Донбассдаги вазият: Россия қўшини оғир жанглар билан Лисичанскка яқинлашмоқда

Жаҳон 18:44 / 23.06.2022 30737

23 июн куни Британия разведкаси 19 июн кунидан буён россиялик ҳарбийлар Луганск областидаги Украина назоратида қолаётган сўнгги йирик шаҳар бўлмиш Лисичанск томон беш километрдан ортиқ масофага илгарилагани ҳақида хабар берди.

«Айрим украин бўлинмалари чекинган, катта эҳтимол билан улар қуршовдан қутулиб қолишган. Бу секторда Россиянинг позицияси яхшиланиши, катта эҳтимол билан яқинда келиб қўшилган қўшимча кучлар ва ўт очишнинг юқори концентрацияси самараси бўлди», дейилади пайшанба тонгида берилган ҳисоботда.

Россия қўшини Лисичанскка жанубдан киришга ҳаракат қилмоқда: бу ҳолатда улар қаршилик кўрсатишда давом этаётган Северодонецкка ўтиш учун Шимолий Донни кечиб ўтишига ҳожат қолмайди. Украин кучлари Северодонецк шаҳрида фақатгина «Азот» кимёвий заводи ҳудудини ўз қўлида сақлаб турибди.

Ҳозирча тўлиқ қуршов эмас

Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай 23 июн тонгида катта қисми россиялик ҳарбийлар томонидан эгаллаб бўлинган региондаги вазиятни «ҳаддан ортиқ оғир» деб атади. Гайдайнинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар «барча резервлар»ни Северодонецкни штурм қилишга ҳамда Лисичанск ва Северодонецкдан жанубда жойлашган Золотое — Тошковка йўналишида олдинга юриш учун ташлаган.

Бу районда, Гайдайнинг сўзларига кўра, россияликлар 22 июн куни аввалроқ эгалланган Тошковкадан юриш қилиб, Лоскутовка ва Рай-Александровка аҳоли пунктларини эгаллаган. Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) харитасига кўра, россияликлар бу аҳоли пунктларига киришгач, Украина армияси назоратидаги Золотое ва Горское шаҳарлари қарийб қуршовда қолган.

Украина Бош штаби ҳам россиялик ҳарбийлар Луганск областидаги Лоскутовка ва Рай-Александровка посёлкаларини эгаллаб олганини тасдиқлаган. Бу шуни англатадики, Россия армияси Лисичанскдан жанубда жойлашган Золотое ва Горское шаҳарларида мудофааланаётган Украина қуролли кучлари қисмларини қуршаб олиш мақсадига яқинлашган.

Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» кучлари иддао қилишича, бу шаҳарлардаги украин гуруҳи «тўлиқ қуршов» ҳолатида, Россиядаги ҳукуматпараст нашрлар эса бу ҳудудда уч минггача украин ҳарбийлари борлигини ёзган. Аммо Кремл таъсиридаги ҳарбий корреспондентлар мазкур ҳудуддан эълон қилган видеолар украин қўшини катта эҳтимол билан ўз позицияларини жангсиз тарк этганини кўрсатади. Ҳозирча россиялик ҳарбийлар ушбу ҳудудда ҳимояланган гуруҳлардан бирортасини қуршаб олгани маълум эмас. «Фокус» нашри ҳам ўз манбасига асосланиб Золотоедаги ҳарбийлар олиб кетилганини хабар қилган.

24 февралга қадар Золотое шаҳри украиналик ҳарбийлар ва россияпараст айирмачилар ўртасидаги туташув чизиғида жойлашганди. Гайдайнинг сўзларига кўра, Золотоедаги мудофаа истеҳкомлари 2014 йилдан буён ўққа тутиб келинади, кенг кўламли уруш бошлангач эса «бу ерга Россияда бор нарсаларнинг барчаси уча бошлаган…», фосфорли ўқ-дорилардан тортиб авиазарбаларгача, шу туфайли қўмондонлик ҳарбий хизматчилар ҳаётини сақлаб қолиш учун «янги мудофаа чизиғига ўтиш»га буйруқ берган бўлиши мумкин.

Сергей Гайдай Украина қуролли кучлари ҳамон Северодонецкдан жануби-ғарбда, Шимолий Дон дарёсининг шарқий соҳилидаги ҳудудларни ҳамон ўз назоратида сақлаб қолаётганини айтган. Бу шуни англатадики, украин ҳарбийлари ҳозирча Лисичанск - Северодонецк ҳудудида тўлиқ қуршаб олинмаган.

Британ ҳарбийлари баҳоларига кўра, РФ армияси босимни янада кучайтириб, бир неча кун ичида Лисичанск шаҳри чеккасига етиб келади. Ҳозирда Лисичанскка жанубдан ёндош жойлашган Белая гора посёлкаси ҳудудида жанглар кетмоқда. Сергей Гайдай Лисичанскни Бахмут билан боғлайдиган «ҳаёт йўли» доимий ўққа тутилаётгани туфайли ундан фойдаланиш имкони йўқлигини маълум қилган, аммо Лисичанскдан бошқа йўллар билан «кишибилмас эвакуация» давом этаётганини билдирган (катта эҳтимол билан, шимоли-ғарбда Северск шаҳри орқали ўтган йўл назарда тутилган). Лисичанскнинг ўзида, унинг сўзларига кўра, сўнгги бир кунда отишмалар оқибатида уч киши яраланиб, бир киши ҳалок бўлган.

Лисичанск мунтазам равишда ўққа тутилмоқда. Фото: Reuters

Шу билан бирга, Британия мудофаа вазирлиги Россиянинг Донецк области ғарбини эгаллаш учун кенг кўламли юриш қилиш бўйича ҳаракатлари муваффақиятсизликка учраб, «тўхтаб қолгани»ни қайд этган.

Россия ҳарбийлари Северодонецк яқинида (бу ерда «Азот» заводида ҳимояланаётган украин ҳарбийлари билан қақшатқич жанглар кетмоқда) шаҳар типидаги Сиротино посёлкасини қамал қилмоқда. Бундан ташқари, Украина бош штабига кўра, РФ армияси Северодонецк ва Лисичанскни ажратиб турган Шимолий Дон дарёсини кечиб ўтишга ҳозирланмоқда.

Лисичанскдаги вайрон бўлган маданият саройи. 2022 йил 17 июн
Aris Messins / AFP / Scanpix / LETA

«Рақибнинг тинкасини қуритишга уриниш»

Миллий стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси Николай Белесковнинг ҳисоблашича, Лисичанскка қўшни бўлган Северодонецкнинг олиниши Россия учун стратегикдан кўра сиёсий муваффақият бўлади, чунки Россия қўшинида Донбассда катта қуршов ҳосил қилиш ва муваффақиятни ривожлантириш учун шунчаки куч етишмайди.

«Тушунишимча, Северодонецкни ушлаб туришдан мантиқ шундай: руслар айнан шу ерга ҳужум қилар экан, бу биз «Азот» комплексига таяниб, урбанизациялашган ҳудудда туриб ўзаро жангларда, уларни ҳатто артиллерия қўллаб-қувватлаб турган ҳолатда ҳам русларни максимал даражада ҳолдан тойдиришга уринишимиз бўлади», деган у Украинанинг УНИАН агентлигига.

«Яъни бизнинг ҳарбийлар Северодонецкни эгаллашга уринишлари, у ерга барча куч ва воситалар йўналтирилиши, ҳатто фронтнинг бошқа участкаларидан кучлар олиб келиб ташланиши фактидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу икки томондан юзма-юз қирғинбарот. Эҳтимол, ҳарбий нуқтайи назарга кўра чиндан ҳам позицияни ташлаб кетиш тўғри бўлади, аммо бошқа томондан олганда, биз шу ерда қолиб узоққа боришимиз мумкин», деган Белесков.

Северодонецкдаги «Азот» заводида чиққан ёнғин. 2022 йил 18 июн
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA

Таъминот линияси

Бош штабнинг тасдиқлашича, россиялик ҳарбийлар Украина ҳарбийлари таъминоти учун ўта муҳим бўлган Бахмут-Лисичанск трассасини ўққа тутишдан тўхтамаяпти, шунингдек Бахмут йўналишида ҳужум қилинмоқда. Улар бу йўналишга Марказий ҳарбий округдан битта батальон-тактик гуруҳини ташлаган.

Америка Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) 22 июн куни фронтдаги вазиятга бағишлаб эълон қилган ҳисоботида россиялик ҳарбийлар яқин кунлар ичида катта эҳтимол билан Лисичанскка етиб келиши, аммо тезда бутун Лисичанск - Северодонецк ҳудудини эгаллашнинг имкони бўлмаслиги айтилган.

Лисичанск аҳолиси ертўла ва бошқа бошпаналарда зарбалардан бекинмоқда. Фото: Reuters

ISW хабарида айтилишича, россиялик ҳарбийлар Шимолий Дон дарёсининг ғарбий соҳили бўйлаб жанубга силжишга ҳаракат қилмоқда ва чоршанба куни бу йўналишда «маълум муваффақиятларга эришилган».

ISW хабар қилишича, россиялик ҳарбийлар Бахмут-Лисичанск трассасини назоратга олишга интилмоқда, аммо 22 июн куни давомида ушбу йўналишда илгарилаш кузатилмаган.

Бундан ташқари, РФ армияси Бахмут ҳудудида фаоллашишга уринмоқда, бу орқали Лисичанскка яна бир йўналиш бўйлаб яқинлашиш, украинларнинг таъминот линиясини кесиб қўйиш ва бутун ҳудудни назоратга олиш мўлжалланган.

Кўпроқ янгиликлар