Уруш пайтида нархларнинг кескин кўтарилишидан катта даромад олган йирик халқаро энергетика компаниялари бу маблағларнинг бир қисмини Украинанинг вайрон бўлган энергетика инфратузилмасини тиклаш учун сарфлаши керак. Бу ҳақда Politico нашрига берган интервьюсида Украина Энергетика вазирлиги раҳбари Герман Галушченко маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ғарб ҳам «чексиз уруш»нинг олдини олиш учун Россия энергетика маҳсулотларини сотиш бўйича санкцияларни четлаб ўтишдаги бўшлиқларни ёпиши керак.
Киев муқобил ядро ёқилғиси билан таъминлаши мумкин, бу билан қатор Европа Иттифоқи давлатлари Россия таъминотига қарамликдан қутулиши мумкин, дея қўшимча қилди Галушченко.
28 март, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи энергетика вазирлари кенгашида Украинага энергия ускуналари етказиб бериш ва Россия атом саноатига қарши янги санкциялар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Украина Энергетика вазирлиги раҳбари Герман Галушченко хабар берди.
«Биз бунинг энергия ишлаб чиқариш ҳали ҳам Россия ёқилғисига боғлиқ бўлган мамлакатларга қандай таъсир қилишини батафсил муҳокама қилдик, - деди у. - Аммо бу масалани кўтариш ва улар (руслар) ядровий хавфсизлик билан амалга оширган ишидан кейин атом саноатига санкциялар қўйиш муҳим. Цивилизациялашган дунёга русларга Европа бозорида жой йўқлиги ҳақида кучли сигнал юбориш керак».
Брюссел бу таклифни кўриб чиқишга ваъда берди. «Мен Украинанинг бугунги босимини олқишлайман ва Европа Иттифоқи давлатларидан Россиядан газ ва нефт, шунингдек, ядро ёқилғисига қарамликни камайтириш бўйича кейинги қадамларни қўйишни сўрайман. Бугун бу биз учун муҳим чақириқ бўлди, биз буни албатта қабул қиламиз», деди Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Швеция энергетика вазири Эбба Буш.