“Қонунчиликдаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилади” – депутат 

Ўзбекистон 12:40 / 16.03.2023 4486

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган.

Инсон ҳуқуқларини тан олиш нафақат уларни амалга ошириш ҳуқуқини, балки муайян мажбуриятларни бажаришни ҳам англатади. Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, давлат инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва уларни рўёбга чиқариш мажбуриятларини ўз зиммасига олади. Шу сабабли, конституциянинг 20-моддаси такомиллаштирилиб, аниқ механизмлар билан тўлдирилмоқда. Ушбу моддада фуқаро ҳамда давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқлиги белгиланяпти. 

Янгиланаётган конституцияда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши аниқ кўрсатиб берилмоқда. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги таъкидланяпти. 

Ҳар бир давлат ўз фуқаролари билан муносабатга киришар экан, алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Яъни давлат ҳам, фуқаро ҳам ўзига хос ҳуқуқларга ҳамда мажбуриятларга эга. Масалан, давлат фуқаролар учун хавфсизлик, фаровонлик, тинчлик ва яхши ҳаёт кечириш учун шарт-шароитлар яратиб бериш каби мажбуриятларга эга бўлса, фуқаролар қонунларга бўйсуниш, бурч ва мажбуриятларни бажариш каби масъулиятни ўз зиммасига олади. Янги конституцияда ушбу принциплар алоҳида белгиланяпти. Бунда асосий урғу инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига қаратилмоқда. Шу жумладан, қонунлар инсонлар оғирини енгил қилиб, турмуш тарзи яхшиланишини таъминлаши лозим.

Масалан, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланади. Яъни жазолаш ёки бошқа таъсир кўрсатишнинг чегараси инсонийликка бориб тақалади.

Айтайлик, шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи, лекин у давлат рўйхатидан ўтмасдан ёки рухсат берувчи ҳужжатларни олмасдан иш бошлади. Бундай ҳолат учун яқин йилларгача унинг фаолияти тугатилган ёки тўхтатиб қўйилган. Бугунги кунга келиб, унга ўзи содир этган ҳаракат ҳуқуқбузарлик экани тушунтирилади ҳамда рухсат берувчи ёки лицензия ҳужжатини олиш учун муайян вақт ажратилади. Бундан кўзланган мақсад ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, ҳам битта тадбиркорни сақлаб қолиш. Мана шу мутаносиблик принципи, мана шу мақсадга эришиш учун етарли бўлган чора ҳисобланади.

Фуқароларнинг яшаш, шахсий қадр-қимматини муҳофаза этиш, ҳаёт дахлсизлиги, виждон эркинлиги ва эътиқод эркинлиги каби ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас. Айни пайтда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмаслиги шартлигига оид умуминсоний қоида сақланиб қолади.

Эндиликда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Масалан, давлат ва фуқаро ўртасида қайсидир масалада келишмовчилик юз берди. Агар ушбу масала бўйича қонунчиликда қандайдир ноаниқлик бўлса ёки ишни давлат фойдасига ҳам, фуқаро фойдасига ҳам ҳал қилиш имконияти бор бўлса, албатта фуқаро фойдасига ён босилади.

Мазкур норма сўнгги йилларда илгари сурилган инсон қадрини эъзозлаш принципларига тўлиқ мос келади.  

Гулруҳ Агзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Кўпроқ янгиликлар