Чилонзорда яна бир маҳалла тадбиркор билан курашяпти. Жамоат мулки қурилиш учун бериб юборилган

Жамият 19:37 / 14.02.2023 22342

Пойтахтнинг Чилонзор тумани Лутфий маҳалласида яшовчи фуқаролардан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Маълум қилинишича, Лутфий 4-тор кўчасида жойлашган уйлар олдидаги болалар майдони ва маҳалла омборхонаси ўрнига тадбиркор кўп қаватли бино қурмоқчи. Маҳаллий аҳоли уйлари олдида олиб борилаётган қурилиш ишларидан норози.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири бу ҳудудга бориб, ҳолатни ўрганди.

“Лутфий” МФЙ фуқаролари Фото: Kun.uz

“Маҳалламизда ҳашар йўли билан қурилган омборхонамиз бўларди. Маҳалла аҳли ундан ўз эҳтиёжлари йўлида фойдаланарди. Қозон-ўчоқлар турарди, тадбирлар бўлганда унинг ичидаги идиш-товоқлардан фойдаланиларди. Ҳозирда бу жой тадбиркор томонидан бузиб ташланган”, дейди “Лутфий” МФЙ раиси Ойбек Ёқубов.

Маълум бўлишича, Лутфий маҳалласи Лутфий 4-тор кўчасида жойлашган майдони 133 кв.м бўлган бино ва унга тегишли ҳудуд 2017 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига асосан “Odil Savdo” хусусий корхонасига компенсация тариқасида ажратилган. Шундан кейин ернинг эгаси бир неча бор алмашган: бирови сотган, бошқаси олган. Ҳудудни 2021 йил 15 сентябр куни 3 қаватли бино қуриш мақсадида Олимжон Рўзматов сотиб олган.

Ҳудудда қурилиш ишлари аллақачон бошлаб қўйилганининг гувоҳи бўлдик. Лекин айни вақтда қурилиш ишлари тўхтатилган.

Қурилиш майдонининг ҳозирги ҳолати Фото: Kun.uz

Мурожаатчилар қурилиш ишлари аҳолининг розилигисиз амалга оширилаётгани ва бошқа эътирозларни билдирди.

Баҳром Нурмуҳаммедов Фото: Kun.uz

“Бу ерга маҳалла аҳли ўз кучи билан болалар майдонини қурган. Лутфий 1-2-3-тор кўчалардаги болаларнинг ҳаммаси келиб, шу ерда ўйнашарди. Тадбиркор келиб, маҳалла аҳлининг эътирозларини инобатга олмасдан, болалар майдончасининг ярмини бузиб ташлади. Бузилгандан кейин ҳудудда экскаваторлар ковлаган чуқурлар қолиб кетди. Бу эса болаларимизга хавф туғдиряпти. Яъни уларнинг ўйнашига шароит қолмади”, – дейди маҳаллада яшовчи Баҳром Нурмуҳаммедов.

Бундан ташқари, одамлар қурилаётган бино остидан катта дренаж қувури ўтгани, тадбиркор буни ҳисобга олмаётганини айтяпти.

Улар низоли ҳудуддаги дарахтларнинг келажагидан ҳам хавотирда.

Қурилиш майдонидаги дарахтлар Фото: Kun.uz

“Ҳудудда 25та баланд дарахт бор. Қурилиш пайтида уларнинг баъзиларига зиён етган. Тадбиркорнинг айтишича, дарахтлар кесилмайди. Агар улар кесилмаса, қурилиш икки ярим метр кўча томонга силжийди. Натижада ер остидан ўтган қувурларга зиён етади. Маҳалла аҳли ундан фойдаланади. Ёмғир сувлари ундан оқади”, дейди маҳаллада яшовчи фуқаро.

Маълум бўлишича, тадбиркор ва маҳалла фуқаролари ўртасида бир неча марта учрашувлар бўлиб ўтган. Низоли ҳудуд тадбиркор томонидан қурилиш учун ўраб олингандан кейин аҳоли кескин норозилик билдириб чиққан ва икки томон ўртасида тортишувлар юзага келган.

Шундан сўнг Чилонзор туман ҳокимлиги мутасаддилари тадбиркордан ҳудудда қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб туришни сўраган.

Биз ҳолатга янада ойдинлик киритиш мақсадида тадбиркор билан боғланишга ҳаракат қилдик. Лекин қайта-қайта қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.

Суриштирувимиз давомида маълум бўлишича, “Лутфий” МФЙ Тошкент туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. 2021 йил 24 ноябр куни маъмурий иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, аризачининг талабини қаноатлантириш рад этилган. Ишни қайта кўрган Тошкент шаҳар маъмурий суди биринчи суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Фуқаролар эса ер олди-сотдисига оид ҳужжатлар ноқонунийлиги, уларнинг номи остида қалбаки имзолар олинганини таъкидлаяпти.

Ҳолат юзасидан Чилонзор туман ҳокимлигига бориб, масъуллардан изоҳ сўраганимизда тадбиркорда барча керакли бўлган ҳужжатлар борлигини  маълум қилди. Шунингдек, мазкур муаммо фақат суд орқали ҳал бўлишини билдирди.

Шерзод Содиқов, Чилонзор туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Фото: Kun.uz

Лутфий маҳалласи фуқаролари ва тадбиркор ўртасидаги келишмовчилик қандай якун топиши ҳозирча номаълум: аҳоли норозилиги сабабли қурилиш тўхтатиладими ёки шаҳар ҳокимининг қарори ўз кучида қолиб, тадбиркор қурилишни давом эттирадими? Буни вақт кўрсатади.

Биз эса воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Бахтиёр Тўхтаев,
Асрор Алмуродов,
Kun.uz

Кўпроқ янгиликлар