Ўзбекистон Аббос билан ЖЧ сари илк қадамини босди. Стандартлар ғалаба келтирган очилиш ўйинидан фоторепортаж

Спорт 12:16 / 02.03.2023 18351

Очилиш ўйинида Ўзбекистон ёшлар жамоаси Сурия U-20га қарши майдонга тушиб, стандартлардан урилган голлар эвазига ғалаба қозонди. Биринчи бўлимда Аббосбек Файзуллаев жарима зарбасидан супергол урган бўлса, иккинчи бўлимда «Пахтакор» яримҳимоячисининг бурчакдан узатган тўпини рақиб ҳимоячиси Закариё Рамазон ўз дарвозасига жойлаб қўйди.

Минглаб мухлислар қаршисидаги очилиш баҳси бўлгани боис футболчиларда босим сезилиб турди. Кучли иштиёқ эвазига шошмашошарлик ҳолатлари кузатилди. Буни мезбонлар устози Равшан Ҳайдаров ҳам ўйиндан кейинги матбуот анжуманида таъкидлади

Муҳими жаҳон чемпионати сари дастлабки қадам ташланди. Навбатдаги рақиб — худди Ўзбекистон каби илк ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган Ироқ. 4 март куни бўлиб ўтадиган беллашувдаги ғалаба деярли чоракфинал йўлланмасини тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, турнирда яримфиналга чиққан 4 жамоа мундиалда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. 

Чими янгиланган ва яхшиланган «Бунёдкор» стадионида ўтган, Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги энг яхши ёш ўйинчиси ўз сўзини айтган ўйиндан олинган фотосуратларни томоша қилишингиз мумкин. 

Аъзамжон Иззатиллаев олган суратлар

Кўпроқ янгиликлар