“Бюджет устидан жамоатчилик назорати кучаяди” – конституциявий комиссия эксперти

Иқтисодиёт 17:03 / 27.02.2023 20980

Қандай ўзгариш киритилиши кўзда тутилмоқда?

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳага кўра, ҳозирги Конституциянинг 122-моддасини қуйидаги тартибда ўзгартириш таклиф этилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан ва маҳаллий бюджетлардан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.

Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиш тартиби ва шакллари қонун билан белгиланади”.

Киритилаётган ўзгаришнинг ижобий жиҳатлари нимада?

Маҳаллада мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш бўйича айрим мурожаатларга тегишли мансабдор шахслар томонидан “режага киритилди, молиялаштириш бўлса бажарамиз” деган жавоблар берилиши ҳеч кимга сир эмас. Ушбу жавобларни олган фуқаролар маҳалладаги муаммоларнинг ечимини йиллаб кутиб турарди. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида янги таҳрирдаги Конституцияга бюджетга оид алоҳида янги модда киритилмоқда. Энг аввало, давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид нормалар ҳам киритилмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиш тартиби ҳам пайдо бўлди. Яъни “ташаббусли бюджет” — аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиёти ўрнатилди.

Ушбу амалиёт орқали аҳоли учун маҳалладаги муаммоларни (йўллар, болалар майдончалар ва ҳ.к.) бюджетга киритиш ва уларни тезлик билан ҳал қилиш имкони яратилди.

“Бюджет устидан жамоатчилик назорати кучаяди”

Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Хайрулло Рўзметов Kun.uz билан суҳбатда нега бу ўзгартириш киритилаётганини тушунтириб берди.

Хайрулло Рўзметов

“Инсон-жамият-давлат тамойили асосида ислоҳатларни давом эттиряпмиз. Шу жиҳатдан инсон манфаатларини таъминлашда бюджет маблағлари катта рўл ўйнайди.

Бу маблағлар фуқароларнинг тўлаган солиқларидан шакллантирилади, агарда бюджет очиқ бўлса ва инсонлар бу жараёнда иштирок этса, уларни қийнаётган масалалар ўз ечимини топиши ҳам осонлашади. Қилинаётган ўзгаришларнинг одамлар манфаатлари учун амалга оширилаётганини тасдиқловчи жиҳатлардан бири ҳам Конституцияга ушбу нормаларнинг киритилаётганлиги ҳисобланади. 

Агар бюджет очиқ ва шаффоф бўлса, одамлар ахборотга эга бўлади. Яъни бюджет қанақа шакллантириляпти, маблағлар нимага сарфланмоқчи, ажратилган пуллар қанчалик мақсадли ишлатилмоқда, мана шу масалаларни фуқаролар назорат қилиб бориши мумкин.

Конституцияга давлат бюджетини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш принисипининг киритилиши яна бир бор фуқароларнинг ўзи шу жараёнда иштирок этсин, чунки маблағ халқники деган маънони англатяпди ва халқпарвар сиёсат олиб борилаётганлигидан далолат беради.

Бундан ташқари, ушбу моддага киритилаётган ўзгаришни бюджет устидан жамоатчилик назорати кучаяди, деб ҳам талқин қилсак бўлади. Кейинги босқичда давлат ташкилотларининг сарфлаётган маблағларини фуқароларга ОАВ орқали кўрсатиб борасизлар, деган маънода қонунларга ўзгартириш ҳам киритилиши мумкин.

Фуқаролар жараён ҳақида ахборотга эга бўлсагина улар таъсир қилишни бошлайди. Адолатни, ноқонуний ишлатилаётган пуллар устидан назоратни талаб қилади. Бу норма бевосита жамоатчилик назоратини кучайтиришга ўзининг таъсирини кўрсатади. Оддий тилда айтганда, бу халқни давлат бошқарувига жалб қилиш усулларидан бири ҳисобланди”, деди Хайрулло Рузметов.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартиришлар давлат бюджетини шакллантириш, уни даромад ва харажат қисмларини белгилаш, ижросини таъминлашда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш, уларга бу жараёнда кенг ва фаол қатнашиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун тегишли ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар ва кафолатлар яратишга имкон беради.

Кўпроқ янгиликлар