Ўзбекистонда референдумни кузатиш бўйича Европа миссияси иш бошлади 

Ўзбекистон 19:34 / 28.03.2023 3507

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) референдумни кузатиш миссияси Тошкентда иш бошлади.

28 март куни ДИИҲБ миссияси ОАВ вакиллари билан учрашиб, ташкилотнинг роли, мақсади, вазифалари ва режалаштирилган фаолияти ҳақида маълумот берди.   

ДИИҲБ миссияси раҳбари Алберт Жонсон миссия вакиллари Ўзбекистон ҳукуматининг таклифига биноан келгани, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни кузатиб боришини қайд этди.

«Ўзбекистондаги Конституциявий ислоҳотлар муҳим сиёсий ва тарихий жараён ҳисобланади. Демократик институтларнинг ўз методологияси бор. Биз ҳам кузатувларимиз давомида референдумга тайёргарлик жараёнларини, референдумни ўтказиш бўйича ҳуқуқий асосларга ҳамда ЕХҲТ талабларига қанчалик риоя қилинганини кузатамиз. Кузатув миссиямизнинг асосий вазифаси референдумнинг очиқ ва шаффоф ўтишини кузатишдан иборат», деди Жонсон.

Унинг сўзларига кўра, миссия ОАВ томонидан қандай ёритилгани ҳам кузатиб борилади. Референдумнинг эртаси куни дастлабки баёнотлар эълон қилинади. Якуний хулосалар референдумдан 2 ой ўтиб тақдим этилади.

Миссиянинг асосий гуруҳи 10 нафар экспертдан иборат. Бундан ташқари, 3 апрелдан бошлаб миссия таркибига 14 нафар узоқ муддатли кузатувчилар ҳам қўшилади. Улар вилоятларда референдумга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнларини кузатади.   

Кўпроқ янгиликлар