Имзоланган ҳужжат банкка аъзо 73 та давлатдан 1 минг 500 дан ортиқ меҳмон иштирок этадиган ЕТТБ йиллик йиғилиши ва бизнес-форумга тайёргарлик кўриш, тадбирларни ўтказиш ва ёритиш бўйича ҳар бир томоннинг аниқ ташкилий вазифаларини белгилайди.
Тадбирнинг асосий мавзуси иқтисодиёт барқарорлигига сармоя киритиш бўлади. Йиғилиш давомида банкка аъзо мамлакатлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга қаратилган муҳокамалар ўтказилиши режалаштирилган. Бизнес-форумда макроиқтисодий вазият, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришда хусусий сектор ва давлатнинг роли, ҳудудлараро муносабатлар, иқтисодий интеграция, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш ва бошқа кўплаб масалалар юзасидан экспертлар иштирокида муҳокама қилинади.
ЕТТБ йиғилишини Самарқандда ўтказиш учун ариза Ўзбекистон томонидан 2019 йилда тақдим этилган. Ўша ЕТТБ делегацияси йиллик йиғилишни мамлакатда ўтказиш имкониятини ижобий баҳолаган.