Шавкат Мирзиёев янги тайинланган элчиларни қабул қилди

Ўзбекистон 15:39 / 24.11.2022 3409

Бугун, 24 ноябрь куни хорижий давлатларнинг мамлакатга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея элчиси Ким Хи Санг, Қирғизистон элчиси Муса Жаманбаев, Жазоир элчиси Бумедиен Геннад, Қозоғистон элчиси Бейбут Атамкулов, Америка Қўшма Штатлари элчиси Жонатан Хэникдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Давлат раҳбари янги тайинланган элчиларни самимий қутлаб, Ўзбекистонда дипломатик миссиясини бошлагани билан табриклади.

– Биз келгуси 10 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини икки баробарга оширишни мақсад қилиб қўйганмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бунинг учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, интилиш ва имкониятлар ҳам етарли. Бундай улуғвор марраларга эришиш учун сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этишни ҳисоб-китоб қилганмиз. Мамлакатимиз эшиклари жаҳон учун, дунё бозорлари эса юртимиз учун очиқ бўлиши керак.

Давлат раҳбари янги элчилар вакиллари бўлган давлатлар билан ҳар томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Корея Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири. Давлатлараро муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Охирги беш йилда мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми икки баробар кўпайган, бу йил эса 30 фоизга ўсиб, 2 миллиард долларга етган.

2023 йилда Ҳукуматлараро комиссия навбатдаги йиғилиши ва Ўзбекистон-Корея бизнес форуми ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирлардан ҳамкорлик янги йўналишларини топиш ва ривожлантириш учун самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Қирғизистон элчисига мурожаат қилар экан, давлат раҳбари ўзбек ва қардош қирғиз халқи тарихи ва анъаналари муштарак бўлган яқин қўшнилар эканини қайд этди. Йил бошидан буён мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи 30 фоизга ошиб, 1 миллиард долларга етган.

Минтақавий инфратузилма лойиҳалари, жумладан, Қамбар-ота гидроэлектр станцияси ҳамда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темирйўли қурилиши бошлангани ҳам дўст халқлар умумий манфаатларига хизмат қилади. Ўзбекистон президентининг келгуси ойда Қирғизистонга бўлажак ташрифи икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.

Жазоир – араб-мусулмон оламида жадал ривожланиб бораётган мамлакат. Бугунги кунда давлатлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилмоқда, парламентлараро дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари самарали фаолият олиб бормоқда. Мамлакат раҳбари муштарак қадриятлар ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларга тизимли тус бериш вақти етганини таъкидлади. Нефть ва газ, тоғ-кон, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, сайёҳлик соҳалари шериклик истиқболли йўналишлари ҳисобланади.

Икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида келгуси йили Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг илк йиғилишини ҳамда “Made in Uzbekistan” саноат кўргазмасини ўтказиш таклифи билдирилди.

Қозоғистон асрлар давомида қалин дўст ва ён қўшни, стратегик ҳамкор ва яқин иттифоқчи. Устувор соҳаларда 3 миллиард 500 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзаро савдо ҳажми йил бошидан буён 20 фоизга ортиб, 4 миллиард долларга яқинлашган. Декабрь ойи бошида Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи давлатлараро муносабатларда янги даврни бошлаб беришига ишонч билдирилди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг глобал миқёсдаги энг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Бу йил давлатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгани ўттиз йиллиги ҳамда Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзолангани йигирма йиллиги нишонланди. Давлат раҳбари ўзаро стратегик шериклик янги шароитида Ўзбекистон савдо ва инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, энергетика, таълим, инновация, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг яқинда бўлиб ўтган биринчи йиғилишида Америка компаниялари вакиллари ҳам қатнашгани янги лойиҳаларга йўл очишига ишонч билдирилди. Шунингдек, “С5+1” форматидаги кўп томонлама ҳамкорликни ҳамда Афғонистон бўйича мулоқотларни изчил давом эттириш минтақамизнинг умумий барқарорлигига хизмат қилиши таъкидланди.

Маросим якунида Ўзбекистон президенти элчилар масъулиятли ва шарафли фаолиятига катта муваффақиятлар тилади. Мамлакат билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳали ишга солинмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш, янги “ўсиш нуқталари”ни топиш борасида фаол ва ташаббускор бўлишга чақирди.

Кўпроқ янгиликлар