Европа Иттифоқи ва Киев Путинни ҳибсга олиш учун ХЖС ордери берилганини маъқуллади

Жаҳон 08:18 / 18.03.2023 4128

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС)нинг Россия президенти Владимир Путинни «болаларни Украинадан Россияга ноқонуний равишда депортация қилиш ва Россияга юбориш ҳарбий жинояти учун» ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги қарори «айбдорларни жавобгарликка тортиш жараёнининг бошланиши», деди 17 март, жума куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. «Жазосизлик бўлиши мумкин эмас», деб ёзди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Twitter'да.

«Кимки Путин каби қонли урушни қўзғатса, у учун суд олдида жавоб бериши керак», - деди Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) гуруҳига берган интервьюсида Германия адлия вазири Марко Бушман. Бушман ХЖСнинг Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги ордерини «қатъиятнинг муҳим белгиси» деб атади ва «изчил жиноий таъқиб учун махсус трибунал яратиш» ҳақида ўйлашга чақирди.

Киев ҳам ХЖС қарорини ижобий баҳолади. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий суддаги иш ҳақиқий истиқболга эга.

«Бугун бизда халқаро адолатнинг салмоқли қарори бор. Ҳақиқий истиқбол мавжуд бўлган ишда, - деди у фуқароларга кечки видеомурожаатида. - Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олиш учун ордер берди. Тарихий қарор, ундан тарихий жавобгарлик бошланади. Яна бир россиялик амалдор украиналик болаларни депортация қилишда – минглаб фарзандларимизни террористик давлат ҳудудига ноқонуний ўтказишда расман уруш жинояти содир этганликда гумонланувчига айланди».

«Адолатнинг тегирмон тошлари айланмоқда: ХЖСнинг Владимир Путин ва Мария Лвова-Беловани украиналик болаларни мажбуран кўчирилиши муносабати билан ҳибсга олиш ҳақидаги қарорини олқишлайман. Халқаро жиноятчилар болалар ўғирлиги ва бошқа халқаро жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилади», деб ёзди Twitter саҳифасида Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.

«Бу Россия элитаси учун аниқ сигналдир - улар билан кейин нима бўлиши ва нима учун «аввалгидек» бўлмаслиги ҳақида... Бу Россиянинг жаҳон саҳнасида ҳозирги кўринишида тугашининг бошланиши. Бу тўғридан тўғри ҳуқуқий жараён, кутинг», деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк.

Украина бош прокурори Андрей Костиннинг фикрича, дунё етакчилари энди Путиннинг қўлини сиқишдан ёки у билан музокара столига ўтиришдан олдин «уч карра ўйлаб кўришади». «Дунё Россия режими жиноятчи, унинг раҳбарияти ва қўл остидагилар жавобгарликка тортилиши ҳақида сигнал олди», — деб ёзди у Facebook'да.

Шу билан бирга, Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак энди Владимир Путин ва Мария Лвова-Белова ХЖСга аъзо давлатлар ҳудудида ҳибсга олиниши мумкинлигини эслатди. Ермак ўзининг Telegram-каналида келтирган маълумотларга кўра, ҳозирда Украинада болаларни Россияга мажбуран депортация қилиш бўйича 16 мингдан ортиқ иш тергов қилинмоқда. «Ҳақиқий рақамлар бир неча баробар кўп бўлиши мумкин», деб таъкидлади Ермак. Унга кўра, ҳозиргача Россиядан Украинага 308 нафар бола қайтарилган.

Кўпроқ янгиликлар