москвага (ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий томонлама) боғлиқлиги ҳисобга олинса, у Путин билан келишмасдан туриб бундай приниципиал қадам босиши мумкин эмаслиги кундек равшан.

Путиннинг Беларусда ядровий қурол жойлаштириш ҳақида сўнгги ниятига нисбатан Ғарб давлатлари пинагини ҳам бузгани йўқ. АҚШ Давлат департаменти ҳам, Пентагон ҳам, НАТО ҳам қарийб бир гапни айтишди: «Ҳа, бу хавфли, лекин ҳозирча биз Россия ядровий қуроллари кўчирилганини кўрмадик, кузатишда давом этамиз». Фақатгина АҚШ президенти Жо Байден бироз ташвишга тушганини билдирди.

Бунга жавобан ҳозир сиз Россия ядровий қуролларининг бир жойдан иккинчисига кўчирилганини кўрмаётган бўлсангиз, бир неча ойдан кейин ҳам шундай бўлади, дегани эмас, дейиш мумкин. Путин эса ўз ниятларини яшириб ҳам ўтиргани йўқ.

25 март куни «Россия-24» телеканалига берган шов-шувли интервьюсида  у бу йўналишда ўзининг кейинги қадамларини батафсил гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, Беларус ҳудудида аллақачон тактик ядврой қурол ташиш имкониятига эга 10 та самолёт жойлаштирилган. Ҳарбий шарҳловчи Николай Колесниковнинг фикрича, булар шу мақсадда қайта жиҳозланган советларнинг эски Су-25 штурмчи учоқлари бўлиши мумкин.

«Искандер» оператив-тактик ракета комплекси. Фото: Россия МВ / Global Look Press

Бундан ташқари, Путин шу интервьюсида Минскка «Искандер» ракета комплекси берилганини айтиб ўтди, у ҳам тактик ядровий қурол ташувчиси бўла олади. «3 апрелдан бошлаб экипажларни ўқитамиз, 1 июлга бориб Беларус ҳудудида тактик ядровий қурол сақлаш махсус омбори қурилишини якунлаймиз», — деган Россия президенти.

Шундай қилиб, «мақсад аниқ, вазифа белгиланган, қани ишга, ўртоқлар»…

Путиннинг бу баёнотларига нисбатан ягона кескин (бу ҳолатда ҳам адекват) реакцияни БМТ Хавфсизлик кенгашини йиғишни талаб қилган расмий Киев билдирди. Бироқ, бошқа баёнотларга қаралса, шунингдек Украинанинг айрим расмий шахслари (масалан, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа Кенгаши котиби Олексий Данилов) ва экспертлик ҳамжамияти Путиннинг бу баёноти хавфлилик даражасини бўрттириб кўрсатишга мойил эмаслиги аён бўлмоқда. Улар хотиржам.

Россиялик эксперт Николай Колесников ҳам ядровий қуролнинг Беларус ҳудудига жойлаштириши кўпроқ пиар акцияга ўхшашини айтади, чунки ҳарбий нуқтайи назардан бу бемаъни ҳаракат, чунки ядровий ракеталар ва бомбаларни Россия Калининград области ҳудудидан ёки Болтиқ денгизи флотидан Европа шаҳарларига тезроқ учириши мумкин.

Бунақа ўйлаётганларни ҳам тушунса бўлади. Кремл шу қадар узоқ пайтдан буён ядровий гурзиси билан таҳдид қилиб келмоқдаки, шу қадар кўп «қизил чизиқлар» чиздики, бу чизиқлар шу қадар кўп бузиб ўтилдики, ҳамма анча бўшашиб қолди. Шу сабабли, бундай кўринишдаги навбатдаги таҳдидларга Ғарб ҳам, Украина ҳам машҳур ривоятдаги «уйимга ўт тушди», деб бақирган чўпоннинг қўшнилари каби муносабатда бўлишмоқда. Лекин бу ривоят ёмон тугаган. Алалоқибат, чўпоннинг уйига ўт тушган, унга ҳеч ким ишонмаган ва уйи ёниб кетган.

Бу сафар Россия таҳдидларига жиддийроқ эътибор қаратиш керакдек. Шунчаки, Путиннинг бу таҳдиди Москва Украинада ғалаба қила олмаслиги тобора ойдинлашиб бораётган бир паллада, кичиккина Бахмут шаҳрини ҳам эгаллай олмаслиги аён бўлганида янграмоқда. Бу ҳолатда Кремлдагилар Украина урушнинг боришини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган кенг миқёсдаги қарши ҳужумга тайёрланаётганини яхши англаб турибди. Путин ва унинг аъёнлари бундай бўлишига йўл қўйиб бера олмайди, чунки бу нарса уларнинг интиҳосининг ибтидосига айланиб кетиши эҳтимоли катта.

Бинобарин, Путиннинг навбатдаги иблисона режаси қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин.

Россия ядровий қуролни Беларус ҳудудида «қўш калит» тизими остида, яъни, гўёки Москва ва Минск назорати остидагидек қилиб жойлаштиради. Худди шу тизим остида АҚШ Туркияда ва бир қатор Ғарб давлатларида ядровий қуролларни жойлаштирган. Лекин биз Россия ва Беларуснинг айни пайтдаги муносабатлари Вашингтон ва иттифоқчилари ўртасидаги каби эмаслигини биламиз.

Беларусдаги рус ядровий қуроли устидан тўлиқ назорат Путиннинг қўлида бўлади, агар у қуролдан фойдаланишни истаса, Лукашенконинг розилигини сўраб ҳам ўтирмайди. 

Лукашенко, табиийки, ҳозир ҳамма нарсага рози. Ҳокимият тепасида узоқ йил ўтирган кўплаб диктаторлар сингари у ядровий қурол — душманлари уни тахтдан ағдара олмаслигининг ягона кафолати, деб ўйлайди. Бироқ Лукашенконинг шахсий хавфсизлиги ҳозир Путинни қизиқтираётган энг сўнгги нарса бўлса керак. Кремл диктаторини биринчи навбатда ўз хавфсизлиги ташвишлантиради. Шу сабабли унда мутлақо бошқа режа бор. Путин Хитой раҳбари Си Жинпинг билан муваффақиятсиз музокаралардан сўнг Хитойдан тўлақонли ҳарбий ёрдамдан умид қилиши ноўринлигини англаб етгач, бу режасини тўлиқ ишга туширмоқчи.

Си Жинпинг ва Владимир Путин. Фото: kremlin.ru

Путиннинг бу режасини амалга ошириш босқичлари қуйидаги кўринишга эга бўлиши мумкин.

Россия қўшинлари Донбассда тор-мор келтирилгач, Украина Қримга «қуруқликдан йўл очувчи кўприк»ни йўқ қилгач, Мариупол ва Мелитопол украинлар томонидан қайтариб олингач, фронт чизиғи титилиб кетгач ва Қримни деоккупация қилиш операцияси бошлангач, Беларус ҳудудидан туриб Украинага ядровий зарба берилади.

Россия бу зарбадан сўнг шу ондаёқ «буни биз қилмадик», «буни Лукашенко қилди» дейишга ўтиб олади. Ғарб Беларус томон авиа ва ракета зарбалари беради, натижада Россия ҳудудида эмас, Беларус ҳудудида ядровий портлаш содир бўлади, бу эса Кремлни тўлиқ қониқтиради. Россия ва Беларус ҳудудида навбатдаги қутурган пропаганда кампанияси бошланади: «Разил Ғарб Беларусни Улуғ Ватан уруши даврида тинмасдан бомбардимон қилган эди, бу ишни яна такрорламоқда! Бечора Беларус! Чорнобил фалокати даврида радиациядан зарарланган халққа яна ядровий зарба беришди!».

Кремлдагилар бу воқеалардан сўнг Беларусдаги кайфият Россиянинг Украина ва Ғарбга қарши урушини қўллашга ўзгаришидан умидвор. Беларус урушга қўшилади. Шундай қилиб, Путин бир йилдан зиёд вақтдан буён Лукашенкодан талаб қилаётган нарса содир бўлади.

Шундан сўнг янги ва кенгроқ миқёсдаги, энди Беларус қуролли кучлари билан Украинага бостириб кириш бўйича «Блицкриг-2» операцияси бошланади.

Кимдир Путиннинг бу режаси мутлақо жинниларга хос, дейиши мумкин ва у ҳақ бўлади, албатта. Агар биз яқин ўтмишни ёдга олсак, 2014–2015 йилларда Путиннинг Қримни ва Донбасс шарқини аннексия қилиш бўйича, 2022 йилда Украинага кенг миқёсда босқин уюштириш бўйича режалари телбаворлик ва авантюра борасида бундан кам эмас эди. Телбаворлик чегарасини у ҳар сафар янада баландроққа кўтариб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Ҳозир унинг бундан кўзлаган мақсади — аввалгидек. Ғарб қўрқиб қолади ва музокараларга чорлай бошлайди. Бу ерда ҳеч қандай янгилик йўқ. Агар қўрқишмаса, Кремлдагиларда сўнгги режа қолади. Бу режага кўра, Россиясиз — яъни, Путин ва унинг гумашталари умрбод бошқарадиган Россиясиз дунё — уларга керак эмас.

Кўпроқ янгиликлар