“Манзил” Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё йўналиши бўйича олиб бораётган саёҳатининг иккинчи қишлоғи – Лангар отага етиб борди. Бу манзил бизни ХV асрда бунёд этилган масжиди, йил бошида аҳолиси йиғилиб пиширадиган дарвешона оши ва ўзига хос чиройга эга Қапчиғой дараси билан ҳайратга солди.
Лангар ота қишлоғи Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Ҳисор тоғларига туташган ҳудудида жойлашган. Бу масканга асосан асосан Лангар ота қабрини зиёрат қилиш учун боришади. Асл исми Муҳаммад Содиқ Шайх бўлган бу уламо ўз даврининг етук олимларидан ҳисобланган. Қишлоқдаги қадимий масжид Лангар ота ва уларнинг оталари томонидан биргаликда қурилган. Масжид қурилганига кўп вақт бўлган ва реставрация қилинмаган бўлса-да ҳолати анча яхши сақланган. Унинг ичидаги устунлар, мозаикалар, нақшлар темурийлар даври меморчилигини акс эттириб туради. Масжид ҳозирда ҳам фаолият олиб боради.
Қишлоқда бизни ҳайратлантирган ҳолат дарвешона ош тайёрланиши бўлди. Бу удум ҳар йили баҳор келишидан аввал бўлиб ўтар экан. Бу маросимда маҳалла аҳли йиғилиб, тегирмондан ёрма ҳолатда чиқарилган буғдойдан таом тайёрлар ва уни биргаликда, бир дастурхон устида баҳам кўришар экан.
Бу анъана қўни-қўшнилар ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб туриш учун ҳам катта аҳамият касб этади. 7 ёшдан 70 ёшгача ҳамма қатнашиши ҳам маросимнинг энг аҳамиятли қисми экан. Маросимга келиб бамисоли ўзимни болаликка қайтиб қолгандек ҳис қилдим. Буни кўрсатувни кўриб тушунишингиз мумкин.
Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус