2023 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда бюджет ташкилотларининг бинолари энергия истеъмолининг 30 фоизини йил охиригача, яна 30 фоизини кейинги икки йилда яшил энергияга ўтказиш кўзда тутилмоқда. Энг кўп энергия сарфлайдиган корхоналарга ўз истеъмолининг камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергияга ўтказиш мажбурияти юкланиши мумкин. Давлат органлари ва ташкилотларида 2023 йилда энергия истеъмолининг 30 фоизини яшил энергияга ўтказиш ҳисобига 448,7 млн KWсоат электр энергияси, 2026 йилда эса 60 фоизини ўтказиш ҳисобига ўртача 897,4 млн KWсоат электр энергияси иқтисод қилинади.
Навоий вилоятида бюджет ташкилотларида яшил энергияга ўтиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Жумладан, вилоят ҳокимлиги, вилоят давлат солиқ бошқармаси, ўзи электр энергиясининг “эгаси” бўлган “Навоий ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, таълим муассасалари ҳамда бошқа кўплаб ташкилотлар бинолари том қисмига қуёш панеллари ўрнатилган.
“Навоий ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ходимининг таъкидлашича, жорий йилда вилоят ҳудудидаги шаҳар ва туманларга жами 87 минг кВт қувватдаги қуёш панеллари, қуёш фотоэлектр станциялар ҳамда 102 200 литр ҳажмдаги қуёш сув иситиш қурилмаларини жорий қилиш режалаштирилган.
“Навоий вилоятида тегишли йўл-хариталари ишлаб чиқилиб, қанча қуёш панеллари ўрнатилиши белгилаб олинган. Бу борадаги ишлар режа асосида, тизимли ташкил этилмоқда. Ижтимоий соҳаларда, шаҳар ва туман ҳокимликлари, ИИБ бўлимлари, молия ҳамда давлат солиқ бошқармаларида қуёш панеллари ўрнатилиб, фойдаланиб келиняпти. Ўрнатилган қуёш панеллари ўша ташкилот электр энергия истеъмолининг 30 фоизини қоплаб бермоқда”, — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали етакчи муҳандиси Нарзибек Ҳаитов.
Жорий йилда вилоят ҳудудидаги ҳокимлик биноларига 570 кВт, давлат ташкилотлари ва корхоналарига 1410 кВт, тадбиркорлик субъектларига 6690 кВт, аҳоли ва “темир дафтар”даги хонадонларга 880 кВт, йирик қувватли ташкилотларга 77 450 кВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Шу ва бошқа ишларни амалга ошириш натижасида, йилига ўртача 95,5 млрд сўмлик электр энергияси иқтисод қилинади.