Англияда рекорд янгиланди. Трансферларнинг сўнгги куни ким қаерга ўтишга улгурди?

Спорт 13:03 / 01.02.2023 42784

Европада қишки трансферлар ойнаси ёпилди.

«Арсенал» Жоржиньони сафига қўшиб олди

«Арсенал» «Челси»дан 31 ёшли яримҳимоячи Жоржиньони трансфер қилди. Томонлар 10 миллион фунтга келишишган (2 млн фунтлик бонуслар ҳам кўзда тутилган). Футболчи билан 2024 йил ёзига қадар шартнома тузилган, муддат яна бир йилга узайтирилиши мумкин. Жоржиньо янги клубида 20-рақамли футболкада тўп суради.

Бу қишнинг энг кутилмаган трансферларидан бири бўлди. Жорий мавсумда чемпионлик учун курашаётган Артета жамоаси майдон марказида янги футболчига эҳтиёж сезаётганди. «Арсенал»да айни вақтда таянч яримҳимоясида Чака ва Парти жуфтлиги ҳаракат қилади. Аммо улардан бири ўйнай олмайдиган тақдирда, бу позицияда ўйнайдиган бошқа футболчи йўқ. Ишончни оқлай олмаган ёш Самби Локонга «Кристал Пэлас»га ижарага берилди (шунингдек, Суареш «Фулҳэм»га, Маркиньос «Норвич»га ижарага берилган), Муҳаммад Ал-Нени эса жароҳат олган. Лондонликлар бу муаммони ҳал қилиш учун узоқ вақт давомида «Брайтон» футболчиси Мойсес Кайседо учун кураш олиб борди - аммо жамоанинг қатор таклифлари рад этилди - «Брайтон» бу футболчисини 70 млн фунтга ҳам сотишга рози бўлмади. Натижада эътиборини Жоржиньога қаратган «канонирлар» керакли позицияни катта бўлмаган маблағ эвазига ёпа олди. Қолаверса, Жоржино ҳужумда ҳам фаол ҳаракат қилади - Артета уни ўз ўйин услубига мос футболчи деб топган.

Футболчининг сўзларига кўра, «Арсенал» бош мураббийи Микел Артетанинг иштироки трансферда ҳал қилувчи омил бўлган: «Мен Артета аввал ҳам бир неча марта мени жамоасига қўшиб олишни хоҳлаганидан хабардор эдим, лекин мен буни истамагани туфайли эмас, бошқа турли сабабларга кўра бу рўй бермаётганди. Албатта, у бу трансферга катта таъсир кўрсатди».

Италиялик яримҳимоячи 2018 йилдан буён «Челси» сафида ўйнаб келаётганди. Кўклар жамоасида Жоржиньо жами 213 ўйинда майдонга тушиб, 29 гол урган ва 9 голга узатма берган. У «Челси» билан Европа Лигасида, Чемпионлар лигасида ва УЕФА Суперкубогини қўлга киритган, шунингдек клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.

Энцо Фернандес «Челси»га ўтди

«Челси» «Бенфика» билан 22 ёшли Энцо Фернандес трансфери бўйича келишувга эришди. Трансфер қиймати 120 миллион еврони ташкил этади. Фернандеснинг Лондон клубига ўтиши АПЛ учун рекорд даражадаги трансферга айланди (бунга қадар бу борада биринчи ўринда «Астон Вилла»дан «Манчестер Сити»га 117 миллион евро эвазига ўтган Жек Грилиш турганди) ва футбол тарихидаги энг қимматбаҳо харидлар олтилигига кирди (2019 йилда Жоау Фелиш «Бенфика»дан «Атлетико»га 127,2 млн евро эвазига, 2018 йилда Коутиньо «Ливерпул»дан «Барса»га 135 млн евро эвазига, Усмон Дембеле 2017 йилда «Боруссия» Дортмунддан «Барса»га 140 млн евро эвазига, 2017 йилда Мбаппе «Монако»дан «ПСЖ»га 180 млн евро эвазига, 2017 йилда Неймар «Барса»дан «ПСЖ»га 222 млн евро эвазига трансфер бўлган).

Аргентиналик яримҳимоячи «Бенфика»га 2022 йил ёзида «Ривер Плейт»дан 10 млн евро эвазига трансфер қилинганди (Аргентина клуби кейинги трансфердан 25 фоизлик улушга эга бўлади). Ўтган ярим мавсумда футболчи португаллар жамоасида 29 ўйинда майдонга тушиб, 4 гол урган ва 7 ассист амалга оширган.

Декабр ойида ушбу яримҳимоячи терма жамоа билан жаҳон чемпионига айланганди. Қатардаги турнир якунида у энг яхши ёш футболчи сифатида тақдирланганди. «Челси»да Жоржиньо кетгач, майдон марказида рақобат камайган. Лекин ёш футболчи янги жамоага мослашиши учун маълум вақт талаб этилади.

Забитцер — «МЮ»да

«Манчестер Юнайтед» ўз сайтида «Бавария»дан яримҳимоячи Марсел Забитцерни трансфер қилганини эълон қилди. Англияликлар клуби 28 ёшли австрияликни мавсум охирига қадар ижарага олган. «Қизил иблислар» Кристиан Эриксен жароҳат олгач («МЮ»нинг уйғонишида катта ҳисса қўшган даниялик футболчи май ойига қадар ўйнай олмаслиги мумкин), майдон марказида унинг ўрнини боса оладиган футболчига эҳтиёж сезаётганди. Забитцер таянч зонасида ҳам, олдинги чизиқда ҳам кучли прессинг уюштира оладиган футболчидир.

Забитцернинг мюнхенликлар клуби билан шартномаси 2025 йил ёзига қадар тузилганди. Аммо у 2021 йилда «Лейпциг»дан «Бавария»га келгач, кучли рақобат туфайли асосий таркибга кира олмади - унинг позициясида Киммиҳ ҳаракат қилади. У асосан захирадан ўйинга қўшилган, октябр ойидан буён бошланғич таркибда ҳаракат қилмаган. Нагелсман уни жароҳат олган Горетцка ўрнида ўйнатишга ҳаракат қилди - аммо бу позиция унга мос эмасди, қолаверса, «Бавария» қанотларда тезкор футболчиларга таянади. 

Жорий мавсумда Забитцер барча турнирлар доирасида 24 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол урди ва 1 голга узатма берди. У Австрия миллий жамоасида 68 ўйинда майдонга тушган. Transfermarkt портали футболчи трансферини 20 миллион еврога баҳолаган. Мавсум якунларига кўра «МЮ» унинг трансферини тўлиқ сотиб олиш бўйича янги музокараларга киришиши ҳам мумкин.

«Бавария» «Манчестер Сити» ҳимоячиси билан кучайди

 

«Манчестер Сити» ҳимоячиси Жоау Канселу мавсум охирига қадар «Бавария»га ижарага берилди. Келишувга кўра «Бавария» мавсум охирида ушбу португалиялик футболчини 70 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Футболчи немислар клубида 22-рақамли футболкада ҳаракатланади.

Жорий мавсумда 28 ёшли Канселу «шаҳарликлар» сафида 17 ўйинда майдонга тушиб, 2 гол урди ва 1 ассист амалга оширди. Қишда бош мураббий Пеп Гвардиола билан зиддиятга борган футболчи «Манчестер Сити»нинг асосий таркибидаги ўрнини йўқотди.

Барчаси Канселу жаҳон чемпионатидан қайтгач бошланди. Ўтган вақт ичида «Сити» 10 ўйин ўтказди, Жоау эса фақат уч ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушди, АПЛ доирасида «Челси»га қарши ўйинда (1:0) танаффусда алмаштирилди, Лига кубогида «Саутҳемптон»га қарши ўйинда (0:2) тўлиқ ўйнади, АПЛда «МЮ»га қарши ўйинда (1:2) тўлиқ ўйнади. Икки ўйинда иккинчи бўлимларда захирадан ўйинга қўшилди - «Лидс»га қарши АПЛ ўйини (1:0) ва «Челси»га қарши Англия Кубоги ўйини (4:0).

Мураббий уни одатий чап қанотидан ўнг қанотга ўтказди (футболчи доимий равишда мураббий турадиган қанотда югурди ва ундан танбеҳлар эшитиб турди). Унинг қанотида эса мураббий 18 ёшли Рико Люисни ўйнатмоқда.

Навас «Ноттингҳем Форест»га ижарага берилди

Инглизлар клуби расмий сайтида «ПСЖ»нинг 36 ёшли дарвозабони Кейлор Навас трансфер қилингани ҳақида маълумот берилди. Костарикалик посбон «Ноттингҳем Форест»да мавсум якунига қадар ижара асосида ўйнайди. Айни вақтда АПЛда 13-ўринда бораётган бу жамоанинг асосий дарвозабони Дин Ҳендерсон жароҳат олиб сафдан чиққан.

Жорий мавсумда Навас «ПСЖ»да Франция Кубоги доирасида икки ўйинда майдонга тушди, чемпионатда эса бирор ўйинда иштирок этмади. Transfermarkt портали футболчи трансферини 5 миллион еврога баҳолаган.

Торган Азар «ПСВ»га ўтди

Дортмунднинг «Боруссия» клуби яримҳимоячиси Торган Азар мавсум охирига қадар ижара асосида «ПСВ» клубида тўп суради..

Нидерландлар клубида ушбу 29 ёшли футболчи трансфер ҳуқуқини сотиб олиш ҳуқуқи йўқ.

Жорий мавсумда Азар «Боруссия» сафида 21 ўйинда майдонга тушиб, битта гол урган. Transfermarkt унинг трансфер баҳосини 9 миллион евро этиб белгилаган.

Қолган трансферлар

Мэтт Доэрти («Тоттенҳэм» – «Атлетико», эркин агент)

«Тоттенҳэм»нинг яна бир ўнг қанот ҳимоячиси «Атлетико»га ўтди. 31 ёшли Доэрти Антонио Контега кераксиз бўлиб қолди ва  майдонга шунчаки бошқа футболчи йўқлиги учун тушаётганди. Аммо лондонликлар 45 млн еврога Педро Поррони сотиб олишди – ва ирландиялик футболчига жавоб берилди (бу «Атлетико» тарихидаги илк ирланд футболчи). Доэрти бу клубга ўтиш олдидан «Тоттенҳэм» билан шартномани бекор қилди. Аввалига ижара масаласи муҳокама қилинаётганди, аммо «шпорлар»да АПЛдан ташқарида ижарага берилган футболчилар сони 8 нафарга етиб бўлганди, бу эса ФИФА қоидаларига кўра максимум миқдор эди.

Флориан Товен («Тигрес» – «Удинезе», эркин агент)

2021 йилда ушбу француз «Тигрес» сафига бориб қўшилганди, аммо унинг Мексикадаги саргузаштлари якунланди – у бу ерда икки мавсум ўйнади. Яқин вақтларгача «Марсел» сафида кўплаб голлар урган Товен энди 30 ёшда. Француз бунга қадар Европанинг бошқа лигасига фақат бир марта чиққанди – у 2015/16 йиллар мавсумида «Ньюкасл» аъзоси бўлган, аммо бу ерда унинг ишлари юришмаганди.

Диего Льоренте («Лидс» – «Рома», ижара)

Испаниялик футболчи 2020 йил ёзидан буён «Лидс»да ўйнайди, аммо Марсело Бьелса кетгач, асосий таркиб ҳимоячилари сафидан чиқиб қолди (жорий мавсумда АПЛда атиги 8 ўйин). Энди у Жозе Моуриньо билан ишлайди – ушбу мутахассис АПЛда ўйин амалиётига эга бўлган марказий ҳимоячиларни афзал кўради.

Ҳамид Траоре («Сассуоло» – «Борнмут», 30 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара)

АПЛга яна бир ҳужумкор яримҳимоячи келди. 22 ёшли ивуарлик тўртинчи йилдирки барқарор ўйин намойиш этмоқда ва уни «Борнмут» ўз сафига чақиргани бежиз эмас. Шу билан бирга, ёш бўлишига қарамай, Траоре кучли ўсишга эришмаяпти, айниқса бу мавсумда унинг натижалари пасайган – А Серияда 11 ўйинда 3 ассист.

Терем Моффи («Лорьян» – «Ницца», 30 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара)

23 ёшли нигериялик форвард «Лорьян»нинг энг яхши тўпурари эди (18 ўйинда 12 гол, Лига 1 да бу борада фақат Мбаппе ундан олдинда). У юқори тезликка эга таран форвард саналади.

Ҳарри Суттар («Сток» – «Лестер», 17 млн евро)

Трансфер шуниси билан қизиқарлики, «Лестер», афтидан, Суттарга 2022 йилги жаҳон чемпионатидаги ўйинлари туфайли қизиқиб қолган – 24 ёшли австралиялик марказий ҳимоячи Қатардаги турнирда тўпни узоқлаштириш ва ҳаводаги дуэлларни ютиш бўйича энг яхши натижа қайд этганди. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ, чунки у 198 см бўйга эга. У «Сток» сафида Чемпионшипнинг 2022/23 йилги мавсумида фақат 7 ўйинда майдонга тушганди. 

Жонжо Шелви («Ньюкасл» – «Ноттингҳем Форест», 8 млн евро)

«Ливерпул»нинг собиқ футболчиси ва «Ньюкасл»да кўп йиллар етакчи бўлган Шелви бу мавсумда бошланғич таркибда ўйнамай қўйди ва АПЛда фақат уч ўйинда қатнашди – уни «Ньюкасл» фанатлари нафақат тақирбоши учун, балки етти йил давомидаги садоқати учун ҳам қадрлашади (клуб Чемпионшипга тушиб кетганида ҳам у жамоада қолганди). Аммо у ҳали 30 ёшда – ва Жонжо захира ўриндиғида ўтирмоқчи эмас. Шу туфайли «Форест»га йўл олди.

Иля Забарний («Динамо» Киев – «Борнмут», 22,5 млн евро)

Европанинг кучли лигаларида яна бир украиналик пайдо бўлди – афтидан, Украина термасида кучли авлод етилиб келмоқда. АПЛнинг ўзида тўртинчи украиналик футболчи – бунгача Зинченко («Арсенал»), Миколенко («Эвертон») ва Мудрик («Челси») Англияга келганди. Марказий ҳимояда ўйнайдиган Забарний ҳали 20 ёшда, у миллий жамоада 24 ўйин ўтказиб улгурган, унга Европа клублари кураш бошлаганди – у эса дарҳол АПЛ клубига ўтиб қўяқолди.

Фелипе («Атлетико» – «Ноттингҳем Форест», 2,3 млн евро)

33 ёшли марказий ҳимоячи «Порту»дан «Атлетико»га ўтиб, Испанияда 3,5 мавсум ўйнади – аммо сўнгги йил унинг учун муваффақиятсиз кечди. Аввал бразилиялик футболчи доимий равишда майдонда бўларди, 2022/23 йиллар мавсумининг биринчи қисмида эса Ла Лигада атиги уч ўйинда иштирок этди. Энди у АПЛда «Форест»га ёрдам беришга ҳаракат қилади.

Филипп Макс (ПСВ – «Айнтрахт», ижара)

Чап қанот ҳимоячиси Нидерландияда 2,5 йилни ўтказиб, яна Германияга қайтмоқда: 29 ёшда бўлган Максни «Айнтрахт» ижарага олди. У бир вақтлар Германия миллий жамоасига номзод эди, аммо кейин унинг фаолиятида жиддий ўсиш рўй бермади.

Эктор Беллерин («Барселона» – «Спортинг», ижара)

Эктор Беллерин ҳамон «Барселона» аъзоси ва январда жамоада икки ўйин ўтказишга ҳам улгурди (Испания Кубогида учинчи лига жамоасига қарши ўйинлар). Эктор ҳозир 27 ёшда. Мавсум охирига қадар у «Спортинг»да ўйин амалиётига эга бўлиб, формасини тиклаши мумкин.

Педро Порро («Спортинг» – «Тоттенҳэм», 45 млн евро)

«Тоттенҳэм» январ ойи бошидан буён ушбу испаниялик латерални сафига қўшиб олиш учун ҳаракат қилиб келаётганди, аммо лондонликлар узоқ вақтгача «Спортинг» билан нарх борасида келиша олмади. У Конте тизими учун идеал футболчи – уч марказий ҳимоячи билан ўйналадиган тизимдаги латерал.

Камал Сулейман («Ренн» – «Саутҳемптон», 25 млн евро)

Ушбу ганалик вингернинг тўлиқ исми – Камалдин ва у АПЛ клубларига хос типик (кўп ўйланмаган) инвестициядир: кучли бешлик лигаларида бир ярим мавсумда атиги 34 ўйин ўтказган футболчи учун 25 миллион евро тўланмоқда. Ўтган мавсумда Сулейман бошланғич таркибда деярли ўйнамаган, бу мавсумда эса майдонда ўртача 20 дақиқа ҳаракат қилмоқда. Лекин у машҳур Right to dream академияси тарбияланувчиси ҳисобланади.

Витинья («Брага» – «Марсел», 32 млн евро)

Франция чемпионатида Витиньялар сони яна биттага кўпайди – 22 ёшли форвард «Брага»дан «Марсел»га француз клуби учун рекорд суммага трансфер қилинди. У фақат сўнгги бир ярим мавсумда юқори даражада тўп сурмоқда, аммо Португалия чемпионатидаги 41 ўйинда у «гол+пас» тизимида 14+4 кўрсаткичи қайд этган (ҳар икки мавсумда 7+2, бу мавсум ярмидаёқ ўтган мавсумдаги самарадорлик қайд этилган). У Португалия терма жамоасининг ЖЧ-2022 учун кенгайтирилган таркибига ҳам киритилганди, аммо якунда турнирга олиб кетилмади.

Амалга ошмай қолган трансферлар

Зиёшнинг «ПСЖ»га трансфери сўнгги дақиқаларда барбод бўлди

Инсайдер Фабрицио Романога кўра, 29 ёшли яримҳимоячи Ҳаким Зиёшнинг «Челси»дан «ПСЖ»га ўтиши дедлайн арафасида блокланиб қолган. Футболчи тиббий кўрикдан ўтиш учун Парижга учиб бўлганди, аммо томонлар трансфер бўйича келишишга улгуришмади. Дастлабки маълумотларга кўра — лондонликлар клубининг бепарволиги туфайли, улар ҳужжатларни бир неча бор хатолик билан юборишган.

CBS журналисти Бен Жейкобснинг хабар беришича, бугун парижликлар бу масалада Франция лигасига мурожаат қилишга уриниб кўришади, бироқ муваффақият эҳтимоли паст.

Зиёш «Челси» сафида жорий мавсумда 15 ўйинда майдонга тушиб, 1 голга узатма берди. У декабрда Марокаш миллий жамоаси билан Қатардаги жаҳон чемпионатида 4-ўринни эгаллаганди. Transfermarkt унинг трансферини 20 миллион еврога баҳолаган.

Озмуннинг «Марсел»га ўтиши амалга ошмади

«Байер» ҳужумчиси Сардор Озмун «Марсел»га ўта олмади. Sport24 маълумотига кўра, французлар клуби бошқа футболчини афзал кўришгани учун ушбу трансфер амалга ошмай қолган.

Аввалроқ 28 ёшли эронлик агар «Марсел»га ўта олмаса, Россия чемпионатига қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Жорий мавсумда Озмун барча турнирлар доирасида 13 ўйинда майдонга тушиб, икки голга ҳаммуаллифлик қилган.

Кўпроқ янгиликлар