2030 йилга бориб Европа Иттифоқининг умумий энергия истеъмолида қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергия улуши 42,5 фоизгача оширилиши керак, дейилади ЕИ Кенгаши баёнотида.
30 март, пайшанба куни Европарламент ва ЕИ Кенгаши вакили бўлган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар келишувга эришдилар, унга кўра, 2030 йилгача Европа Иттифоқида истеъмол қилинадиган умумий энергияда қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергия улуши деярли икки баравар ошиши керак - 42,5 фоизгача.
Таққослаш учун: 2021 йилда бу кўрсаткич Европа Иттифоқи бўйича ўртача 22 фоизни ташкил қилган. Шу пайтгача Европа Иттифоқининг 2030 йилга мўлжалланган мақсади қайта тикланадиган манбалардан энергия улушини 32 фоизга ошириш эди.
«Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишда етакчилик бўйича бирдамликка эришилди. Кенгаш (Европа Иттифоқи) бизнинг кўплаб улкан мақсадларимизни қўллаб-қувватлади. Демак, иқтисодиётнинг қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиши муваффақиятли бўлиши мумкин. Энди Европа Иттифоқига аъзо давлатлар буни тезроқ маъқуллаши аниқ», деб ёзди Европарламент депутати Маркус Пипер Twitter’да.
Европа Иттифоқи иқтисодиётида қайта тикланадиган манбалардан фойдаланиш даражаси мамлакатларга қараб фарқ қилади. Бу борада Швеция етакчилик қилмоқда. У ерда бу кўрсаткич 63 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, Люксембург, Нидерландия, Ирландия ва Малтада бу умумий энергия истеъмолининг 13 фоизидан паст. Германияда қайта тикланадиган манбалар томонидан ишлаб чиқарилган энергиянинг мамлакат умумий энергия истеъмолидаги улуши 2022 йилда 46,9 фоизни ташкил этди.
Европа Иттифоқининг иқлим мақсадлари 2050 йилга бориб «иқлим бўйича нейтрал» иқтисодиётни ўрнатишни талаб қилади. Саноат томонидан чиқариладиган парник газлар ташламаларининг иқлимга салбий таъсири иқлимни муҳофаза қилиш чоралари ва замонавий технологиялар ҳисобига тўлиқ қопланиши лозим.