Конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Ҳужжат лойиҳаси устида парламент қуйи палатасининг тегишли қўмиталари иш олиб боряпти.
24 феврал куни қўмиталарнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилиб, бош қомусга киритилаётган ўзгаришлар муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Аъзамова ислоҳотлар доирасида амалдаги конституциянинг 19-моддасига киритилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
— Амалдаги модда ва уни ўзгартириш эҳтиёжи нималардан иборат?
— Конституциянинг 19-моддасида Ўзбекистон фуқаролари давлат билан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар асносида муносабатга киришиши тўғрисида гап боради. Лекин йиллар давомида мана шу ҳуқуқ ва мажбуриятлар фуқаролар ёки давлат томонидан бузилаётгани, зиддиятга учраётганини кўриш мумкин. Дейлик, маҳаллий ҳокимиятга бўлган мурожаатларда фуқаролар ўз муаммосини айтади, раҳбар эса инобатга оламиз дейди ёки мутасадди ташкилот раҳбарига назоратга олишни айтади. Бу ҳолатда фуқаро ўзининг мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланади, давлат органи ҳам ўз ҳуқуқидан фойдаланиб жавоб беради. Лекин ҳолатни таҳлил қилсак, ўз натижасига эришмайди, яъни фуқаро фақат ваъда олади.
Ҳар бир фуқаронинг ҳокимиятга мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Лекин ҳозирги кунда муаммолар кўпайиб бораётгани, амалий ишдан кўра ваъдалар кўпайгани ва бунинг натижасида одамларда давлат органларига нисбатан ишончсизлик туғилаётгани ҳам мана шу моддани янада такомиллаштириш, аниқ йўналишларни кўрсатиш эҳтиёжини пайдо қилади. Ҳозирги қонун лойиҳасида давлат ва фуқаронинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ўзаро муносабатлар қандай тамойиллар асосида ишлаши кераклиги аниқ кўрсатилмоқда.
— Моддага айнан қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти? Улар нималарни кўзда тутади?
— Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.
Мана шу аниқ меъёрлар кириб келмоқдаки, энди фуқаро билан давлат ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар боғлиқлиги уларнинг фаолиятига, давлат органларининг фуқаролар олдида ҳисобдорлиги, фаолиятининг шаффофлиги айнан мана шу моддада ўз акасини топмоқда.
Агар қонунларда белгиланган талаблар бузилса, мутаносиблик принципи орқали давлат фуқарога ҳуқуқларини тушунтиради ва бундан кейинги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳам мана шу принцип ишлай бошлайди. Бу принцип халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган ва халқаро стандартларга мослаштирилган меъёрлардан бири.
— Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланади, дейиляпти. Бу нимани англатади?
— Мисол учун, тадбиркорлик фаолиятини олайлик. Бир тадбиркор ўз ишини бошламоқчи бўляпти. Бошлаш жараёнида тегишли талаблар мавжуд. Агар талабларни бажармаса, муаммоларга дуч келади ва тадбиркорлик билан шуғулланмаслик тўғрисида хулосалар пайдо бўлади. Мутаносиблик принципида қонун устуворлигини тадбиркорга тушунтириш бўлади. Барча муаммолар ушбу принцип орқали тушунтирилиб, қонун устуворлиги белгиланади. Давлат томонидан қонун тушунтирилади, иккинчидан эса тадбиркор сақлаб қолинади.
Бундай принцип қўлланиши натижасида кейинги шу йўналишга кириб келаётган тадбиркорда бундай хато такрорланмайди.
Мутаносиблик принципи фақат тарғибот ишларида эмас. Фуқарони тўғри йўналтириб, унинг муаммосини қайси ташкилот ҳал қилишини ўрганиб, давлат ва фуқаро ўртасидаги ҳамкорлик мажбурияти принцип асосида юзага келади.
— Давлат билан инсон ўртасидаги ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади, деб белгиланмоқда. Зиддият ва ноаниқликлар деганда нималар назарда тутиляпти? Бунга амалиётдан аниқ мисоллар келтириб ўта оласизми?
— Жойларда кўп муаммо бўлаётган нафақа масаласи бор. Маълум бир жойда ишлаган шахслар бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига мурожаат қилади. Лекин ҳеч қаерда ишламаган, меҳнат фаолияти етарли бўлмаган, умуман меҳнат дафтарчаси йўқлар ва шунга ўхшаш ҳолатдагилар «Ягона дарча»га мурожаат қилади. Мана шу ерда ҳам зиддият пайдо бўлади. Мурожаат қилган фуқаро керакли ҳужжатларни тақдим этолмаса, шунчаки унга нафақа ололмаслигини айтишади. Ўз-ўзидан савол туғилади: қонунлар ишламаяптими ёки қонунларда қандайдир бўшлиқлар борми?
Агар фуқароларга давлат ташкилотларида керакли тушунтиришлар берилмаса, уларда эътирозлар пайдо бўлади. Қонунларимиз жуда яхши ёзилган. Лекин баъзи мутасаддиларнинг фуқарога нотўғри тушунтириши ёки қонун тўғри талқин этилмаслиги нуқтайи назаридан зиддият ва ноқулайлик пайдо бўлади. Айнан мана шу ҳолатларнинг олдини олиш учун 19-моддага инсон фойдасига талқин этилиши тўғрисида аниқ банд киритиляпти.
Фуқароларда нафақа, болаларни мактаб ёки боғчага жойлаштириш каби масалалар пайдо бўлса, уларнинг ҳуқуқидан келиб чиқиб давлат таъминловчи мажбуриятини амалга ошириши керак. Яъни зиддият ва ноқулайликлар вужудга келса, давлат энди масаланинг инсон фойдасига ҳал бўлишини зиммасига оляпти.
Юқорида келтирилган мисоллардаги каби ҳолатларда давлат «меники тўғри» деган талқин билан тўхтаб қолмайди. Фуқарога унинг ҳуқуқи ва мажбуриятлари, у мурожаат қилаётган давлат органининг ҳуқуқ ва мажбурияти тўлиқ тушунтириб берилади. Моддий ва маънавий зарар кўрган бўлса, бу ҳам фуқаро фойдасига ҳал қилинади.
— Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар қабул қилиш якунланган. Муҳокамалар анчадан бери давом этяпти. Якуний жараёнларга қачон етиб келинади?
— Ҳар қандай қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинишининг ўз босқичлари бор: биринчи ўқишга қабул қилинади, кейин иккинчи ўқишга берилади. Агар муаммолари бўлса, учинчи ўқишга берилади ва бу жараёнда таклиф ва эътирозлар қабул қилиниб, мукаммаллаштириш учун аниқ механизм ишлаб чиқилади.
Конституциявий қонун лойиҳаси ҳам шундай қонун лойиҳалардан бири. Бу лойиҳа ҳам биринчи ўқишда қабул қилинган ва биринчи ва кейинги ўқишлар жараёнида умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Чунки бу – бизнинг асосий қомусимиз. Конституция қанчалик мукаммал бўлса, унинг асосида бошқа қонунлар ҳам мукаммаллашиб боради. Шунинг учун барча эътибор Конституция мукаммал бўлишига қаратилган. Умумхалқ муҳокамасида биринчи босқичда 150 мингдан ортиқ таклиф тушган бўлса, кейинги босқичда 70 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган. Бу дегани ҳали эътибор қаратилиши керак бўлган жойлар бор.
Ҳозирги кунда амалиётдаги жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисидаги қонунга риоя этган ҳолда, фуқаролардан таклифлар олиб турибмиз. Ҳар бир таклифни ўрганишга мажбур ва масъулмиз. Қонун лойиҳаси ҳозир охирги босқичларда маромига етказилмоқда ва якуний хулосалар берилмоқда. Ҳозирга қадар 220 мингдан кўпроқ таклифлар келиб тушган бўлса, шу таклифлар асосида ҳозиргача 30 дан ортиқ янги модда таклиф этилаяпти. Ўзгартиришларнинг таг замирида фуқароларнинг бу қонун лойиҳасига ўзгача эътибор қаратгани турибди. Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқи таъминланишини кутмоқда. Ҳатто бошқа давлат фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари Конституцияда ўз аксини топмоқда.
Ўйлаймизки, ҳали нуқта қўйишга эрта. Конституциямиз қанчалик мукаммал бўлса, шунча яхши. Охирига етгандан кейин референдум эълон қилинади.
Мақсуда Абдуқаюмова суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж устаси – Асрор Алмуродов.