“Ўзтрансгаз” 2022 йилда давлат бюджети ва турли фондларга 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ тўлади

Жамият 17:15 / 21.02.2023 8909

“Ўзтрансгаз” АЖ 2022 йилда ишлаб чиқариш жараёнлари учун импорт қилинувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш ҳамда янги инфратузилмалар барпо қилиш ва мавжудларини капитал таъмирлаш, хорижий инвестициялар жалб қилиш борасида қатор ишларни амалга оширди. 

Хусусан, тизим корхоналарида 623, 7 млн сўмлик 31, 5 тонна УОНИ 13/55 маркали электрод ишлаб чиқарилди ва режа 105, 9 фоизга бажарилди.  

Тизимда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш орқали энергия захираларини иқтисод қилиш мақсадида жамиятнинг 17 та объектига умумий қуввати 408 кВт/соат бўлган қуёш фотоэлектр станциялари, 650 та ҳаракатни сезувчи датчиклар ва 2 235 та қуёш панеллари билан жиҳозланган ёритгичлар ўрнатилди. 

Умумий ҳажми 30 500 литр бўлган 157 дона қуёш сув иситиш қурилмалари иссиқ сув таъминотини яхшиламоқда. Натижада 2022 йилда 865 млн кВт/соат электр энергияси иқтисод қилишга эришилди. Хорижий компаниялар иштирокида жалб қилинган сармоялар ҳажми 268, 7 млн АҚШ долларини ташкил этди.  

Бу билан хорижий инвестиция жалб этиш бўйича йиллик режа 161 фоизга адо этилди. Бундан ташқари, республиканинг магистрал газ транспорт тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш дастури доирасида 511 км магистрал газ қувур қурилиши, 10 та газ ҳайдаш агрегатини модернизация қилиш кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 485, 9 млн долларни ташкил қилади.  2022 йилда лойиҳа доирасида 490, 8 км пўлат қувур етказилган бўлиб, шундан 387, 6 км қувур пайвандлаб бўлинди. 156, 5 км қувур реконструкция қилиниб, 221, 8 км янги магистрал тармоқ тортилди. 9, 3 км қувур тармоғи капитал таъмирланди.  

“Ўзтрансгаз” АЖ давлат ва жамият олдидаги мажбуриятини бажариш мақсадида давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондларга жами 3 трлн 23 млрд 199 млн 500 минг сўм пул маблағи тўлаб берди. Шу билан бирга, тизим корхоналарида 144 та янги иш ўрни яратилди.

Кўпроқ янгиликлар