15 суткадан мақсад вайнерларни тавбасига таянтиришми?

Жамият 20:05 / 15.03.2023 42333

Жиззахда икки фуқаро томонидан тайёрланган ҳазиломуз видео ижтимоий тармоқларда тарқалган. Видео қаҳрамонларидан бири йўл-патрул хизмати ходими ролини ўйнаган.

Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ видеони ички ишлар органларини обрўсизлантириш деб баҳолаган. Лекин вайнерлардан бири бу видео орқали ходимларнинг устидан кулиш нияти бўлмагани, шунчаки одамларга яхши кайфият улашмоқчи бўлганини таъкидлаган.

Жиззахлик вайнерлар / Фото: Kun.uz

“Ўзим вайнерман. Бу видеони беш кун олдин Россия каналларининг бирида кўриб қолгандим ва уни таржима қилиб чиқардим. Лекин бундан мақсад ҳеч бир орган ходимининг устидан кулиш эмас, одамларга соф кулги улашиш мақсадида қилганман. Ҳамма видеоларим шу мақсадда қилинади”, – деган видеода ЙПХ ходими ролида кўриниш берган йигит суд мажлисида.

Жиззах вилоят ИИБ томонидан видеодаги фуқароларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган ва ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судига тақдим этилган.

Вайнерларга 10 ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан исми очиқланмаган судя / Фото: Kun.uz

Суд томонидан вайнерлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-, 209-1-моддалари билан айбдор деб топилган. ЙПХ ходими ролини ўйнаган фуқарога 15 сутка, ҳайдовчи ролини ижро этганга эса 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг фикрича, вайнерларнинг қилмиши тўғри малакаланмаган. Уларга асоссиз айбловлар қўйилган. Адвокат буларни шундай изоҳлайди.

“Видеодаги шахснинг ҳаракатларини юридик таҳлил қиладиган бўлсак, аввало, унинг эгнидаги сариқ рангли нимча, бош кийими махсус формали кийим-бош эканига аниқлик киритилиши керак. Бундан ташқари, ушбу кийим ички ишлар органларининг белгиланган намунадаги махсус формаси эканига тегишли мутахассис ёки экспертиза хулосаси билан ойдинлик киритилиши шарт”, дейди Абдумалик Абдуллаев.

Ҳажвий видеода фойдаланилган ва ИИО формаси дея иддао қилинаётган нимча ва бош кийим / Фото: Kun.uz

Вайнерлар айбдор деб топилган МЖтКнинг 183-моддасида шундай дейилади:

Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик – БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Форма масаласини ҳам қўйиб турайлик. Бироқ 15 суткалик қамоққа сабаб бўлган видеода вайнерлар майда безорилик қилмаган, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкинмаган, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилмаган, жамоат тартибини бузмаган, фуқароларнинг осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар қилмаган.

Абдумалик Абдуллаев, адвокат / Фото: Kun.uz

“Видеони кўрган ҳар бир шахс роликдаги инсоннинг ҳаракатларида жамоат тартибини бузувчи бирор бир белги йўқлигини кўриши мумкин. 183-модда майда безорилик учун тайинланади. Маъмурий жавобгарлик кодексида ушбу моддада кўзда тутилган ҳуқуқбузарлик жамоат тартибига қаратилган ҳаракат ҳисобланади. Яъни бу ерда объект – жамоат тартиби. Хўш, видеода ички ишлар органи ходими кийимида экани иддао қилинаётган эркак жамоат тартибини бузадиган қандай ҳаракатлар қилди? Мен буни кўрганим йўқ”, дея таъкидлайди адвокат.

Хўш, ҳаммаси кундек равшан бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини расмийлаштириб судга олиб чиққан ички ишлар органи нима учун вайнерларга нисбатан 183-моддада кўзда тутилган айбловни қўйишган?

Бунинг жавоб оддий: вайнерлар тавбасига таянтирилиши керак бўлган. Чунки формага оид тартибни бузганлик учун маъмурий қамоқ кўзда тутилмаган. Фақат шу айбловнинг ўзи қўйилганда вайнерлар нари борса 1,5 млн сўм жарима билан қутулиб кетган бўлишарди. Афтидан улар тайёрлаган видеодан “ғурури топталган” жиззахлик ЙПХ ходимлари ҳажвий видео ижодкорлари қайтиб бу мавзуга қўл урмасликлари учун ҳам санкциясида қамоқ кўзда тутилган моддани тиркаб қўйишган. Суд эса масаланинг бу жиҳатига эътибор қаратмаган кўринади.

“МЖтКнинг 209-1-моддасида фақатгина жарима жазоси кўзда тутилган. 183-моддада эса жарима билан биргаликда маъмурий қамоқ жазоси ҳам бор. Кейинги пайтда шахснинг 15 суткагача маъмурий қамалиши учун ушбу моддани қўшимча модда сифатида малакалаш трендга айланди. Катта эҳтимол билан Жиззахдаги ҳолатда ҳам 183-модданинг қўйилиши суд томонидан унга нисбатан 15 суткагача бўлган маъмурий қамоқ қўлланишига эришиш. Табиийки, шундай бўляпти.

Бундай амалиётни мен кескин қоралайман. Бу амалиётнинг сақланиб қолиши, энг аввало, давлат органлари, хусусан, ички ишлар органларига нисбатан нафрат туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга, жамиятда ИИО, умуман, давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, куч тузилмаларига нисбатан қўрқув турғун сақланиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Мана шундай жазо чоралари кўрилаверса, эртага ички ишлар органларини ҳам ҳеч ким танқид қилмай қўйиши мумкин. Сўз эркинлиги, ижод эркинлигини қўллаб-қувватлаётган эканмиз, бунга йўл беришимиз керак”, деб айтади Абдумалик Абдуллаев.

Бу каби ҳажвий видеолар бошқа давлатларда ҳам бор. Хориждаги вайнерлар ёки қизиқчилар ҳам полиция ёхуд бошқа куч тузилмалари ходимлари ҳақида ҳажвиялар, пародиялар, сатирик саҳна кўринишлари тайёрлашади, уларнинг қонунга зид ҳаракатларини танқид қилишади ва бу жараёнда ушбу органларнинг формаларидан фойдаланишади.

Аммо биздаги танқидга тоқатсиз тузилмалардан фарқли ўлароқ хорижда бундай видеолар учун узр сўраттирилмайди, уларнинг ижодкорлари 10-15 суткалаб қамоққа ташланмайди.

Жамшид Ниёзов,
Kun.uz мухбири

Кўпроқ янгиликлар