Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилади

Спорт 11:48 / 12.01.2023 18140

Вазирлар Маҳкамасининг “Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Олимпия ва паралимпия марказлари – бу ўрта ва профессионал давлат спорт-таълим муассасаси. Уларнинг фаолияти юқори малакали мутахассислар ва спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш учун спорт захирасини тайёрлашга йўналтирилади.

2022/2023 ўқув йилида Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг ўқувчи-спортчилари сони 750 нафарни, ҳудудий марказларнинг ўқувчи-спортчилари сони 600 нафарни ташкил этади. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Республика марказининг ўқувчилари сони 600 нафарни, ҳудудий марказларнинг ўқувчилари сони – 450 нафарни ташкил этади.

Марказларда ўқувчилар ва улар ходимларини қисқартириш натижасида бўшаб қоладиган бюджет маблағлари ушбу марказлар спортчиларини озиқ-овқат билан таъминлашни янада яхшилаш ва тренерларни рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Олимпия ва Паралимпия коллежлари ва марказларига умумий ўқувчи-спортчилар сонига нисбатан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тавсиясига асосан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ўқувчи-спортчилар учун 10 фоизгача қўшимча квоталар белгиланади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди: Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари рўйхати; Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари тўғрисидаги низом; Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларига ўқувчиларни қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ўқишини кўчириш тартиби тўғрисидаги низом.

Кўпроқ янгиликлар