Бирлашган Араб Амирликларинининг Дубай йўллари ва транспорт бошқармаси (RTA) Ислом амаллари ва хайрия департаменти билан ҳамкорликда Рамазон ойида рўзадорларга автомобилни хавфсиз бошқариш бўйича маслаҳатлар берди.
«Рамазон ойида уйқу вақти ва режимининг ўзгариши рўза тутган ҳайдовчиларнинг эътиборига таъсир қилади, бу эса ҳайдовчилардан кўпроқ эҳтиёткор ва ҳушёр бўлишни талаб қилади», деди RTA бош менежери Майта бин Адай.
Рамазон ойида рўза тутганлар уйқучанлик ёки чарчоқни ҳис қилиши мумкин, бу уларнинг диққатини жамлаш қобилиятига таъсир қилиши ёки рефлексларини секинлаштириши, оқибатда автомобилни хавфсиз бошқариш қобилияти пасайиши мумкин.
Рамазон ойида содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти ҳайдовчиларнинг олдидаги транспорт воситалари ўртасида хавфсиз масофани сақламаслиги билан боғлиқ, деди бин Адай.
У рўзадорларга ўриндиқларни тик ҳолда тутишни ва иссиқда ҳолдан тоймаслик учун кондиционерларни ёқишни маслаҳат берди.
«Ҳайдовчиларга автомобилни бошқаришдан олдин етарлича дам олиш тавсия этилади. Шунингдек, чарчоқ, уйқусираш ёки эснаш ҳолатларида автомобилни бошқармаган яхшироқ», деб қўшимча қилди у.
Ҳайдовчиларга, шунингдек, тўйиб овқатлангандан кейин дарҳол машина бошқаришдан воз кечиш, агар рўза вақтида асабийлашишга мойил бўлса, жамоат транспортини танлаш тавсия этилади.