Кубада 26 март, якшанба куни парламент – Халқ ҳокимияти миллий ассамблеясига сайловлар бўлиб ўтади, унда мухолифат вакилларининг иштирок этишига рухсат берилмади. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу сайловларни «ясама» деб атамоқда, чунки парламентдаги 470 ўрин учун мамлакат ҳукумати томонидан олдиндан танланган 470 номзод даъвогарлик қилди. Бундай назорат тизими давлатда 1976 йилда парламент ташкил этилганидан бери ўрнатилган, деб таъкидлайди Bloomberg.
Ҳукмрон Коммунистик партиянинг қаттиқ назорати фонида, мамлакатдаги ҳукуматга қарши кайфиятни аниқлашнинг ягона йўли - овоз беришни бекор қилган ёки овоз беришдан бош тортганлар сонини кузатиш, дейди сиёсий таҳлилчи ва Cuba Siglo 21 асосчиси Антонио Бланко.
Миллий ассамблея мамлакат президентини сайлайди. Бу лавозимни амалдаги давлат раҳбари Мигел Диас-Канел сақлаб қолиши кутилмоқда, деб ёзади dpa агентлиги. 2018 йилда ҳокимият тепасига келган Диас-Канел 1959 йилги инқилобдан кейин Кастролар оиласидан бўлмаган биринчи раҳбарга айланди. Ундан аввалги раҳбар, 91 ёшли Раул Кастро ҳокимиятни тарк этди, лекин парламентда қолди, у бу йил ҳам ўз номзодини қўйган.
Кубадаги сайловлар иқтисодий инқироз, электр таъминотидаги узилишлар, ҳосилнинг нобуд бўлиши, ёнилғи танқислиги ва АҚШ санкциялари фонида ўтмоқда, дея қайд этади Bloomberg. Сўнгги бир йил ичида АҚШга киришга уринган ноқонуний кубалик муҳожирлар сони тўрт баробарга ошди. Bloomberg сўровида қатнашган таҳлилчиларнинг айтишича, оммавий эмиграция иқтисодиётни чекловчи омиллардан бирига айланди.